Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистондаги техникумлар кадрлар тайёрлаш учун тадбиркорларга 15 йилга берилади



Улашинг :


Ўзбекистонда ҳар бир ҳудуддаги 2−3 та техникумни тадбиркорларга 15 йил муддатга бошқарувга бериш режалаштирилмоқда. Улар ҳар йили маҳаллий ва хорижий меҳнат бозори учун камида 30 минг нафар мутахассис тайёрлаши керак бўлади. 2027 йилда иккита халқаро рекрутинг компаниясини жалб этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишда хусусий бизнеснинг касбий таълимдаги иштирокини кенгайтириш ва фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш учун халқаро рекрутинг компанияларини жалб этиш режалари ҳақида маълум қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, қурилиш, саноат ва логистика соҳаларида малакали ишчиларга талаб мамлакат ичида ҳам, халқаро меҳнат бозорида ҳам ошиб бормоқда. Бироқ кадрлар тайёрлашнинг мавжуд тизими иш берувчилар эҳтиёжларига ҳозирча тўлиқ жавоб бермаяпти.

Президент вазиятни ўзгартириш учун тадбиркорларни техникумларни бошқаришга фаолроқ жалб этиш, шунингдек, таълим муассасаларининг хорижий компаниялар билан тўғридан тўғри ҳамкорлигини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида иккитадан учтагача техникумни йирик тадбиркорлар бошқарувига бериш режалаштирилмоқда. Бошқарув муддати 15 йилни ташкил этади. Ушбу ўқув муассасалари орқали ҳар йили ўқишни тугатгач, дарҳол ишга киришишга тайёр бўлган камида 30 минг нафар мутахассис тайёрлаш кўзда тутилган. Битирувчилар давлат намунасидаги малака сертификатларини олади.

Президент мисол тариқасида пойтахтнинг Сергели туманида жойлашган Тошкент қувур заводини келтирди. Корхона ўз усталарини жалб қилган ҳолда ҳар йили 2500 нафар пайвандчи, электрик ва чилангар тайёрлаш ташаббуси билан чиққан.

Бизнесни рағбатлантириш учун солиқ ва молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари назарда тутилмоқда. Жумладан, тадбиркорлар кадрлар тайёрлаш ва техникумларни жиҳозлаш билан боғлиқ харажатларни солиқ солинадиган базадан чегириб ташлаши мумкин бўлади.

Шунингдек, хорижда юқори маошли ишга муваффақиятли жойлашган ҳар бир битирувчи учун грант ажратиш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Грантлар миқдори ва уларни тақдим этиш тартиби ҳозирча аниқлаштирилмаган.

Таълим муассасалари мутахассисларни муайян бўш иш ўринлари учун тайёрлаш мақсадида хорижий иш берувчилар билан бевосита ҳамкорлик қилади.

«Мен ишонаман: чемпион тадбиркорларимиз чет элда «ўзбек мутахассислари бренди»ни яратишда ҳам давлатга кўмакчи бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент йиғилишда сўзга чиқиб, амалдаги касбий таълим тизими самарадорлигини танқид қилган эди.

«Барча вилоятларда катта биноларни эгаллаб турган техникумлар бор. Улар мамлакат ва халққа қандай наф келтиряпти? Техникум директорлари катта маош олади, аммо натижалар қани?» — деди давлат раҳбари, деб хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Мирзиёев ёшларни мактабни тамомлагунига қадар талаб юқори бўлган касблар ва хорижий тилларга ўргатиш зарурлигини таъкидлади.

Президент алоҳида топшириқ бериб, бир ой ичида таълим дастурлари 2027 йилдан бошлаб хорижий иш берувчилар талабларига мослаштириладиган 20 та техникумни танлаб олишни топширди. Йиғилишда айтилган маълумотларга кўра, Германия, Япония ва Жанубий Кореянинг йирик компаниялари ўзларига керакли мутахассисларни бевосита Ўзбекистонда тайёрлашдан манфаатдор.

Ўзбекистонга иккита йирик халқаро рекрутинг компанияси жалб қилинади

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Мирзиёев халқаро меҳнат бозорида йирик рекрутинг компаниялари иш берувчилар ва малакали мутахассислар ўртасида муҳим боғловчи бўғинга айланганини таъкидлаган.

Давлат раҳбари шундай ташкилотлар Ўзбекистонда мустақил равишда мутахассислар тайёрлаши ва уларни тўғридан тўғри хорижга ишга жойлаштириши учун шароит яратишни топширди. 2027 йилда иккита йирик халқаро рекрутинг компанияси фаолиятини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.

Йиғилишда, шунингдек, 2026 йилда 34 та мамлакатда Ўзбекистоннинг 287 минг нафар фуқаросини ишга жойлаштириш имкониятлари аниқлангани маълум қилинди.

Президент таъкидлашича, аҳоли мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида етарлича хабардор эмас. Бундан ташқари, Миграция агентлигининг «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмаган.

«Шу боис, мазкур тизимни ҳам ўзгартирамиз. Миграцияда бизга рақам эмас, сифат керак!» — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент хориждаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни ҳар бир маҳаллага етказишни топширди.

Иш берувчининг ҳар бир буюртмаси бўйича мутахассисларга қайси мамлакатда талаб борлиги, қандай малака талаб этилиши, қайси тилларни билиш зарурлиги ва қаерда тайёргарликдан ўтиш мумкинлигини кўрсатиш керак.

«Маҳалла еттилиги» фуқароларни бу имкониятлар ҳақида хабардор қилади ва хорижда ишлаш истагида бўлганлар ҳақидаги маълумотларни «Онлайн-маҳалла» платформасига киритади.

Ҳокимлар ва масъул идоралар номзодларни касбий ва тил бўйича тайёрлаш, шунингдек, уларни кейинчалик ишга жойлаштириш учун жавоб беради. Вилоят ҳокимларига бу иш натижаларини ҳар ойда, туманлар раҳбарларига эса ойига икки марта кўриб чиқиш топширилди.

Тадбиркорларнинг касбий таълимдаги иштирокини кенгайтириш масаласи аввал ҳам муҳокама қилинган. 2026 йил июнь ойида президент хусусий касбий таълимни ривожлантириш бўйича таклифларни кўриб чиққан.

Ўшанда халқаро стандартлар асосида фаолият юритаётган таълим ва баҳолаш марказлари сонини уч йил ичида 50 тадан 200 тага етказиш режалаштирилаётгани маълум қилинганди. Хусусий касбий таълим билан қамраб олинадиганлар сонини эса йилига 45 мингдан 500 минг нафарга ошириш кўзда тутилган.

Бунинг учун 300 дан ортиқ таълим дастурини қайта кўриб чиқиш, мингдан зиёд ўқитувчи ва усталарнинг малакасини ошириш, шунингдек, Бандлик жамғармасидан 500 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган.

Хусусий ўқув марказларини қўллаб-қувватлаш чоралари қаторида имтиёзли кредитлар бериш, ускуналар хариди ва хорижий ўқитувчиларни жалб қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш, шунингдек, бўш турган давлат биноларини тақдим этиш таклиф қилинган.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

03 11 2026 / 11:13