Шавкат Мирзиёев 55 та лойиҳани
ишга тушириш ва яна 90 та лойиҳа қурилишини бошлаш маросимида иштирок
этди. 145 та лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 8 млрд долларни ташкил
этади. Улар нефть-кимё, тўқимачилик саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги,
уй-жой қурилиши ва туризм соҳаларини қамраб олади.
Шавкат
Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи доирасида янги объектларни ишга тушириш
ва истиқболли лойиҳалар қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди,
дея хабар қилди Президент матбуот хизмати.
Дастур
нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, машинасозлик, энергетика,
тоғ-кон саноати, фармацевтика, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ
хўжалиги, озиқ-овқат, уй-жой қурилиши, инфратузилма, хизмат кўрсатиш
ва туризм соҳаларида умумий қиймати 7,8 миллиард доллар бўлган 145
та лойиҳадан иборат. Шундан 654 миллион долларлик 55 та лойиҳа ишга
туширилмоқда, қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган яна 90 тасининг қурилиши
бошланмоқда.
Лойиҳаларда АҚШ, Канада, Германия,
Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Хитой, Вьетнам, Туркия, Бирлашган Араб
Амирликлари, Саудия Арабистони, Россия ва Ҳиндистон инвесторлари, Осиё
тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки ҳамда маҳаллий
тадбиркорлар иштирок этмоқда.
Уларнинг амалга оширилиши натижасида
14 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши, йилига 22 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб
чиқарилиши ва 510 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлиши
кутилмоқда.
«Мақсадимиз
битта — импорт ўрнини босадиган ва ташқи бозорларда талаб юқори
бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш», — деди давлат раҳбари.
Ғиждувонда ACWA компанияси билан 300
мегаваттли «Бош-2» шамол электр станцияси, Жондорда Toyota Corporation
ва Пешкуда Sinoma компаниялари иштирокида умумий қуввати 1 минг мегаватт
бўлган шамол электр станцияларининг қурилиши давом этаётгани қайд этилди.
Хитойлик ҳамкорлар билан Когон
туманида маиший чиқиндилардан электр энергияси олишга қаратилган 165 миллион
долларлик лойиҳани амалга ошириш, Германиянинг Leman компанияси билан эса
«Аму-Бухоро» канали насос станцияларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича
150 миллион долларлик лойиҳани йўлга қўйиш режалаштирилган.
Шунингдек, Бухоро шаҳрида Kurt Baver
бренди остида йилига 62 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарадиган тўқимачилик
комплекси барпо этилади. Ромитанда хитойлик инвесторлар иштирокида қиймати 400
миллион доллар бўлган пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилмоқда.
Ушбу лойиҳалар доирасида 9 минг
гектар ерни ўзлаштириш ташаббуси ҳам илгари сурилган. Натижада юқори қўшилган
қийматли маҳсулотлар улушини 65 фоизга етказиш ва қўшимча 100 миллион долларлик
экспорт имкониятини яратиш кўзда тутилган.
Туризм бўйича лойиҳалар ҳам кўриб
чиқилди.
«Қадимий обидалар, маданий мерос
ва замонавий инфратузилма уйғунлиги Бухорони сайёҳларнинг севимли
масканига айлантиряпти. Бугунги тадбиримиз ўтаётган, янгидан барпо этилаётган
Бухоро туризм маркази ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади», — деди
давлат раҳбари.
Марказда «Боқий Бухоро»
маданий-этнографик парки, кўргазмалар зали, замонавий меҳмонхоналар, маданий ва
кўнгилочар масканлар барпо этилади. Шунингдек, Бухоро шаҳрида Indigo, Holiday
Inn ва Hilton халқаро брендлари остида меҳмонхоналар ташкил этиш
режалаштирилган.
«Умуман,
Бухорода қиймати 3 миллиард долларлик 19 та йирик лойиҳани бошлаймиз. Агар
бу ишларни тизимли ташкил қилсак, биргина Бухоронинг ўзида бемалол 5
миллиард долларлик туризм хизматлари экспортини таъминлаймиз», — деди
президент.
Келгуси беш йилда Бухоро вилояти
аҳолисини тўлиқ ичимлик суви билан, йирик шаҳарлар ва туман марказларини
эса канализация тармоғи билан таъминлаш мақсад қилинган. Халқаро ҳамкорлар
билан умумий қиймати 633 миллион доллар бўлган иккита йирик лойиҳа бошланган.
Уларнинг ҳисобига 2 миллион нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 781 минг
нафар аҳоли илк бор ичимлик сувига эга бўлади.
Шунингдек, вилоятнинг транзит
салоҳиятини уч карра оширишга қаратилган, қиймати 565 миллион доллар
бўлган еттита йўл лойиҳаси амалга оширилади.
Президент рамзий тугмани босиб, янги
объектларни ишга туширди ва истиқболли лойиҳалар қурилишига старт берди.
Хорижлик инвесторлар билан мулоқот бўлиб ўтди.
Шу ернинг ўзида давлат раҳбари
Бухоро инфратузилмасини 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган саммитларга пухта
тайёрлаш юзасидан мутасаддиларнинг ахборотларини тинглади ва тегишли
топшириқлар берди.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
04 11 2026 / 9:04