Вьетнам инвесторлари томонидан
Бухоро, Тошкент ва Самарқандда 4,5 миллиард долларлик турар жой
ва инфратузилма лойиҳалари барпо этилади. Шунингдек, Жиззах вилоятининг
Зомин туманида янги саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Шавкат
Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Вьетнамнинг ROX Group компанияси
томонидан Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти
билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Компания
вакиллари Бухорода иккита, Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ва Самарқандда
биттадан — жами тўртта шаҳарсозлик лойиҳаси ҳақида ахборот берди. Уларнинг
умумий майдони 285 гектарни, инвестиция ҳажми 4,5 миллиард долларни ташкил
этади. Лойиҳалар 115 минг нафар аҳоли учун мўлжалланган.
Бухоро туманида 65 гектар, Бухоро
шаҳрида эса 25 гектар майдонда янги турар жой массивлари қурилиши бошланди.
Уларда 30 минг нафар аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уй-жойлар, меҳмонхоналар,
бизнес марказлари, савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектлар барпо этиш
кўзда тутилган.
Учтепа туманидаги лойиҳа замонавий
шаҳар муҳитини яратишга, Самарқанддаги ташаббус эса мавжуд сайёҳлик мажмуаси
атрофидаги инфратузилмани кенгайтиришга қаратилгани қайд этилган. Вьетнамлик
инвестор Жиззах вилоятининг Зомин туманида саноат зонаси ташкил этиш
ташаббусини ҳам илгари сурди.
Президент тақдим этилган
концепцияларни маъқуллаб, лойиҳаларда илғор шаҳарсозлик ечимларини қўллаш
зарурлигини кўрсатиб ўтди. Мутасаддиларга лойиҳалар учун зарур инфратузилма
ва амалга ошириш механизмларини компания билан биргаликда пухта ишлаб
чиқиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
ROX Group — 1996 йилда
Вьетнамда ташкил этилган кўп тармоқли инвестиция гуруҳи. У кўчмас мулк,
энергетика, банк иши, меҳмонхона бизнеси ва хизмат кўрсатиш соҳаларида
фаолият юритади.
Аввалроқ ROX Group Тошкентда Uchtepa
City’ни қуришга 1,5 млрд доллар инвестиция киритишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов «Ўзбекистон 24»
телеканалига берган интервьюсида пойтахтда ROX Group билан иккита асосий
йўналиш — қурилиш ва молия соҳаларида ҳамкорлик қилиш
режалаштирилаётганини айтганди.
«Қурилиш соҳасида Учтепа туманида 37
гектар майдонда Uchtepa City лойиҳасини амалга оширишни режалаштиряпмиз. Лойиҳа
замонавий ишбилармонлик ва кўнгилочар марказлар, турар жойлар ҳамда мутлақо
янги инфратузилмани барпо этишни назарда тутади», — деганди ҳоким
ўринбосари.
ROX Group асосчиси Ань Туан Чан
учрашувдан сўнг компания Ўзбекистонда «йирик, узоқ муддатли ва барқарор
инвестиция лойиҳаларини» амалга ошириш ниятида эканини маълум қилганди.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
04 11 2026 / 9:13