Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

APEX BANK аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш имкониятларини кенгайтирмоқда



Улашинг :


APEX BANK Hamroh аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси билан ҳамкорликда тадбиркор аёллар учун махсус молиялаштириш дастурини таклиф этмоқда. Дастур янги бизнес бошлаш, мавжуд фаолиятни кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга қаратилган.

Бугунги кунда хотин-қизлар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда ўз бизнесини йўлга қўйиб, мамлакат иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшмоқда. Уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишида молиявий ресурслардан фойдаланиш имконияти муҳим аҳамиятга эга.

Дастур доирасида 11 млрд сўмгача (25 000 БҲМ) кредит олиш мумкин. Маблағлар асбоб-ускуналар ва бошқа асосий воситаларни харид қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда айланма маблағларни тўлдиришга йўналтирилиши мумкин.

Янги иш ўринлари яратишни назарда тутувчи лойиҳалар учун молиялаштириш миқдори қуйидагича белгиланган:

· 440 млн сўмгача (1000 БҲМ) — камида 2 та иш ўрни яратилганда;

· 1,76 млрд сўмгача (4000 БҲМ) — камида 5 та иш ўрни яратилганда;

· 11 млрд сўмгача (25 000 БҲМ) — камида 10 та иш ўрни яратилганда.

Шунингдек, ижобий кредит тарихига эга тадбиркор аёллар учун 44 млн сўмгача (100 БҲМ) гаровсиз кредит олиш имконияти кўзда тутилган. Бу етарли гаров мулкига эга бўлмаган тадбиркорларга ҳам ўз бизнес ташаббусларини амалга ошириш учун қўшимча имконият яратади.

Асосий воситаларни харид қилиш ва барпо этиш учун кредитлар 7 йилгача, шу жумладан 3 йилгача имтиёзли давр билан ажратилади. Айланма маблағларни тўлдириш учун эса 2 йилгача муддатга молиялаштириш кўзда тутилган. Йиллик фоиз ставкаси 21%ни ташкил этади.

Кредит таъминоти етарли бўлмаган ҳолларда «Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси» АЖ томонидан кредит суммасининг 50 фоизигача тақдим этиладиган кафилликдан фойдаланиш мумкин.

APEX BANK ва Hamroh компанияси ўртасидаги ҳамкорлик аёлларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилади.

APEX BANK келгусида ҳам тадбиркор аёлларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши ва ривожлантириши учун қулай молиявий ечимларни таклиф этишда давом этади.

Молиялаштириш шартлари: кредитлар банкнинг кредит сиёсати ва ички меъёрий ҳужжатларига мувофиқ ажратилади. Кредитнинг якуний миқдори, муддати ва таъминотига оид талаблар лойиҳа кўриб чиқилиб, маъқуллангандан сўнг белгиланади ҳамда кредит шартномасида акс эттирилади.

БҲМ миқдори эълон қилинган санадаги ҳолатга кўра ҳисобланган.

газета.уз


Сарлавха :
Иқтисодиёт

05 11 2026 / 11:37