Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Самимий учрашувлардан мақсадли лойиҳалар сари



Улашинг :


2026 йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ўз офисида Жанубий Кореянинг KHAN GLOBAL GROUP таркибига кирувчи UMMS-Holding ҳамда UNITED RENTAL компаниялари раҳбарларини қабул қилиб, самимий ва конструктив мулоқот ўтказдилар.

Учрашув чоғида ҳар икки тараф мамлакатимизда тадбиркорликни ва фермерликни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир неча йил олдин бошланган икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш, Ўзбекистонга Кореянинг янгидан-янги иновацион ишланмаларни жалб этиш, хусусан IT ва маркетинг, логистика соҳаларини ривожлантириш, аграр соҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда қўшилган қиймат яратиш орқали товар ишлаб чиқарувчиларнинг даромадларини ошириш, туризмни ривожлантириш орқали худудларда янги иш ўринлари яратиш баробарида ижтимоий масалаларни ҳал этиш йўлларини излаш ва ечимларини амалиётга тадбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан илгари сурилаётган “Ўзбекистонда замонавий (намунавий) қишлоқларни барқарор ва мувозанатли ривожлантириш” концепцияси ҳамда “Тошкент денгизи” дейилмиш - Туябўғиз сув омбори ва унинг атрофини агро-экологик класстерга айлантириш ғояси меҳмонларда қизиқиш уйғотди.

Айтиб ўтиш керакки, юқорида қайд этилган ғоялар марказ директори ўринбосари доктор Шарипов Ориф Мухамедовичнинг кўп йиллик кузатувлари ва чуқур таҳлилларга асосланган ташаббусли лойиҳалардан. Кореялик тадбиркорлар диққат билан танишиб, мазкур ташаббусларни ўрганиб чиқиб, яқин орада ушбу лойиҳаларни техник ва молиявий томондан қўллаб-қувватлаш масаласи юзасидан ўз муносабатларини билдиришларини айтиб ўтишди. Марказ, ўз навбатида, маҳаллий хокимият органлари ва манфаатдор субъектлар билан бу лойиҳаларнинг мазмун-моҳиятини муҳокама қилиб олиш ва пилот лойиҳани амалга оширишга майдончалар белгилаб олишни зиммасига оладиган бўлди.

Бўлиб ўтган учрашув Марказнинг мамлакатимизга чет эл инвестицияларини жалб этиш орқали худудларни инновацион ривожланишини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш - аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришда олиб бораётган ишлар сирасига кирадиган амалий қадам бўлди, дейилса муболаға бўлмайди.

ЎзТФҚМ





Сарлавха :
Иқтисодиёт

05 11 2026 / 14:24