Хорижий инвесторлар Бухоро вилояти
Олот туманида $350 млнлик дата марказ қуриш учун 90 гектар ер майдонини
сотиб олди, деди туман ҳокими. Шунингдек, Германиянинг Leman компанияси
Аму-Бухоро канали насос станциялари учун энергияни сақлаш тизимига эга қуёш электр
станциясини қурмоқда.
Бухоро
вилоятининг Олот туманида қиймати 350 млн долларлик йирик маълумотларни қайта
ишлаш маркази (дата марказ) қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокими
Наргиза Неъматова 4 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида
ўтказилган йиғилишда маълум қилди, деб хабар
бермоқда Gazeta мухбири «Ўзбекистон 24» телеканали репортажига таяниб.
Туман ҳокимининг сўзларига кўра,
лойиҳа яйловлар ва суғорилмайдиган ерлар ҳудудида амалга оширилади.
Хорижий инвесторлар 90 гектарлик ер майдонини аллақачон сотиб олган
ва лойиҳани амалга оширишга киришмоқда.
«Чет
эл инвесторлари яйловларда, суғорилмайдиган майдонларда тўқсон гектар ерни
дата маркази учун сотиб олди. Иш бошлаяпти. Демак, 350 миллион долларлик
иш қиляпти, келажакда доимий 300 ўринли иш бўлади», — деди Наргиза
Неъматова.
Ҳоким инвестор сифатида айнан қайси
компаниялар иштирок этаётгани, уларга ер қайси шартларда берилгани ва қурилишни
қачон якунлаш режалаштирилаётганини аниқлаштирмади.
Дата марказнинг лойиҳавий қуввати,
электр таъминотининг тахминий манбалари, ускуналарни совитиш учун қанча сув
керак бўлиши ва бўлғуси объектдан қандай мақсадда фойдаланилиши ҳам
очиқланмаган.
Дата марказлар серверларни
жойлаштириш, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун мўлжалланган махсус
мажмуалар ҳисобланади. Улар ишлаши учун узлуксиз электр таъминоти, совитиш
ва захира тизимлари, шунингдек, юқори тезликдаги алоқа каналлари зарур.
Олот
туманида қуёш энергетикасини ривожлантириш
Йиғилишда Олот тумани ҳокими қайта
тикланувчи энергетика лойиҳаларининг аҳоли бандлиги ва даромадларига
таъсири ҳақида ҳам гапирди.
Унинг сўзларига кўра, Masdar
компанияси томонидан қуввати 250 МВт бўлган қуёш электр станциясининг қурилиши
нафақат электр энергияси ишлаб чиқаришни ошириш, балки янги иш ўринларини
яратиш имконини ҳам берган.
«Энергия
иқтисод бўлади, маблағ иқтисод бўлади, деб адашган эканман. Шу жойда 1,5
мингта одам ишлаган бўлса, мингтаси олотлик бўлди. Даромади ошди», — деди
Наргиза Неъматова.
Унинг таъкидлашича, бошқа ҳудудлар
ва хориждан келган ишчиларга транспорт хизмати кўрсатган, уларни овқат
билан таъминлаган ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланган маҳаллий
тадбиркорлар ҳам қўшимча имкониятларга эга бўлган.
«Аввал бизлар буларга имтиёзли
кредит берган бўлсак, тўлаб билмасди, тўловчанлик қобилияти йўқ эди», —
деди ҳоким.
Унинг
сўзларига кўра, туманда Германиянинг Leman компанияси иштирокида қуввати 80 МВт
бўлган, 40 МВтлик энергияни сақлаш тизимига эга қуёш электр станциясини қуриш
лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Объект электр энергиясига эҳтиёжи юқори бўлган
Аму-Бухоро канали насос станцияларини электр энергияси билан таъминлашга
мўлжалланган.
Аввалроқ президент матбуот хизмати
Германиянинг Leman компанияси билан канал насос станцияларининг барқарор ишлашини
таъминлаш учун қиймати 150 млн долларлик лойиҳани амалга ошириш
режалаштирилаётгани ҳақида хабар
берган.
Бундан ташқари, 2026 йил июнь ойида
Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ва Германиянинг Leman SWMS Investment
консорциуми 19 та йирик насос станциясини модернизация қилиш бўйича
кенгроқ лойиҳа доирасида электр энергиясини харид қилиш тўғрисида келишув имзолаган.
Лойиҳа доирасида тўққизта майдонда
умумий қуввати 800 МВтгача бўлган қуёш электр станцияларини, шунингдек, сиғими
400 МВт/соатгача бўлган электр энергиясини сақлаш тизимларини қуриш кўзда
тутилган. Жами инвестициялар ҳажми тахминан 940 млн долларга баҳоланган, лойиҳани
амалга ошириш муддати — 2027−2030 йиллар.
Бухоро
вилоятида яна қандай рақамли лойиҳалар режалаштирилган?
Бухоро вилоятида рақамли
инфратузилманинг бир нечта лойиҳаси аллақачон амалга оширилмоқда.
2024 йил май ойида Рақамли
технологиялар вазирлиги Саудия Арабистонининг DataVolt компаниясининг кўп
босқичли инвестиция дастурини тақдим
этган. Унда 2030 йилга қадар Ўзбекистонда жами 5 млрд долларгача
инвестиция киритган ҳолда учта маълумотларни қайта ишлаш марказини қуриш кўзда
тутилган.
Биринчи босқичда компания
Тошкентдаги лойиҳани амалга оширишга киришган. Иккинчи босқичда Янги Тошкентда
дата марказ ташкил этиш, учинчи босқичда эса Бухоро вилоятида 25 гектар
майдонда объект қуриш режалаштирилган.
Бухородаги объектнинг дастлабки
қуввати 40 МВт этиб баҳоланган бўлиб, кейинчалик уни 250 МВтгача ошириш
имконияти кўзда тутилган.
2026 йил июнь ойида Beeline
Uzbekistan ва DataVolt Бухородаги дата марказни биргаликда амалга ошириш
ва эксплуатация қилиш имкониятини ўрганиш бўйича меморандум имзолаган.
Ўшанда томонлар унинг қиймати, аниқ
жойлашуви ва қурилиш муддатларини очиқламаган.
Наргиза Неъматова эълон қилган 350
млн долларлик лойиҳа DataVolt режалари билан боғлиқми ёки йўқми, ҳозирча
номаълум. Аввалроқ 25 гектарлик ер майдони ҳақида хабар берилган, Олот
тумани ҳокими эса 90 гектарлик ҳудудни тилга олган.
Бундан ташқари, 4 ноябрь куни
президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти Когон туманида Beeline Uzbekistan’нинг
қиймати 40 млн доллар бўлган бошқа дата маркази ишга туширилишига старт берган. Лойиҳа Рақамли технологиялар
вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилган бўлиб, операторнинг рақамли хизматлари
ишончлилигини оширишга мўлжалланган.
Сентябрь ойида Uztelecom ҳам Бухоро
ва Қўқонда маълумотларни қайта ишлаш марказларини ишга
туширган. Улар булутли ҳисоблаш, катта ҳажмдаги маълумотлар билан
ишлаш ва сунъий интеллект хизматларини кўрсатишга мўлжалланган.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
05 11 2026 / 14:48