Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда 2030 йилгача уран қазиб олиш 15 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда



Улашинг :


Ўзбекистонда 2030 йилгача муҳим металлар бўйича ишлаб чиқариш ҳажмини 2,7 миллиард доллардан ошириш ва уран қазиб олишни икки бараварга кўпайтириб, 15 минг тоннага етказиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, вольфрамни чуқур қайта ишлаш бўйича 1,1 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар 16 турдаги муҳим металлар бўйича ишлаб чиқариш ҳажмини 2,7 миллиард доллардан ошириш ҳамда уран қазиб олиш ҳажмини йилига 15 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевга «Навоийуран» корхонаси ҳамда «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» АЖнинг 2026 йилдаги устувор вазифалари бўйича тақдим этилган ҳисоботда маълум қилинди.

Қайд этилишича, ҳозирда жаҳон бозорида анъанавий металларга бўлган талаб йилига ўртача 1 фоизга ўсаётган бўлса, критик минераллар бозорида бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этмоқда. Ушбу глобал тенденцияни инобатга олган ҳолда, мамлакатда мавжуд минерал-хомашё базасидан самарали фойдаланиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

«Ўзбекистон технологик металлар комбинати»да геология-қидирувдан тортиб, қазиб олиш, бойитиш ва чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот чиқаришгача бўлган пўлат технологик занжир шакллантирилмоқда. Корхонада жорий йил якунига қадар 12 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар турини кўпайтириш ҳамда юқори софликдаги селен ва теллур ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган.

Давлат раҳбари мавжуд 5 турдаги маҳсулотга (вольфрам, молибден, селен, теллур, рений) қўшимча равишда яна 11 турдаги металларни ўзлаштириш вазифасини қўйди. Булар қаторига никель, кобальт, графит, сурма, қалай, марганец, платина, ванадий, симоб ва мис киради.

Хусусан, вольфрамни чуқур қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳалар доирасида 1,1 миллиард доллар инвестиция жалб этилиб, 2030 йилга бориб ушбу йўналишдаги ишлаб чиқариш ҳажмини 2,2 миллиард долларга етказиш мўлжалланган. Шунингдек, ноёб ва камёб ер элементларига бой истиқболли майдонларни ўзлаштириш, комбинатнинг ресурс базасини кенгайтириш ва инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш таклифлари кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, дунё бозорида уран хомашёсига бўлган талаб сўнгги йилларда 15−20 фоизга ошган ва 2030 йилгача яна 28 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ушбу омилларни инобатга олиб, «Навоийуран» корхонасида геология-қидирув ва бурғилаш ишлари кенгайтирилади, янги конлар ўзлаштирилади ҳамда қўшимча сорбция қурилмалари ишга туширилиб, 250 та янги иш ўрни яратилади.

Ишлаб чиқаришда зарур бўлган техник олтингугурт, сульфат ва нитрат кислоталарини етказиб бериш бўйича маҳаллий саноат корхоналари билан кооперация кучайтирилади. Президент ишлаб чиқаришда муқобил технологияларни кенгайтириб, 2030 йилгача сульфат кислотаси ўрнини босувчи реагентлар улушини 40 фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Қабул қилинган чора-тадбирлар ва янги қувватлар эвазига 2030 йилга бориб уран ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилдаги 7,5 минг тоннадан 15 минг тоннага, аниқланган захиралар эса 200 минг тоннага етказилиши белгиланди.

Тақдимот якунида мутасаддиларга инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ишга тушириш, минерал-хомашё базасини мустаҳкамлаш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, февралдаги тақдимотда 2025 йилда Ўзбекистонда 7 минг тонна уран ишлаб чиқарилиб, аниқланган захиралар эса 139 минг тоннага етгани маълум қилинганди.

Таққослаш учун: дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган Қозоғистонда уран қазиб олиш ҳажми 25,8 минг тоннани ташкил этган.

gazeta.uz



Сарлавха :
Иқтисодиёт

06 11 2026 / 10:42