Президент
қарори билан 2027 йилдан давлат тиббиёт муассасаларида тиббий ва ёрдамчи
хизматларни хусусий сектордан аутсорсинг асосида харид қилишнинг янги тартиби
жорий этилади. 2030 йилга қадар бундай хизматлар ҳажми 30 фоизгача етказилиб,
камида 5 та йирик муассаса профессионал бошқарувга берилади.
Ўзбекистонда
соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, тиббий
хизматларнинг бир қисмини аутсорсинг асосида хусусий сектордан харид қилиш
ва йирик тиббиёт муассасаларига профессионал бошқарувчиларни жалб қилиш
режалаштирилмоқда. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 4 ноябрдаги қарорида белгиланди.
Ҳужжатга
кўра, 2030 йилга қадар тиббиёт ташкилотларида кўрсатиладиган клиник
ва ёрдамчи хизматларни хусусий сектордан аутсорсинг асосида харид қилиш
ҳажми 30 фоизгача етказилади. Шунингдек, камида 5 та йирик тиббиёт
ташкилотига илғор бошқарув тажрибасини жорий этиш учун хорижий профессионал
бошқарув компаниялари ва бошқарувчилар гуруҳлари жалб қилинади.
Хусусий
секторни жалб қилиш механизмлари белгиланди
2027 йил 1 январдан бошлаб соғлиқни
сақлаш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича узоқ ва қисқа муддатли
мастер режа асосида давлат ва хусусий сектор иштирокидаги механизмлар
жорий этилади.
Бунда тиббиёт соҳасига хусусий
секторни тегишли ҳудудларда тиббий хизматларга бўлган эҳтиёж ҳамда давлат
ва нодавлат тиббиёт ташкилотларининг мавжуд қувватларини ҳисобга олган
ҳолда жалб қилиш белгиланган.
Давлат томонидан кафолатланган
тиббий ёрдамни кўрсатиш учун зарур муассасалар давлат тасарруфида сақланади.
Уларнинг қувватлари аҳолининг тиббий хизматларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжига
мутаносиб равишда ривожлантирилади.
Шу билан бирга, фаолияти
самарадорлигини ошириш ва замонавий клиник технологияларни жорий этиш
талаб этиладиган алоҳида тиббиёт муассасаларига профессионал бошқарувчилар жалб
қилинади.
Йирик капитал қўйилмалар талаб
этиладиган янги тиббиёт муассасалари давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади.
Бунда хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда давлат-хусусий шериклик асосида
лойиҳаларни тайёрлаш, хусусий шерикларни танлаш ва тегишли битимларни
тузиш ишларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташкил этади.
Йирик капитал қўйилмалар талаб
этилмайдиган ва хусусий секторда етарли қувват ҳамда рақобат муҳити
шаклланган ҳолларда тиббий ва ёрдамчи хизматлар давлат харидлари
тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ хусусий сектордан аутсорсинг асосида харид
қилинади.
Аутсорсинг
шартномалари беш йилгача тузилади
2027 йил 1 январдан давлат тиббиёт
муассасаларида тиббий ва ёрдамчи хизматларни хусусий сектордан аутсорсинг
асосида харид қилишнинг янги тартиби жорий этилади.
Аутсорсинг
шартномалари хизматнинг хусусияти ва аутсорсер томонидан киритиладиган
инвестициялар ҳажмидан келиб чиқиб, беш йилгача муддатга тузилади. Айрим
ҳолларда эса инвестицияни қоплаш муддатидан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш
вазирлиги хулосаси асосида аутсорсинг хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар
10 йилгача муддатга тузилиши мумкин.
Янги тартиб жорий этилгунга қадар
муддати тугайдиган аутсорсинг лойиҳаларини 2027 йил охирига қадар давом
эттиришга рухсат берилади.
Қарорда тиббиёт муассасаларида
аутсорсинг асосида хизматларни ташкил этиш давлат харидлари тўғрисидаги
қонунчилик ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб асосида
амалга оширилиши белгиланган.
Аутсорсинг шартномаларида тиббиёт
муассасалари балансидаги бинолар ва иншоотлар, уларнинг алоҳида қисмлари
ёки хоналаридан иқтисодий мақсадга мувофиқлиги асослантирилган ҳамда хизмат нархида
ҳисобга олинган тақдирда текин фойдаланишга бериш назарда тутилиши мумкин.
«Тиббиёт
аутсорсинги» электрон тизими жорий этилади
2027 йил 1
апрелга қадар тиббиёт муассасаларида аутсорсинг лойиҳаларини рўйхатга олиш,
ҳисобини юритиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш учун
«Тиббиёт аутсорсинги» электрон ахборот тизими жорий этилади.
Тизимда аутсорсингга бериладиган
хизматлар, хизмат кўрсатувчилар, амалга оширилаётган лойиҳалар ва тузилган
шартномаларнинг ягона электрон реестри юритилади.
Шунингдек, давлат харидлари электрон
тизимлари билан интеграция орқали амалга оширилган харид тартиб-таомиллари,
шартнома қиймати ва муддати ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда олиниб,
ахборот тизимида акс эттирилади.
Шартномалар бўйича хизматлар ҳажми
ва сифати, самарадорлик кўрсаткичлари (KPI), хизматларни қабул қилиш
натижалари, амалга оширилган тўловлар ҳамда шартнома мажбуриятларининг
бажарилиши мониторинг қилинади.
Аутсорсинг лойиҳаларининг иқтисодий
самарадорлиги, хизматлар сифати ва бюджет маблағларидан фойдаланиш
натижалари бўйича таҳлилий маълумотлар ҳам шакллантирилади.
Тиббиёт
муассасаларига профессионал бошқарувчилар жалб қилинади
Қарор билан тиббиёт муассасаларига
профессионал бошқарувчиларни жалб қилишнинг янги тартиби ҳам белгиланди.
Бунда профессионал бошқарувчиларни
жалб қилиш зарурати муассасанинг клиник ва молиявий кўрсаткичлари,
бошқарув самарадорлиги ҳамда уни ривожлантириш мақсадларини комплекс баҳолаш
натижалари асосида аниқланади.
Бошқарувчилар очиқ ва рақобатли
танлов асосида сараланади. Бунда тиббиёт муассасаларини бошқариш соҳасидаги
тажриба, молиявий барқарорлик ва бошқарув салоҳияти ҳисобга олинади.
Профессионал
бошқарувчи фаолияти ҳар йили шартномада белгиланган самарадорлик
кўрсаткичлари — KPI асосида баҳоланади. Баҳолаш натижалари шартномани
давом эттириш, қайта кўриб чиқиш ёки белгиланган тартибда бекор қилиш учун асос
бўлади.
2027 йилдан бошлаб Соғлиқни сақлаш
вазирлиги ҳар йили 1 ноябрга қадар мастер режа асосида хусусий инвестицияларни
жалб этиш ҳисобидан ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмлари доирасида амалга
ошириладиган устувор лойиҳалар рўйхатини шакллантириб, расмий веб-сайтида эълон
қилиб боради.
Бунда хусусий секторни жалб қилиш
шакли ҳар бир лойиҳа бўйича инвестиция ҳажми, давлат бюджети параметрлари,
соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат мажбуриятлари, хавф-хатарлар ва иқтисодий
самарадорликдан келиб чиқиб белгиланади.
Тиббиёт
муассасаларини лойиҳалаштириш нормалари қайта кўриб чиқилади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида
тиббиёт муассасаларини лойиҳалаштириш ва қуришга оид шаҳарсозлик нормалари ва
қоидалари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини қайта
кўриб чиқиш ҳамда уларни илғор халқаро стандартларга уйғунлаштириш бўйича
юридик шахс мақомига эга бўлмаган лойиҳа офиси ташкил этилади.
Шунингдек, тиббиёт муассасаларини
лойиҳалаштириш ва қуришга оид норматив-техник базани такомиллаштириш, соғлиқни
сақлаш соҳасидаги аутсорсинг ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини
мувофиқлаштириш ҳамда улар устидан тизимли мониторинг ва назоратни ташкил
этиш учун Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 7
та штат бирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтказилади.
Аутсорсинг
хизматлари рўйхати ва янги тартиб тасдиқланади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт
ва молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан
биргаликда бир ой муддатда тиббиёт муассасаларида тиббий ва ёрдамчи
хизматларни аутсорсинг асосида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда
давлат тиббиёт муассасаларида аутсорсинг асосида ташкил этиладиган хизматлар
рўйхатини тасдиқлаш ҳақидаги қарор лойиҳасини Вазирлар маҳкамасига киритиши
керак.
Қарорни амалга ошириш билан боғлиқ
харажатлар давлат бюджети параметрларида соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган
маблағлар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан
қопланади.
2027 йил 1 майга қадар Соғлиқни
сақлаш вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Саноат кооперацияси
ва давлат харидлари агентлиги давлат харидларининг электрон тизимлари
ва бошқа тегишли давлат ахборот тизимларининг «Тиббиёт аутсорсинги» тизими
билан интеграция қилинишини таъминлаши лозим.
Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари соғлиқни сақлаш
соҳасидаги, жумладан давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича ташаббусларни
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан олдиндан келишган ҳолда амалга оширишни
таъминлайди.
Инвестициялар, саноат ва савдо
вазирлиги эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мастер режа асосида
шакллантирилган ва ташаббус қилинган лойиҳалар портфели доирасида хорижий
инвестицияларни жалб қилиш чораларини кўради.
Бош прокуратура Соғлиқни сақлаш
вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда 2027
йил 1 апрелга қадар тиббиёт муассасаларининг бинолари, иншоотлари, уларнинг
алоҳида қисмлари ҳамда ер майдонларини ижарага бериш бўйича амалдаги
шартномаларни тўлиқ хатловдан ўтказади.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда
қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича таклифларни Вазирлар
маҳкамасига киритиши белгиланган.
Қарор билан 2024 йил 5 сентябрдаги
«Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар
тўғрисида»ги ПҚ-311-сон қарорга киритилган 8-илованинг 7-банди 2027 йил 1 январдан ўз кучини
йўқотган деб ҳисобланади.
Бу масалалар
аввалроқ муҳокама қилинган
Президент 28 октябрь куни соғлиқни
сақлаш соҳасига инвестиция жалб қилиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш
ва йирик тиббиёт объектларини барпо этиш бўйича тақдимот билан танишган эди. Ўшанда соҳада умумий қиймати
2,7 млрд доллар бўлган 35 та инвестиция лойиҳасидан иборат портфель
шакллангани, шунингдек, 1 млрд долларлик яна 9 та истиқболли лойиҳа бўйича
таклифлар тайёрлангани маълум қилинган. Шу асосда 2040 йилгача
мўлжалланган инвестиция стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилган.
Тақдимотда, шунингдек, 2030 йилгача
5 та йирик тиббиёт муассасасида профессионал бошқарувни йўлга қўйиш,
келгуси йилдан тиббий ва ёрдамчи хизматларни хусусий сектордан аутсорсинг
асосида харид қилиш ҳамда 2030 йилга бориб бундай хизматлар харидида аутсорсинг
улушини 30 фоизга етказиш режалари айтилган эди.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
06 11 2026 / 11:43