Туркия
компаниялари Бухоро вилоятидаги MTO газ-кимё мажмуаси лойиҳасини ўрганмоқда.
Ҳозир унинг қиймати $3,6 млрдга баҳоланмоқда (аввал — $5,2 млрд).
Президент лойиҳа амалга оширилишини шахсан назорат қилишини билдирди. Аудит
якунланганидан сўнг инвесторлар молиялаштириш манбаларини қидирмоқчи.
Хорижий
инвесторлар Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги MTO (Methanol-to-Olefin —
табиий газни юқори қўшилган қийматли полимер маҳсулотларга чуқур қайта ишлаш)
газ-кимё мажмуаси лойиҳасини қайта кўриб чиқиш учун ҳужжатлар йиғишни бошлади.
Бу ҳақда 3 ноябрь куни президент билан учрашувда Туркиянинг Tekfen компанияси
бош ижрочи директори (CEO) Левент Кафкасли маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, компания
мутахассислари объектнинг ўзида техник масалаларни муҳокама қилишни бошлаган,
шунингдек, Ўзбекистон томони вакиллари билан музокаралар ўтказган.
«Ҳозир
Қоракўлдаги MTO газ-кимё мажмуаси лойиҳасини қайта кўриб чиқиш ва унинг
техник-иқтисодий асосларини таҳлил қилиш учун зарур ҳужжатларни йиғишга
киришдик. Ушбу ҳужжатларни ўрганиб чиққач, Ўзбекистон томони билан биргаликда
лойиҳани молиялаштириш учун халқаро молия институтларига мурожаат
қиламиз», — деди инвестор («Ўзбекистон 24» телеканали иқтибоси).
У инвесторлар ушбу ишлар
якунланганидан сўнг музокаралар натижалари ва лойиҳани амалга ошириш
бўйича таклифларни яна президентга тақдим этиш ниятида эканини қўшимча қилди.
Тақдимотга кўра, лойиҳа 236 гектар
майдонда амалга оширилади, унинг қиймати 3,6 млрд долларга баҳоланмоқда.
Слайдда туркиялик инвесторлар
сифатида қуйидагилар кўрсатилган:
·
Левент
Кафкасли (Levent Kafkaslı) — Tekfen бош директори;
·
Аҳмет Рази
Ялчин (Ahmet Razi Yalçın) — OYAK бош ижрочи директорининг ўринбосари;
·
Меҳмет Али
Исломўғли (Mehmet Ali İslamoğlu) — Nakkaş Holding бош ижрочи директори.
Лойиҳа аудити ноябрь ойида
бошланган, техник ва молиявий аудитни йил охирига қадар якунлаш
режалаштирилган. Технологик ечимларни ишлаб чиқиш 2027 йил апрелига қадар
якунланиши кутилмоқда.
«Ўзаро
манфаат бўлмаса, лойиҳанинг келажаги йўқ»
Президент Шавкат Мирзиёев MTO
мажмуаси унинг шахсий ташаббуси эканини таъкидлади. «Шунинг учун ўзим назорат
қиламан ва бу лойиҳани Қоракўлда амалга ошириш бўйича ҳамма
имкониятларни яратиб бераман», — деди давлат раҳбари.
У хорижий ҳамкорларни
тайёргарлик ишларини тезлаштиришга чақирди.
«Қанча кўп
тезлаштирсангиз, жараённи шунча тез бошлай оламиз. Манфаат икки томонлама
бўлмаса, лойиҳанинг келажаги бўлмайди», — деди президент.
Инвестор вакили президентнинг
фикрига қўшилиб, белгиланган вазифаларга мувофиқ ҳаракат қилишини билдирди.
3 млрд
доллардан қиммат лойиҳа
Ўзбекистон инвестициялар, саноат
ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳам газ-кимё мажмуаси бўйича музокаралар
ҳақида маълумот берди.
«Ўзбекистон
24» телеканалининг президентнинг Бухоро вилоятига ташрифи ҳақидаги репортажида намойиш
этилган интервьюда у қиймати 3 млрд доллардан зиёд бўлган MTO лойиҳаси бўйича
тайёргарлик ишлари бошланганини айтди.
Вазирнинг сўзларига кўра, давлат
раҳбарининг Туркиянинг йирик компаниялари билан музокараларидан сўнг уларнинг
мутахассислари Бухоро вилоятига келган.
Лойиҳа табиий газдан олефинлар олиш
ва уларни кейинчалик полимерлар — хусусан, саноатда ишлатиладиган
турли хил пластмассалар ишлаб чиқариш учун қайта ишлашни назарда тутади.
Tekfen Holding — 1956 йилда
ташкил этилган, бош қароргоҳи Истанбулда жойлашган Туркия саноат-қурилиш
гуруҳи. Компания муҳандислик ва қурилиш, нефть-газ ва нефть-кимё саноати,
қишлоқ хўжалиги ҳамда инвестициялар соҳаларида фаолият юритади. Холдинг
акциялари Истанбул фонд биржасида савдога чиқарилган. Tekfen Construction
қурилиш бўлинмаси 20 га яқин мамлакатда 400 дан ортиқ лойиҳани амалга оширган.
Улар орасида Боку — Тбилиси — Жейҳон ва TANAP нефть
қувурларидаги ишлар, Озарбайжондаги газ платформалари, Саудия Арабистони, Ироқ
ва Қозоғистондаги нефтни қайта ишлаш заводларидаги лойиҳалар бор.
Қатарда компания 2,1 млрд долларлик
Al Khor тезюрар автомобиль йўлини қуриш бўйича шартнома олган. Tekfen
Ўзбекистонда ҳам иш тажрибасига эга: компания Фарғона нефтни қайта ишлаш
заводини модернизация қилиш лойиҳасида иштирок этган. 2026 йил августда Tekfen
Holding устидан назорат акцияларининг назорат пакети Туркиянинг OYAK гуруҳига
тегишли бўлган ON Investment B.V. компаниясига ўтган. Холдинг бош ижрочи
директори этиб аввал Tekfen Construction’га раҳбарлик қилган Левент Кафкасли тайинланган.
MTO газ-кимё
мажмуаси ҳақида нималар маълум?
MTO газ-кимё мажмуасини қуриш
лойиҳаси бир неча йилдан бери ишлаб чиқилмоқда. Унинг оператори Sanoat
Energetika Guruhi (Saneg) нефть-газ гуруҳи таркибига кирувчи Gas Chemical
Complex MTO Central Asia компанияси бўлган.
2022 йилда лойиҳани амалга ошириш
учун «Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган.
2024 йил
март ойида президент мажмуа қурилишига старт берган. Лойиҳага қарийб 5 млрд доллар
инвестиция жалб қилиш режалаштирилгани маълум қилинган (компания сайтида 3,1
млрд долларлик инвестициялар ҳақида маълумот
берилган, 2020 йилда лойиҳанинг смета қиймати 2,8 млрд доллар, 2021
йилда 2,5 млрд доллар, 2022 йил июль ойида эса 4 млрд доллар
деб баҳоланган).
Корхона ҳар йили 1,3 млрд куб метр
табиий газни қайта ишлаб, қиймати 1 млрд доллардан зиёд бўлган қарийб 1,1 млн
тонна полимер маҳсулот ишлаб чиқариши режалаштирилган. Маҳсулотларнинг қарийб
56 фоизини ички бозорда сотиш ва 500 млн долларлик импорт ўрнини босиш
кўзда тутилган. Экспорт тушумлари йилига 350 млн доллар деб баҳоланган.
MTO технологияси учун лицензияни
Хитойнинг Sinopec компанияси берган, АҚШнинг Air Products компанияси эса
метанол ишлаб чиқариш қурилмасини қуриши керак эди.
Лойиҳага
аввал киритилган ўзгаришлар ва янги инвесторларни излаш
2023 йил январда Gazeta Saneg’нинг
қиймати 1,8 млрд доллар бўлган Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш лойиҳаси
учун мўлжалланган технологик ускуналарни Қашқадарё вилоятидан Қоракўл туманига
кўчириб, MTO мажмуаси билан интеграция қилиш таклифи ҳақида ёзган.
Ўша пайтда ўрганилган президент
қарори лойиҳасига кўра, икки лойиҳани бирлаштириш учун қўшма компания ташкил
этиш кўзда тутилган бўлиб, унда Saneg 60 фоиз, давлатга тегишли «Ўзбекнефтгаз»
эса 40 фоиз улуш олиши керак эди.
Бундай қарорнинг иқтисодий мақсадга
мувофиқлиги, молиялаштириш манбалари ва ускуналарни кўчириш билан боғлиқ
эҳтимолий қўшимча харажатлар масаласи очиқ қолган.
Жорий йил март ойида Gazeta ҳукумат
Saneg гуруҳи ва у билан боғлиқ Enter Engineering ҳамда Eriell
компанияларининг стратегик лойиҳаларига янги инвесторларни жалб қилишни
топширгани ҳақида хабар берган. Бу лойиҳалар орасида MTO
мажмуаси ҳам бор эди. 18 октябрь куни президентнинг ёқилғи-энергетика соҳаси
инвесторлари билан ўтказган йиғилишида Бухоро вилоятидаги MTO
лойиҳаси режалаштирилаётган йирик ташаббуслар қаторида яна тилга олинган.
3 ноябрь куни учрашувда инвесторлар
билдирган фикрлар лойиҳа бўйича музокаралар давом этаётгани ва унинг
техник ҳамда молиявий параметрларини қўшимча ишлаб чиқиш зарурлигидан далолат
беради.
2026 йил июнь ойида Бош прокуратура
ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Шўртан ГКМни
кенгайтириш лойиҳасини амалга оширишда 643,2 млрд сўм бюджет маблағлари
талон-торож қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган. Тергов версиясига кўра, Солиқ
қўмитаси, «Ўзбекнефтгаз» ва қатор компаниялар мансабдор шахслари солиққа
тортишдан озод қилинган хизматларга ноқонуний равишда ҚҚС ҳисоблаб, бюджетдан
асоссиз равишда маблағ қайтариб олган.
Терговда тилга олинган компаниялар
орасида 60 фоизи Saneg тузилмасига, 40 фоизи эса «Ўзбекнефтгаз»га тегишли
бўлган Arkchemical ҳам бор. Унинг раҳбари Масрур Шокиров корпоратив реестрларда
Қоракўлдаги лойиҳа оператори Gas Chemical Complex MTO Central Asia раҳбари
сифатида ҳам кўрсатилган.
Масрур Шокиров, шунингдек,
«Ўзбекнефтгаз» собиқ бошқарув раиси Баходиржон Сидиқовга нисбатан қўзғатилган
жиноят иши бўйича судланувчилар қаторида ҳам қайд этилган. Суд жараёни жорий йил июль
ойида бошланган, августда эса ёпиқ режимга ўтказилган.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
06 11 2026 / 14:05