Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Чорва комплекслари, янги зотлар ва яйловлар. Вазир — гўшт муаммосини ҳал этиш чоралари ҳақида



Улашинг :


Ўзбекистонда гўшт муаммосини ҳал қилиш учун 16 минг фермер хўжалигида 30−40 бош қорамолга мўлжалланган чорва комплекслари қуриш, шунингдек, юз минглаб наслдор чорва молларини олиб келиш режалаштирилмоқда. «Яйловларимизда ўт бўлса, гўшт ҳам бўлади», — дейди Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов

Ўзбекистонда аҳоли сони ва гўшт истеъмоли ортиб бораётган бир пайтда ички ишлаб чиқариш талабни тўлиқ қоплай олмаяпти. Бу ҳақда 6 ноябрь куни Контент тайёрлаш марказида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ОАВ вакилларига берган интервьюсида маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

У бунинг асосий сабабларидан бири сифатида чорвачилик учун зарур озуқа базаси ва инфратузилма йиллар давомида етарлича ривожлантирилмаганини кўрсатди.

«Буни тан олиш керак. Йиллар давомида қорамолни даланинг бошига олиб келиб боқиш учун озуқа нуқтаи назаридан шароит яратдикми? Йўқ. Бу нарсага эътибор бердикми? Йўқ», — дейди Иброҳим Абдураҳмонов.

Вазирнинг қайд этишича, сўнгги йилларда чорвачиликни ривожлантириш ва гўшт ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида янги чоралар кўрилмоқда. Жумладан, президентнинг 322-сонли қарори асосида пахта ва ғалла далалари ёнида 30−40 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекслари ташкил этилмоқда.

«Бу йил 16 минг фермернинг ҳар бирида шундай комплекслар қурамиз. Бу гўшт етиштириш нуқтаи назаридан жуда катта натижаларга олиб келади», — дейди вазир.

Янги чорва зотлари ва инфратузилма

Абдураҳмонов чорвачиликдаги ўзгаришлар қисқа муддатда натижа бермаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, бу жараён нафақат инфратузилма яратиш, балки наслдор молларни олиб келиш, парваришлаш ва ветеринария хавфсизлигини таъминлашни ҳам талаб қилади.

«Бу худди пахтага ўхшаб, бир йилда ҳамма нарсани ўзгартириб юборадиган жараён эмас. Бу қорамол зоти, уни олиб келиш ва касалликлар билан боғлиқ», — дейди у.

Вазир четдан чорва молларини импорт қилишда касалликлар тарқалишининг олдини олиш муҳимлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, ҳайвонлар орасида касаллик тарқалиши катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

«Биз хоҳлаганча ташқаридан чорва молларини олиб кира олмаймиз. Уларни текширишимиз, касалликлардан эҳтиёт бўлишимиз керак. Бир марта касаллик тушса, чорва молларини даволаш ва уларга қараш жуда оғир», — дейди вазир.

Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, жорий йилнинг ўзида Ўзбекистонга 841 минг бош янги зотли чорва моллари олиб келинмоқда. Шунингдек, 400 минг бошдан зиёд қўй ва эчки зотларини ҳам импорт қилиш режалаштирилган.

Вазир фермерларнинг пахтачиликдан оладиган даромади чорвачиликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилишини айтди. Унинг фикрича, фермерлар даромадининг бир қисмини гўшт, сут ва паррандачилик йўналишларига йўналтириши мумкин.

«Яйловда туёқ бўлиши керак»

Вазир гўшт етиштириш ҳажмини оширишда яйловлар ҳолати ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини айтди. Унинг таъкидлашича, йиллар давомида яйловлардан самарали фойдаланиш ва уларни тиклаш масаласига етарлича эътибор берилмаган.

Абдураҳмонов яйловларнинг деградацияга учраши сабабларидан бири уларда чорва моллари етарли бўлмагани билан боғлиқлигини билдирди. Унинг фикрича, ҳайвонларнинг ўтлаши яйлов экотизими учун ҳам муҳимдир.

«Яйловни чегаралаб қўйсангиз, у ерда туёқ бўлмаса, ҳайвон бориб ўтламаса, ўт ўзидан-ўзи йўқ бўлиб кетади. Яйлов ҳайвон юргани учун эмас, ҳайвон юрмагани учун йўқ бўлади. Агар ҳайвоннинг сўлаги ўша ўт-ўланларга тегмаса, илдизи ўсмайди. Ҳаёт мана шундай симбиозда яратилган», — дейди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда бир гектар яйлов майдонига камида беш бош туёқли чорва тўғри келиши мўлжалланмоқда. Шунингдек, яйловларни тиклаш учун микроўғитлар бериш, уруғ сепиш ва дрон технологияларидан фойдаланиш ишлари олиб борилмоқда.

«Яйловларимизда ўт бўлса, гўшт ҳам бўлади. Худо хоҳласа, гўшт муаммосини ҳам ҳал қиладиган кунларга етамиз», — дейди Иброҳим Абдураҳмонов.

Аввалроқ, Ҳиндистондан гўшт импортини кенгайтиришда Ўзбекистон компаниялари ва мутахассислари уни тайёрлашда бевосита жойида, жумладан, ҳайвонларни сўйиш ва ҳалол талабларига мувофиқлигини назорат қилишда қатнашиши хабар берилганди. Етказиб беришни туркиялик ҳамкорлар ва Мерсин порти орқали ҳам ривожлантириш режа қилинмоқда.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

09 11 2026 / 10:39