Ўзбекистонда
ҳукумат сут маҳсулотлари, мева ва макарон каби тўққиз гуруҳдаги озиқ-овқат
маҳсулотлари учун ноль даражали импорт божларини узайтирмасликни таклиф қилди.
Президент ҳузуридаги кенгаш аъзолари нархлар ошиши мумкинлиги ва иқтисодий
асослар етарли эмаслигидан огоҳлантирди.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат
ва савдо вазирлиги озиқ-овқат ва истеъмол товарлари бўйича божхона
имтиёзларини қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи президент қарори лойиҳасини
тақдим этди. Ҳужжат 27 октябрь куни Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни
қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши йиғилишида муҳокама қилинди.
Лойиҳани тақдим этар экан,
вазирликнинг Тариф ва нотариф тартибга солиш бўлими бошлиғи Сарвархўжа
Хонхўжаев ҳозирда 56 та товар позицияси учун ноль даражали импорт божи
ставкалари амал қилаётганини (улар 2022 йилдан бери ҳар йили узайтириб келинмоқда) маълум қилди. Уларни қўллаш
муддати 2027 йил 1 январда тугайди.
Идора 45 та товар позицияси
учун имтиёзларни тўлиқ ва яна иккитаси учун қисман 2028 йил 1 январгача
узайтиришни таклиф қилди.
Шу билан бирга, тўққизта
товарлар гуруҳи учун ноль даражали божларни узайтириш режалаштирилмаяпти.
Улар орасида:
·
қўйилтирилган
сут ва қаймоқ;
·
йогуртлар;
·
пишлоқлар
ва сузма (творог);
·
олма, нок
ва беҳи;
·
шакарли
қандолат маҳсулотлари;
·
шоколад
ва какао сақловчи бошқа маҳсулотлар;
·
макарон
маҳсулотлари;
·
минерал
ва газланган сувлар;
·
салқин
(алкоголсиз) ичимликлар.
Вазирлик вакили гап амалдаги
имтиёзларни муддатидан олдин бекор қилиш ҳақида эмас, балки белгиланган муддат
тугагач, уларни кейинчалик узайтиришдан воз кечиш ҳақида кетаётганини
таъкидлади.
«Биз
амалдаги имтиёзлардан бирон-бир товар позициясини чиқариб ташламаяпмиз
ва уларни муддатидан олдин бекор қилмаяпмиз. Биз имтиёзлар муддати
тугаётганидан келиб чиқиб, қайси товарлар учун уларни қўшимча узайтириш
мумкинлигини кўриб чиқмоқдамиз», — дея тушунтирди Хонхўжаев.
Унинг сўзларига кўра, таклифни
тайёрлашда маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот чиқариш
ҳажмлари ва ички бозорнинг маҳаллий товарлар билан таъминлангани ҳисобга
олинган.
Хусусан, 2026 йилнинг январь —
август ойларида 84 та корхона 84 минг тонна қўйилтирилган сут ва қаймоқ
ишлаб чиқарган, импорт ҳажми эса 15 минг тоннани ташкил этган. Йогуртларни 77
та корхона 50,2 минг тонна ҳажмда чиқармоқда. Саккиз ойда 9800 тонна
йогурт ҳамда 10,3 минг тонна пишлоқ ва сузма импорт қилинган.
Бироқ кенгаш аъзолари божлар бўйича
қарор қабул қилиш учун бундай таҳлил етарли эканига шак-шубҳа билдирдилар.
Раислик қилувчи ишлаб чиқариш
ва импорт ҳажми аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжига мос келадими-йўқми,
фуқароларнинг даромадларини ҳисобга олган ҳолда маҳсулот нархлари қанчалик
ҳамёнбоп ва божларнинг қайта тикланиши ички бозорга қандай таъсир қилиши
билан қизиқди.
Вазирлик вакили нархлар ва ички
истеъмол таҳлили ўтказилганини, бироқ тегишли материаллар йиғилишда тақдим
этилмаганини айтди. У уларни қўшимча равишда тақдим этишга тайёрлигини
билдирди.
«Пишлоқ ҳали ҳар бир ўзбек
хонадонида пайдо бўлгани йўқ»
Иқтисодчи Отабек Бакиров товарларни
ноль ставкали божлар рўйхатидан чиқаришга қарши чиқди. Унинг сўзларига кўра,
уларнинг баъзилари бўйича нархлар охирги тўққиз ойда умумий инфляциядан тезроқ
ўсган.
У тақдим этилган материалларда
имтиёзлардан воз кечишнинг етарли иқтисодий ва молиявий асосларини
кўрмаганини таъкидлади.
«Агар бирор
бир товар рўйхатдан чиқарилаётган бўлса, бу иқтисодий ва молиявий жиҳатдан
асосланиши керак. Мен ҳеч қандай иқтисодий ва молиявий асосни
кўрмадим», — деди у.
Бакиров имтиёзлар амал қилиши
тўхтатилгач, пишлоқ ва сузмага импорт божи 15 фоизни, йогурт, олма
ва нокка 20 фоизни ташкил этишига эътибор қаратиб ўтди.
Унинг фикрича, бундай ставкаларнинг
жорий этилиши аҳолининг кундалик рационининг бир қисмига айланиб бораётган
маҳсулотларнинг ҳамёнбоплигини чеклаши мумкин.
«Илгари
бундай маҳсулотлар бизда қулф остида сақланарди. Меҳмон келмагунча ейилмасди.
Ўзбек халқи эндигина бу маҳсулотларни болалардан яширмайдиган
ва меҳмонга деб олиб қўймайдиган бўлиб яшай бошлади. Одамлар фақат қорнини
тўйдириш қайғусидан узоқлашиб, жиддийроқ эҳтиёжлар, вазифалар ва мақсадлар
ҳақида ўйлай бошлади. Билмадим, балки ушбу таклиф муаллифларининг уйида доим
пишлоқ, сузма ва йогурт бордир. Лекин сиз юз минглаб одамларни
бу маҳсулотлардан маҳрум қилмоқчисиз… Пишлоқ ҳали ҳар бир ўзбек хонадонида
пайдо бўлгани йўқ», — деди иқтисодчи.
У, шунингдек, ноль даражали божларни
ҳар йили узайтириш амалиётини танқид қилди. Бакировнинг сўзларига кўра, ҳар
йилнинг охиридаги ноаниқлик импортчилар, ишлаб чиқарувчилар
ва истеъмолчилар учун қийинчиликлар туғдирмоқда.
«Ҳар йили 29−30 декабрда ҳамма
имтиёзлар узайтириладими-йўқми, деб кутади. Бундай ноаниқлик ишлаб
чиқарувчилар, истеъмолчилар ва импортчилар учун нотўғри сигналлар
беради», — дея қайд этди у.
Иқтисодчи ишлаб чиқарувчилар
ва истеъмолчиларни қўллаб-қувватлашдаги ёндашувларнинг фарқига ишора
қилди. Ушбу лойиҳанинг ўзида саноат, жумладан, пахта-тўқимачилик кластерлари
учун айрим божхона имтиёзларини 2030 йилгача узайтириш назарда тутилган бўлса,
озиқ-овқат товарлари бўйича имтиёзларни рўйхатни қисқартирган ҳолда фақат бир
йилга узайтириш таклиф қилинмоқда.
Бакиров муҳокама қилинаётган
сирадаги барча товар позициялари учун ноль ставкаларни сақлаб қолишни
ва уларни доимий асосда ёки камида уч йилга белгилашни таклиф қилди.
«Божлар
нафақат импорт, балки маҳаллий маҳсулотлар нархини ҳам оширади»
Korzinka супермаркетлар тармоғи
асосчиси ва Савдо ва хизмат кўрсатиш ассоциацияси раиси Зафар Ҳошимов
иқтисодчининг эътирозларини қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига кўра, етарли
ишлаб чиқариш қувватлари ёки мўл ҳосилнинг мавжудлиги аҳоли тегишли маҳсулотлар
билан тўлиқ таъминланганини англатмайди.
Мисол
тариқасида у олма маҳсулотини келтирди. Ҳосил ҳажми мамлакатнинг ҳисоблаб
чиқилган эҳтиёжига мос келган тақдирда ҳам, меваларнинг бир қисми шарбат,
повидло ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун сарфланади, яна бир қисми
эса сақлаш ва ташиш жараёнида нобуд бўлади.
Тадбиркор кўрсатилган товар турлари
бўйича нархларнинг умумий инфляция даражасидан тезроқ ўсиши уларнинг
танқислигидан далолат беришини таъкидлади.
Ҳошимов импорт божларининг жорий
этилиши нафақат хорижий, балки маҳаллий товарлар қийматининг ҳам ошишига олиб
келиши мумкинлигини урғулади.
«Божлар
жорий этилганда нафақат импорт маҳсулот қимматлашади. Бу ички бозордаги
нархларни ҳам оширади. Агар импорт олма 20 фоизга қимматлашса, маҳаллий ишлаб
чиқарувчи ҳам нархни ошириши мумкин, чунки рақобат сусаяди», — деди
тадбиркор.
Унинг баҳолашича, айрим ҳолларда 20
фоизлик божнинг жорий этилиши маҳсулотнинг якуний қиймати 25−26 фоизга ошишига
олиб келиши мумкин.
Тадбиркор, шунингдек, озиқ-овқат
товарлари ўзбекистонлик оилалар харажатларида салмоқли улушни эгаллашини
эслатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, оддий
оилаларда даромадларнинг қарийб 40 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишга
сарфланади.
«Бугун
президент камбағалликка қарши курашиш ҳақида гапирмоқда. Бу жуда муҳим
ва биз бу масалага жиддий ёндашишимиз керак. Мен ҳам қишлоқ хўжалиги
ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлайман. Бироқ шу билан
бирга, биз истеъмолчилар ҳақида ҳам ўйлашимиз керак. Тадбиркорлар
истеъмолчиларга мослашиши керак, аксинча эмас. Тадбиркорларни истеъмолчилар
ҳисобидан ҳимоя қилишдай ҳолат бўлмаслиги керак», — деди Ҳошимов.
«Агар биз пишлоқ ва сузманинг
ҳамёнбоплигини пасайтирсак, одамлар кўпроқ нон ейди ва шакар солинган чой
ичади. Лекин биз аҳоли овқатланишининг хилма-хиллиги ҳақида ўйлашимиз
керак», — деди у.
Тадбиркор яна бир хавфдан —
божлар сезиларли даражада оширилганда қўшни мамлакатлардан маҳсулотларнинг
норасмий олиб кирилиши кенгайишидан огоҳлантирди.
Унинг фикрича, нархлар ўртасидаги
фарқнинг ортиши тегишли божхона ва санитария назоратисиз товарларни олиб
киришни рағбатлантириши мумкин. Бу ҳам истеъмолчилар, ҳам маҳаллий ишлаб
чиқарувчилар учун қўшимча хавф-хатарларни келтириб чиқаради.
Ҳошимов божхона имтиёзлари бўйича
ҳар йилги ноаниқликни инфляцион кутилмалар билан ҳам боғлади.
Унинг сўзларига кўра, йил охирида
баъзи етказиб берувчилар божлар бўйича қарорларни кутиб, товарларни омборларда
ушлаб туриши, бошқалари эса уларнинг ошиш хавфини олдиндан сотув нархларига
киритиши мумкин.
«Харидорларимиз
ушбу хавф туфайли кўпроқ пул тўламоқда. Бу [хавф] ўз вақтида, тўғри
ва шаффоф тартибга солишнинг йўқлиги сабабли давлат томонидан сунъий
равишда яратилган», — дея тушунтирди бизнесмен.
У ставкаларни ўзгартиришнинг
янада олдиндан айтиб бўладиган тартибини белгилашни, масалан, бозор
иштирокчиларини олти ой олдин огоҳлантирган ҳолда уларни уч йилда бир
марта қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.
Зафар Ҳошимов, шунингдек, ички
бозорнинг таъминланганини баҳолашда нафақат ишлаб чиқариш ва импорт
ҳажмини, балки истеъмолнинг ўсишини ҳам ҳисобга олиш зарурлигига эътибор
қаратди.
«Сиз: 84 минг тонна ишлаб чиқарилди,
импорт қўшилди — муайян ҳажмдаги маҳсулот олинди, деяпсиз. Лекин бу ҳали
у етарли эканини англатмайди. Иқтисодий прогноз қилаётганда шунчаки ўтган
кўрсаткичларга қараш мумкин эмас. Олдинга қараш керак. Ахир истеъмол ҳам ўсмоқда-ку», —
дея қайд этди у.
Унинг сўзларига кўра, 2027 йилдан
божхона имтиёзларини тўхтатиш тўғрисидаги қарорни фақат 2026 йилнинг
саккиз-тўққиз ойлик статистикасига асосланиб қабул қилиш мумкин эмас.
«Айтайлик,
бугун 84 минг тонна етарли. Лекин кейинги йили шу даврда истеъмол 84 минг
тонна эмас, балки 100 минг тоннага етиши мумкин. Унда ҳозирги ишлаб чиқариш
ҳажми етарли бўлмай қолади, нархлар эса янада кескин ошиши мумкин. Охир-оқибат
бу фуқароларимизнинг ҳамёни ва овқатланишида акс этади», — деб
огоҳлантирди тадбиркор.
Лойиҳани
қайта ишлашга қайтариш таклиф этилди
Йиғилишнинг бошқа иштирокчилари ҳам
божларнинг қайта тикланиши оқибатларини қўшимча баҳолаш зарурлигини
қўллаб-қувватладилар.
Хусусан, сутчилик соҳасидаги
муаммолар, жумладан, чорва моллари касалликлари, яйловларнинг қисқариши,
таннархнинг ошиши ва айрим корхоналарнинг ёпилиши муҳокама қилинди.
Кенгаш аъзоларидан бири
ҳисоб-китобларда нафақат ишлаб чиқариш ва расмий импортни, балки савдо ва
қайта ишлаш саноатида иш ўринларининг эҳтимолий қисқаришини, шунингдек, солиқ
тушумларининг ўзгаришини ҳам ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади.
Алоҳида равишда божхона
статистикасида акс этмаслиги мумкин бўлган чегараолди ва норасмий савдо
ҳажмларини ҳисобга олиш таклифи янгради.
Мунозаралар якунлари бўйича раислик
қилувчи тақдим этилган лойиҳа баҳсли қоидалар бўйича етарли таҳлилий
материаллар ва иқтисодий асослар билан бирга тақдим этилмаганини тан олди.
У ҳужжатни ишлаб чиқувчиларга
қайтаришни, қўшимча ҳисоб-китобларни ўтказишни, ташаббусни тадбиркорлар билан
муҳокама қилишни ва шундан сўнг лойиҳани қайта кўриб чиқиш учун киритишни
таклиф қилди.
«Лойиҳа
бўйича етарли асосланувчи таҳлиллар ва маълумотлар тақдим этилмагани
сабабли, уни қайтариб юбориш, сўралган сирадаги барча ҳисоб-китобларни қайта
кўриб чиқиш, ҳужжатни тадбиркорлар билан муҳокама қилиш ва кўтарилган
саволларга тўлиқ жавоб бериш таклиф этилади», — деди раислик қилувчи.
Билдирилган эътироз
ва таклифлар йиғилиш баёнида акс эттирилиши ва тегишли вазирлик ҳамда
идораларга юборилиши керак.
Шу тариқа, тўққизта товарлар
гуруҳи бўйича имтиёзларни узайтирмаслик таклифи ҳозирча лойиҳалигича қолмоқда. 2027 йил учун ноль даражали
импорт божлари бўлган товарлар рўйхати бўйича якуний қарор қабул қилингани йўқ.
Ўзбекистонда
нима учун ноль даражали божлар амал қилмоқда?
Айрим озиқ-овқат ва истеъмол
товарларига ноль даражали импорт божлари Ўзбекистонда инфляцияни жиловлаш
ва ички бозорни ҳамёнбоп маҳсулотлар билан таъминлаш чора-тадбирлари
доирасида жорий этилган эди.
2022 йил май ойида президент Шавкат
Мирзиёев бир қатор товарлар бўйича божларни ноллаштиришни назарда тутувчи
фармонни (ПФ-145) имзолади. Ҳужжат ижтимоий
аҳамиятга эга маҳсулотлар нархининг асоссиз ошишининг олдини олишга
ва монополияга қарши чоралар самарадорлигини оширишга қаратилган эди.
2023 йил март ойида ноль даражали
божлар қўлланиладиган товарлар рўйхатини кенгайтирган фармон (ПФ-41) қабул қилинди. Унга сут
маҳсулотлари, пишлоқлар, сузма (творог), шоколад, мевалар ва бошқа
озиқ-овқат маҳсулотлари киритилди.
Имтиёзларнинг амал қилиш муддати бир
неча бор узайтирилган. Охирги марта бу 2025 йил 30 декабрдаги фармон (ПФ-269) билан — 2027 йил 1
январгача амалга оширилди.
Ушбу ҳужжатда ҳукуматга зарурат
туғилганда озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан
таъминлангани ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини ҳисобга олган ҳолда
ноль даражали божлар бўлган товарлар рўйхатини ўзгартириш бўйича таклифлар
киритиш топширилган эди.
Муҳокама қилинаётган лойиҳа ушбу
топшириқ ижроси юзасидан тайёрланган.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
09 11 2026 / 11:21