Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

«Фермер ҳам, кластер ҳам бир-бирисиз даромадга эриша олмайди» — қишлоқ хўжалиги вазири



Улашинг :


Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов кластерлар ва фермерлар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилишда илм-фан ва олимлар ҳам иштирок этиши зарур деб ҳисоблайди. Унга кўра, кластерлар қишлоқ хўжалиги учун энг мақбул ечим. «Чунки икки томон бир-бирисиз даромадга эриша олмайди», — деди вазир.

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов кластерлар тизимини соҳанинг келажаги ва энг мақбул ечими, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, кластерлар фермерлар билан ҳамкорлик қилиши, уларни рағбатлантириши ва икки томон манфаатларини уйғунлаштириши керак. Бу ҳақда вазир 6 ноябрь куни Контент тайёрлаш марказида ОАВ вакилларига берган интервьюсида таъкидлади, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Вазирнинг сўзларига кўра, кластерлар фермерлар етиштирган маҳсулотни сотиб олиш ва қайта ишлаш орқали улар учун барқарор бозор яратади. Айниқса, пахтачиликда бу тизим муҳим, чунки фермерлар етиштирган пахтани сотиш учун харидор ва қайта ишлаш имконияти бўлиши керак.

«Мен вазир сифатида, албатта, фермерлар тарафида хизмат қиламан. Лекин мен учун бозор ҳам керак. Президентимиз кластерлар тизимини фермерлар даромадга чиқиши учун жорий қилган. Пахтани ўйланг, кластер бўлмаса, уни ким сотиб олади? Маҳсулот сотилмай қолиб кетиши мумкин. Бошқа мева-сабзавот маҳсулотларида бўлгани каби қийинчиликлар юзага келарди. Тўқимачилик кластерлари — келажак, бозорга олиб чиқадиган йўл. Буни фермерлар ҳам яхши тушуниши керак», — дейди Иброҳим Абдураҳмонов.

Шу билан бирга, вазир кластерлар ҳам фермерлар билан ҳамкорликдан манфаатдор бўлиши, уларга қўшимча рағбат ва бонуслар беришини таъкидлади. Унинг фикрича, икки томон бир-бирисиз даромадга эриша олмайди.

«Кластерлар фермерларсиз даромадга чиқа олмайди. Улар фермерлар билан бирга ишлаши, бу ҳамкорликни мустаҳкамлаши керак. Икки томон бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиши лозим», — дейди вазир.

Абдураҳмонов кластерлар ва фермерлар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилишда илм-фан ва олимлар ҳам иштирок этиши зарурлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, кластерлар пахта етиштириш харажатлари юқорилигидан, фермерлар эса маҳсулоти арзон баҳоланаётганидан норози.

«Кластер нимадан норози? Пахтанинг қимматлигидан. Фермер нимадан норози? „Пахтамизни арзон оляпти“, дейди. Бу икки томоннинг манфаатини уйғунлаштириш учун ўртада олимлар туриши керак. Фанлар академияси, олимлар бу жараёнда воситачи бўлиб, етиштиришни соддалаштириши, арзонлаштириши ва ҳам кластер, ҳам фермер манфаатига мос ечим топиши мумкин», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, илмий ишланмалар орқали харажатларни қисқартириш маҳсулот таннархини пасайтиришга, бу эса фермер ва кластер учун ўзаро манфаатли шароит яратишга хизмат қилиши мумкин.

Абдураҳмонов кластерлар тизимини нафақат пахтачиликда, балки мева-сабзавотчилик, паррандачилик ва чорвачиликда ҳам ривожлантириш зарурлигини қайд этди. Унинг фикрича, маҳсулот етиштириш билан уни қайта ишлаш ва бозорга етказиб бериш вазифалари ўзаро боғлиқ бўлса-да, турли иштирокчилар ўртасида тақсимланиши керак.

«Қайта ишловчи пахта етиштирмаслиги керак. Буни фермерлар қўлига бердик. Фермер пахта етиштиради, бозорни таъминлайдиганлар эса маҳсулотни қайта ишлайди. Кластер тизими — ким нима деса десин, қишлоқ хўжалиги учун энг мақбул ечим. Нафақат пахтачиликда, мева-сабзавотчилик, паррандачилик ва чорвачиликда ҳам», — дейди вазир.

У кластерлар тизими айрим фермерларга ҳозирча кутилган натижани бермаётгандек кўриниши мумкинлигини тан олди. Бироқ вазир бу механизмни қишлоқ хўжалигидаги муҳим ислоҳотлардан бири сифатида баҳолади.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

09 11 2026 / 12:15