
Жумладан, кичик бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш, хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланди. Шунингдек, муқобил ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинди, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари қисқартирилди, соддалаштирилди.
Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида Бизнес-омбудсманнинг Навоий вилоят ходимларига 244 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 214 мурожаат кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 109 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 105 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
– Келиб тушган мурожаатлар таҳлил этилганда, уларнинг 63 таси банк-кредит, 19 таси ер, бино ажратиш ва олиб қўйиш, 12 таси ноқонуний текширишлар, 29 таси солиқ ва божхона, 18 таси шартномавий муносабатлар, 24 таси инфратузилмани ривожлантириш, 15 таси суд, суриштирув-тергов ва 64 таси бошқа (ҳудудий ҳокимлик ҳамда тегишли идора мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан норози) масалаларда эканлигини кўриш мумкин, – дейди Бизнес-омбудсманнинг Навоий вилоятида фаолият кўрсатувчи етакчи инспектори Комилжон Кулиев. – Мурожаатлар ва ўрганишлар асосида тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат органларига 54 та таъсир чоралари, жумладан 4 та тақдимнома киритилиб, 18 нафар мансабдор шахсга интизомий жазо чораси қўлланилди. Шунингдек, 10 та даъво аризаси, 1 та хулоса, 38 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқилиши учун судларга юборилди. Жумладан, Кармана туманида фаолият юритаётган “Karmana Bahor” оилавий корхонаси раҳбарининг Навбаҳор ўрмон ишлаб чиқариш корхонасига етказиб берилган маҳсулотлар учун умумий қиймати 60,1 миллион сўм маблағ тўланмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати юзасидан корхона манфаатини кўзлаб Навбаҳор туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан оилавий корхона фойдасига белгиланган маблағ ундирилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Албатта бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, бу борада аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини қонуний ҳал этилишини таъминлаш юзасидан аниқ механизмлар ишлаб чиқилган бўлиб, амалда таъминланмоқда. Бу эса тадбиркорлик фаолиятининг янада ривожланишига хизмат қилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
12 07 2021 / 14:25