Президентнинг
05.11.2026 йилдаги «Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган
ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-393-сонли қарори
қабул қилинди.
2027 йилдаги асосий мақсадлар:
·
ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 108 %га,
саноат ишлаб чиқаришининг 107 %га, бозор хизматларининг 117 %га, қишлоқ
хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришининг 105 %га ва қурилиш ишларининг 113 %га
ўсиши;
·
экспорт ҳажмини 550 млн долларга ошириш
ва умумий инвестициялар ҳажмини икки бараварга ошириб, 5 млрд долларга етказиш;
·
125 мингта кам таъминланган оиладан 513
минг кишини юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш;
·
яшил энергия яратиш орқали углерод
кредитларини иқтисодий активларга айлантириш;
·
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб
чиқаришга мўлжалланган 17 минг гектар ерни иқтисодий муомалага киритиш,
шунингдек чўл ҳудудларида 20 минг гектар майдонда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб
чиқаришни ташкил этиш;
·
2026 йил якунига қадар Қорақалпоғистон
Республикасини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш.
Замонавий массивлар барпо
этиш ва ижтимоий инфраструктурани такомиллаштириш
Хусусан, замонавий кўп квартирали уйлар, савдо ва бизнес марказлари,
меҳмонхоналар, боғлар, яшил ҳудудлар, фавворалар, спорт майдончалари, ижтимоий
таъминот муассасалари ва бошқа объектларни, шу жумладан «ақлли шаҳар»
ечимларини барпо этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, «15 дақиқалик шаҳар» тамойили бўйича жамоат транспортини
жорий этиш учун шароитлар яратилади.
50 минг кишига мўлжалланган 270 гектар майдонда илғор архитектура
ечимлари ва энергия тежовчи технологиялардан фойдаланган ҳолда «Нукус-сити»ни лойиҳалаштириш
ва қуриш Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида Янги Тошкент тажрибаси асосида амалга
оширилади.
Шу тариқа, Нукус шаҳрининг «Нур» ва «Элобод» маҳаллаларида
ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, капитал таъмирлаш ва қурилиш ишлари учун
Тошкент шаҳри бюджетининг орттириб бажарилган қисми ҳамда Тошкент шаҳрини
ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 млрд сўм ажратилади.
Аҳолининг долзарб муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида
Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жамғармаси
маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасининг 2026-2027 йилларга
мўлжалланган ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни
ривожлантириш
Ҳужжатда 20 минг гектар чўл ҳудудларида озуқа етиштириш соҳасида Миср
тажрибасини жорий этиш назарда тутилган. Бунда Мисрдан тегишли мутахассислар ва
технологиялар жалб этилади ҳамда Осиё тараққиёт банкининг яйловларни қайта
тиклаш учун ажратилган кредит ва грант маблағларининг тегишли қисми ушбу
лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади.
Яйловларни қайта тиклаш ва чорвачилик бўйича лойиҳаларни амалга
ошириш учун «Узагростар» холдинги муассислигида «Бўзатов Агростар» компанияси
ташкил этилади. «Бўзатов Агростар» дронлардан фойдаланган ҳолда ўтлар ва яйлов
экинлари уруғларини грануляция ва инкапсуляция қилиш ҳамда экишни амалга
оширади.
«Яшил саноат коридори –
интеллектуал иқтисодиёт учбурчаги»ни яратиш
Ахборот технологиялари ва логистика соҳасида 20 минг нафар ёшлар
ўқитилади, шунингдек ушбу соҳада янги корхоналар ва стартаплар ишга туширилади.
Шунингдек, олис ҳудудлардаги ёшларни ахборот технологиялари соҳасида
ўқитиш ва 1,5 мингта юқори даромадли иш ўринларини яратиш учун хориждан
Қорақалпоғистонга камида 10 нафар иқтидорли ватандошларни жалб этиш
режалаштирилмоқда.
Орол денгизи ҳудудида 50 минг гектар майдонда ўрмонларни босқичма-босқич
қайта тиклаш лойиҳаси ишга туширилади.
«Хомашё – тайёр маҳсулот – экспорт»
занжирини яратиш
Қўнғирот туманининг «Барсакелмес» туз конлари ҳудудида ташкил этилган,
тузни қайта ишлашга ихтисослашган «Қўнғирот туз ҳудуди» саноат зонасини
бошқариш учун Туз ресурсларидан фойдаланиш дирекцияси ташкил этилмоқда.
Дирекциянинг асосий вазифалари:
·
электрон онлайн-аукционлар учун ер
участкаларини жойлаштириш, лойиҳалар амалга оширилишини мониторинг ва назорат
қилиш, шунингдек саноат зонасини бошқариш билан боғлиқ бошқа функцияларни
бажариш;
·
туз конларидан оқилона фойдаланишни
таъминлаш, туз хомашёси захираларини баҳолаш ва ягона рақамли маълумотлар
базасини шакллантириш;
·
туз хомашёси қазиб олинадиган ҳудудларда
туз конларини қайта тиклаш учун зарур шароитлар яратиш ҳамда кончилик
участкаларини босқичма-босқич рекультивация қилиш ва доимий мониторинг олиб
бориш;
·
маҳаллий туз ишлаб чиқарувчиларга
муаммоларни ҳал этишда, шу жумладан миллий брендни яратиш ва ташаббусларни
илгари суришда ёрдам кўрсатиш.
Ҳужжат
Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва
06.11.2026 йилдан кучга кирди.
Лола
Абдуазимова
Батафсил: https://www.norma.uz/uz/qonunchilikda_yangi/qoraqalpogistonda_5_mlrd_dollar_investiciya_jalb_etish_va_513_mingta_ish_urnini_yaratish_rejalashtirilmoqda
Сарлавха :
Иқтисодиёт
09 11 2026 / 13:40