Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб
чиқарилган музлаткич, кир ювиш машинаси, кондиционер ва бошқа маиший
техникалар хариди учун йиллик 18% ставкада истеъмол кредитлари жорий этиш
режалаштирилмоқда. Президент аҳолига кредит бериш учун банкларга арзон ресурслар
ажратиш бўйича таклифлар тайёрлашни топширди.
9 ноябрь куни Ўзбекистон президенти
Шавкат Мирзиёев электротехника саноати вакиллари, тадбиркорлар ҳамда
инвесторлар билан учрашувда маҳаллий
маиший техника савдосини рағбатлантиришнинг янги механизмини таклиф қилди. Бу
ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Таклифга
кўра, тижорат банклари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган музлаткич, кир ювиш
машиналари, кондиционер ва бошқа турдаги маиший техникалар хариди учун йиллик
18 фоиз ставкада истеъмол кредитлари ажратади.
Йиғилишда таъкидланганидек, янги
механизм, бир томондан, оилаларнинг замонавий маиший техника харид қилиш
имкониятларини кенгайтириш, иккинчи томондан, маҳаллий корхоналар маҳсулотлари
сотувини оширишга хизмат қилиши керак.
Президент мутасаддиларга икки ҳафта
ичида тегишли ҳисоб-китобларни тайёрлаб, дастурни амалга ошириш учун тижорат
банкларига арзон молиявий ресурсларни жойлаштириш бўйича аниқ таклифлар
киритишни топширди.
Шу билан бирга, банклар
маблағларни айнан қайси манбалар ҳисобидан олиши, кредитларнинг энг юқори
миқдори ва муддатлари, шунингдек, қарз олувчиларга қўйиладиган талаблар
аниқлаштирилмаган. Дастурни ишга тушириш муддатлари ҳам маълум қилинмаган.
Таққослаш учун,
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил август ойида
жисмоний шахсларга миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган
фоиз ставкаси йиллик 21,3 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич кредитларнинг ҳар
хил турларини қамраб олгани сабабли таклиф этилаётган дастурга тўғридан-тўғри
қиёслаш учун мос эмас.
Йиғилишда, шунингдек, сўнгги 10
йилда Ўзбекистон электротехника саноатига 2 млрд доллар инвестиция жалб
этилгани ва 413 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилгани маълум
қилинди.
2026 йилда тармоқда ишлаб чиқариш
ҳажми 50 трлн сўмга етган. 2016 йилда бу кўрсаткич 1,7 трлн сўмни ташкил этган.
Электротехника маҳсулотлари экспорти 1,6 млрд долларга етди.
Келгуси уч йилда маиший техника
соҳасида умумий қиймати 600 млн доллар бўлган яна 19 та инвестиция
лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
10 11 2026 / 11:23