Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда давлатдан имтиёз олган йирик инвестиция лойиҳаларида маҳаллий электротехникадан фойдаланиш мажбурий бўлади



Улашинг :


Ўзбекистонда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш талабини қиймати $10 млндан ортиқ бўлган, давлатдан имтиёз ва арзон ресурс оладиган инвестиция лойиҳаларига ҳам татбиқ этиш режа қилинмоқда. Ҳозир ДХШ энергетика лойиҳаларида маҳаллий маҳсулот улуши 25%, кабель маҳсулотлари бўйича — 70% бўлиши керак.

Ўзбекистонда маҳаллий электротехника маҳсулотларига ички бозорда талабни рағбатлантириш чора-тадбирларини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни электротехника саноати вакиллари, тадбиркор ва инвесторлар билан мулоқотда маълум қилди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, Ҳозир энергетика соҳасидаги хусусий шериклик лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 25 фоиз, кабель маҳсулотлари бўйича эса 70 фоиз бўлиши талаби мавжуд.

Эндиликда алоҳида солиқ ва бошқа имтиёзлардан фойдаланаётган ёки давлатдан арзон ресурс олган, қиймати 10 млн доллардан юқори инвестиция лойиҳаларига ҳам ушбу талаблар татбиқ этилади.

Шу тариқа, янги талаблар нафақат энергетика соҳасидаги ДХШ лойиҳаларига, балки давлат имтиёзларидан фойдаланаётган бошқа йирик инвестиция лойиҳаларига ҳам тааллуқли бўлади.

Давлат харидларига ёндашувнинг ўзгариши

Йиғилишда президент электротехника маҳсулотлари бўйича давлат харидларига ёндашувлар қайта кўриб чиқилишини ҳам эълон қилди.

Давлат харидлари доирасида мамлакатда ҳар йили 10 трлн сўмлик электротехника маҳсулотлари сотиб олинади.

Илгари тадбиркорлар давлат корхоналарининг буюртмаларини тўрт-бешта алоҳида платформа орқали кузатишга мажбур эди. Эндиликда барча давлат буюртмалари битта платформада акс эттириладиган тизим жорий қилинди.

Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан давлат харидлари бўйича уч йиллик режаларни олдиндан эълон қилиш бошланади. Бу тадбиркорларга талабни олдиндан билиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ускуналар харид қилиш ва инвесторлар жалб этиш имконини беради.

Давлат харидларида фақат энг арзон нархга қараб маҳсулот танлаш амалиёти қайта кўриб чиқилади. Чунки арзон импорт маҳсулотнинг кейинги эксплуатация харажатлари анча юқори бўлиши мумкин.

Йиғилишда мисол тариқасида иккита 40 киловаттли трансформатор назорат хариди натижалари келтирилди. Импорт маҳсулот маҳаллийсидан 400 минг сўм арзон бўлган. Аммо унинг электр энергиясининг сарфи 10 фоизга, фойдаланиш давридаги таъмирлаш харажати эса тўрт баробарга юқорилиги аниқланган.

Шу сабаб давлат харидларида маҳсулотнинг бутун хизмат муддати давомидаги харажатларни баҳолаш тизими — life-cycle cost ёндашуви жорий этилади. Бунда харид нархи билан бирга электр сарфи, таъмирлаш, сервис ва фойдаланиш харажатлари ҳам ҳисобга олинади.

Сентябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев электротехника саноатини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирларини кўриб чиққан эди. Ўшанда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилдаги 4,7 трлн сўмдан 43,1 трлн сўмга етгани, экспорт эса 1 млрд доллардан ошгани маълум қилинган. Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари 65 та давлатга етказиб берилмоқда.

Қўллаб-қувватлаш чоралари доирасида тармоқ корхоналари учун солиқ ва божхона имтиёзларини 2030 йилгача узайтириш, шунингдек, Ўзбекистонга камида 50 млн доллар инвестиция киритадиган йирик халқаро брендларга солиқ имтиёзлари бериш таклиф этилган.

Қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш ҳисобига маҳаллий маҳсулотларга талабни оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, умумий қуввати 15 ГВт бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган. Бу ҳар йили қарийб 500 млн долларлик электротехника маҳсулотларига буюртмалар бозорини шакллантириши керак.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

10 11 2026 / 11:36