Ўзбекистонда уч йил ичида $11,6
млрдлик 164 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Улар орасида
электромобиллар учун компонентлар, сервер ускуналари, электроника
ва саноат роботларини ишлаб чиқариш лойиҳалари бор. Президент ҳудудлар
учун истиқболли йўналишларни белгилаб берди.
Ўзбекистон
президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни электротехника саноати вакиллари,
маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар билан учрашув ўтказди. Йиғилишда тармоқни
ривожлантириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш
ва экспортни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Президент матбуот
котиби Шерзод Асадов маълум қилишича, келгуси уч йилда электротехника
ва у билан боғлиқ янги саноат йўналишларида умумий қиймати 11,6 млрд
долларлик 164 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Лойиҳалар олтита асосий йўналишга
тақсимланган:
·
электрон
компонентлар ва микроэлектроника — 3,5 млрд долларлик 21
та лойиҳа;
·
саноат
робототехникаси ва ускунасозлик — 3 млрд долларлик 45 та лойиҳа;
·
кабель
саноати — 2,5 млрд долларлик 41 та лойиҳа;
·
трансформаторлар
ва насослар ишлаб чиқариш — 1,4 млрд долларлик 29 та лойиҳа;
·
транспорт
ва электромобиллар учун электротехника маҳсулотлари — 650 млн
долларлик 9 та лойиҳа;
·
маиший
техника — 600 млн долларлик 19 та лойиҳа.
Ҳар бир йўналишга масъул раҳбарлар
ва асосий буюртмачилар бириктирилади. Уларга таянч инвесторларни жалб
қилиш, илмий марказлар ва техника олийгоҳлари билан ҳамкорликни йўлга
қўйиш вазифаси юклатилди.
Ҳудудларда
қандай ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади?
Йиғилишда
президент электротехника саноатини янада ривожлантириш мавжуд қувватларни
ошириш билан чекланиб қолмаслиги кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра,
тармоқда катта технологик сакрашни амалга ошириш ва янги турдаги
маҳсулотларни ўзлаштириш зарур.
Хусусан, айрим ҳудудлар учун
истиқболли йўналишлар белгилаб берилди:
·
Тошкент
вилояти — энергия батареялари ва электроника учун юпқа мис фольгаси
ишлаб чиқариш;
·
Жиззах
вилояти — электромобиллар учун инверторлар ва зарядлаш қурилмалари;
·
Наманган
вилояти — сув насослари учун энергия тежамкор электр двигателлари;
·
Қорақалпоғистон —
серверлар учун узлуксиз электр таъминоти ва совитиш тизимлари;
·
Андижон
вилояти — офис техникаси ва тайёр кабель тўпламлари;
·
Тошкент
шаҳри — серверлар, интерактив панеллар ва сенсорли датчиклар;
·
Қашқадарё
вилояти — телевизорлар учун электрон платалар ишлаб чиқариш.
Энергия сақлаш тизимлари учун
ускуналар ишлаб чиқаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2030 йилга бориб
Ўзбекистонда бундай тизимларнинг қувватини 4,5 ГВтга етказиш режалаштирилмоқда.
Йиғилишда таъкидланганидек, хорижий
ҳамкорлар ушбу лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар
маҳсулотларидан фойдаланишга тайёр. Бироқ зарур ускуналарнинг бир қисми ҳозирча
мамлакатда ишлаб чиқарилмайди.
Кузатув
камераларини ишлаб чиқариш ҳам истиқболли йўналишлардан бири сифатида қайд
этилди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, ички бозорда бундай ускуналарга
йиллик талаб 200 млн долларга етади, қўшни давлатлар бозори ҳисобга олинганда
эса 600 млн доллардан ошади.
Ҳозир Бухородаги Digital Security
ва Самарқанддаги Samvision корхоналари ўз дастурий таъминоти асосида
йилига қарийб 2000 та камера ишлаб чиқармоқда. Президент бундай
лойиҳаларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, банкоматлар ишлаб
чиқаришни ташкил этиш имкониятларини ўрганиш топширилди.
2025 йилда
Ўзбекистонга қиймати 50 млн доллардан ортиқ бўлган 9000 та банкомат импорт
қилинган. Йиғилишда янги уй-жой массивлари, савдо ва кўнгилочар мажмуалар
қурилиши ортидан бундай ускуналарга эҳтиёж ҳам ортиб бориши таъкидланди.
Масъулларга ички талабни ҳисоб-китоб
қилиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун технологиялар
ва инвесторларни жалб қилиш вазифаси топширилди.
Электротехника
маҳсулотлари экспортини 5 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда
Президент юқори қўшилган қийматли
маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига Ўзбекистон электротехника
маҳсулотлари экспортини 5 млрд долларга етказиш имконияти борлигини ҳам
таъкидлади.
Йиғилишда тақдим этилган
маълумотларга кўра, 2026 йилда тармоқда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 50 трлн
сўмга етган. Таққослаш учун, 2016 йилда бу кўрсаткич 1,7 трлн сўмни ташкил
этган.
Сўнгги 10 йилда электротехника
саноатига қарийб 2 млрд доллар инвестиция жалб қилинди ва 413 та янги
ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди.
Маиший техника, қуёш панеллари,
электрон ҳисоблагичлар ва юқори кучланишли трансформаторлар каби 100 дан ортиқ
турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Тармоққа ҳар йили жалб қилинаётган
инвестициялар ҳажми 600 млн долларга, экспорт эса 1,6 млрд долларга етди. 10
йилда экспорт 14 баробар ўсди.
Шу билан бирга, давлат раҳбари
эришилган натижалар мавжуд имкониятларга нисбатан кам эканини таъкидлади.
Тармоқни янада ривожлантириш
омилларидан бири сифатида мис ишлаб чиқаришни кўпайтириш белгиланди. 2026 йилда
3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилди. Ушбу лойиҳа ҳисобига мис ишлаб чиқариш
ҳажмини 300 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 500 минг тоннага етказиш
режалаштирилмоқда.
Бундан
ташқари, Ўзбекистон келгуси 10 йилда хорижий ҳамкорлар билан иқтисодиётнинг
турли тармоқларида умумий қиймати 450 млрд долларлик лойиҳаларни амалга
оширишни режалаштирмоқда. Йиғилишда таъкидланганидек, уларнинг амалга оширилиши
электротехника маҳсулотларига қўшимча талабни шакллантиради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда
маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш талабини қиймати $10 млндан ортиқ бўлган,
давлатдан имтиёз ва арзон ресурс оладиган инвестиция лойиҳаларига ҳам
татбиқ этиш режа қилинмоқда.
Ҳозир ДХШ энергетика лойиҳаларида маҳаллий маҳсулот улуши 25%, кабель
маҳсулотлари бўйича — 70% бўлиши керак.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
10 11 2026 / 12:15