Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик даврида 3,3 млрд долларлик лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда



Улашинг :


Ўзбекистон 2027−2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилиш даври учун умумий қиймати 3,3 млрд доллар бўлган 133 та лойиҳани тайёрлади. Улар сув ресурслари, экология ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳаларини қамраб олади.

Президент Шавкат Мирзиёев Оролни қутқариш халқаро жамғармасига Ўзбекистон раислиги даврида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси 1993 йилда Марказий Осиё давлатлари томонидан ташкил этилган. У Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини келишилган ҳолда бошқаришни таъминлайди.

2027−2029 йилларда Ўзбекистон жамғармага раислик қилади. Бу давр учун сув ресурслари, экология ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳаларида 133 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Улар доирасида сув хўжалиги иншоотларини модернизация қилиш ва реконструкция қилиш, сувни тақсимлаш, ҳисобга олиш ва мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш, гидрометеорологик маълумотларни кузатиш, тошқин ва қурғоқчиликни прогноз қилиш ҳамда улардан эрта огоҳлантириш бўйича минтақавий рақамли платформани яратиш, шунингдек, аҳолини ичимлик суви ва санитария хизматлари билан таъминлаш даражасини ошириш кўзда тутилган.

Лойиҳаларнинг умумий қиймати 3,3 млрд долларни ташкил этади. Улар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Яшил иқлим жамғармаси, Глобал экологик жамғарма ва бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида молиялаштирилади.

Президент келгуси йилдаги ишлар бўйича ойма-ой «йўл харитаси»ни тасдиқлаш ва унинг ижросини таъминлашни топширди. Шунингдек, лойиҳаларни амалга оширишга хориждаги ватандошлар қатори халқаро экспертлар, профессорлар ва олимларни жалб этиш бўйича кўрсатма берди.

Ўзбекистоннинг ОҚХЖга раислигидаги устувор вазифалар сифатида жамғарма тузилмаси ва унинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, органлари ваколатларини аниқ белгилаш, Афғонистон билан конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлаш белгиланди. Шунингдек, жамғарма кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларида қабул қилинган қарорлар билан уйғунлаштиришга эътибор қаратилади.

«Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети жамғарма ташаббусларини амалга ошириш учун илмий-таҳлилий платформага айланади. Шу муносабат билан олийгоҳнинг таълим ва илмий-тадқиқот жараёнларига сунъий интеллект технологияларини жорий этишни жадаллаштириш, экологик тикланиш ва сувни тежаш бўйича тадқиқотларни кенгайтириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни кучайтириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Амударё ва Сирдарё ҳавзалари бўйича ягона маълумотлар базаси яратилади, минтақа мамлакатлари олимлари билан биргаликда чўлланишга қарши курашиш лойиҳалари ишлаб чиқилади, инвестиция ва грантлар жалб этилади. Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон учун сув хўжалиги бўйича бакалавриат ва магистратура дастурлари ҳам йўлга қўйилади.

gazeta.uz


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

10 11 2026 / 14:29