Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

CLiCA иқлим дастури доирасида Ўзбекистонда 103,7 млн евролик инвестиция эвазига 141 минг гектар ер тикланади



Улашинг :


БМТнинг COP31 анжуманида «Марказий Осиёнинг иқлимий барқарор ландшафтлари» (CLiCA) дастури ишга туширилди. Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг 4 та вилоятидаги 15 та туманга 103,7 миллион евро инвестиция жалб этилиб, 141 минг гектардан ортиқ ер қайта тикланади.

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (UNFCCC COP31) доирасида «Марказий Осиёнинг иқлимий барқарор ландшафтлари» (CLiCA) минтақавий дастурини амалга оширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Яшил иқлим жамғармаси, Германия ҳукумати, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда Европа инвестиция банки кўмагида ишлаб чиқилган ушбу дастурда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон иштирок этмоқда.

Ўзбекистонда дастурни амалга ошириш учун Андижон, Фарғона, Наманган ва Сурхондарё вилоятларининг 15 та тумани танлаб олинган бўлиб, ушбу ҳудудларга 103,7 миллион евро миқдорида инвестиция жалб этилиши кўзда тутилган.

Дастур доирасида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

· 18 минг гектар ўрмон ҳудудлари ва 123 минг гектар яйловлар қайта тикланади;

· томчилатиб суғориш тизимлари ва қурғоқчиликка чидамли экин навлари кенг жорий этилади;

· иссиқхоналар ташкил этилиб, 12 минг нафар фермерга иқлим бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатилади;

· маҳаллий банклар орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.

Натижада 342 минг нафар аҳолининг (ярмини аёллар ташкил этади) иқлим хавф-хатарларига нисбатан барқарорлиги оширилади. Ҳисоб-китобларга кўра, миллий ҳиссадаги ҳар 1 евро эвазига халқаро ҳамкорларнинг 24 евродан ортиқ маблағини жалб қилиш имконияти мавжуд.

Ўзбекистон мажбуриятлари

Тадбирда иштирок этган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистоннинг учта муҳим мажбуриятини белгилаб берди.

Биринчи муҳим йўналиш — дастурни тезкор ишга тушириш ҳисобланади. Лойиҳани 2027 йилда ўз вақтида бошлаш мақсадида Миллий бошқарув қўмитаси ва Дастур бошқаруви гуруҳи тузилади.

Шунингдек, натижалар учун миллий масъулият таъминланиб, эришилган кўрсаткичлар туманларни ривожлантириш режаларига интеграция қилинади. Қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва ердан фойдаланиш бўйича идоралараро кенгаш (AFOLU) дастур якунланганидан кейин ҳам доимий мувофиқлаштирувчи орган сифатида фаолиятини давом эттиради.

Учинчи мажбурият амалга ошириш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлиб, тикланган ер майдонлари, фермерлар даромадларининг ўсиши ва аҳоли турмуш даражасидаги реал ўзгаришлар бўйича очиқ ҳисобот бериб борилади.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

10 11 2026 / 15:48