Ўзбекистон Президенти Шавкат
Мирзиёев Анталияда Яшил иқлим фонди ижрочи директори Мафальда Дуэрте
ва ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашди. Мулоқотларда иқлим
лойиҳаларини молиялаштириш ва икки институт билан ҳамкорликнинг устувор
йўналишлари муҳокама қилинди.
Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган COP31
саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Яшил иқлим фонди ижрочи
директори Мафальда Дуэрте билан учрашди. Мулоқотда иқлим ўзгаришига мослашиш
бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва иқлим молияси маблағларини жалб этиш
масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Фонд билан шериклик мустаҳкамланиб
бораётгани қайд этилди. Қўшма лойиҳалар портфели 200 миллион доллардан ошган.
Президент Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли ландшафтларни яратиш бўйича
минтақавий дастур маъқулланганини олқишлади.
Учрашувда Ўзбекистон молия
институтларининг фонд ресурсларидан тўғридан-тўғри фойдаланишини таъминлаш,
иқлимга оид йирик инвестиция дастурини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Дастур Оролбўйини экологик жиҳатдан тиклаш ва «яшил» шаҳарларни
ривожлантиришни ҳам қамраб олиши кўзда тутилган. Томонлар шерикликни
мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Европа
тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашди.
Унда банк билан стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг амалий
жиҳатлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон олти йилдан буён ЕТТБнинг
минтақадаги энг йирик молиявий ҳамкори ҳисобланади. Лойиҳалар портфели 7
миллиард доллардан ошган, 2025 йилда эса банк амалиётлари ҳажми илк бор 1
миллиард доллардан юқори бўлган.
Банкнинг «яшил иқтисодиёт»ни
ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди. ЕТТБнинг Ўзбекистонга
киритган сармояларининг қарийб 60 фоизи шу йўналишдаги лойиҳаларга тўғри
келади.
Келгуси йил учун электр
инфратузилмасини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат
тармоқларини ривожлантириш, банк соҳасида хусусийлаштиришни амалга ошириш,
Тошкент халқаро молия марказини ишга тушириш ҳамда давлат-хусусий шериклик
лойиҳаларини илгари суриш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида
белгиланди. 2027 йилда Хорижлик инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини
ўтказишга тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
gazeta.uz
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
11 11 2026 / 11:04