Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда
чорвачилик маҳсулдорлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлаш учун 60 млн доллар
миқдорида имтиёзли қарз ажратишни маъқуллади. Лойиҳа мамлакатнинг бешта
ҳудудидаги қарийб 29 мингта кичик фермер хўжалигини қамраб олади.
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда
чорвачилик маҳсулдорлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлаш учун 60 млн доллар
миқдорида имтиёзли қарзни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
«Чорвачиликни
барқарор ривожлантириш» лойиҳаси Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд
вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган қарийб 29
мингта кичик фермер хўжалигини қўллаб-қувватлайди. Лойиҳа фермерларнинг озуқа
базасидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, ветеринария хизматларини
кучайтириш ҳамда яйлов ресурсларини самарали бошқаришни рағбатлантиришга ёрдам
беради.
«Чорвачилик Ўзбекистон қишлоқ
ҳудудларидаги миллионлаб инсонлар учун муҳим даромад ва озиқ-овқат манбаи
ҳисобланади. Бироқ ушбу тармоқ тобора кучайиб бораётган қурғоқчилик, ҳаддан
ташқари иссиқ ҳаво ва сув танқислигининг салбий таъсирига дуч
келмоқда, — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари
Канокпан Лао-Арая. — Мазкур лойиҳа фермерларга чорва маҳсулдорлигини
ошириш, ер ва сув ресурсларидан самаралироқ фойдаланиш ҳамда иқлим
хатарларига нисбатан барқарорлигини кучайтиришга ёрдам беради».
Лойиҳа кучайиб бораётган
қурғоқчилик, жазирама иссиқ ва сув танқислиги таъсирини камайтириш учун
амалий ечимларни жорий этади. Жумладан, яйловларни бошқариш такомиллаштирилади,
қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли озуқабоп экинларни етиштириш кенгайтирилади,
чорва суғориш пунктлари тикланади ва озуқа таъминоти яхшиланади.
Шунингдек, лойиҳа ветеринария ва
қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳат хизматларини рақамли технологиялар ёрдамида
кучайтиради. Бунга сунъий интеллект асосида яйловларни мониторинг қилиш тизими,
фермерларга тавсиялар ва эрта огоҳлантиришларни тақдим этувчи мобил илова
ҳамда жамоатчиликка асосланган ветеринария хизматларини модернизация қилиш
киради. Чорвачилик билан шуғулланувчи аёллар ем-хашак ишлаб чиқариш бўйича
мақсадли ўқув дастурлари ва қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланади.
ОТБ томонидан ажратилаётган маблағга
қўшимча равишда, Яшил иқлим жамғармаси Музликлардан фермер хўжаликларигача
(Glaciers to Farms) дастури доирасида 5 млн доллар ва Япония ҳукумати
томонидан ОТБ орқали молиялаштириладиган Фаровон ва барқарор Осиё
ва Тинч океани минтақаси учун Япония жамғармаси (JFPR) томонидан 3 млн
доллар миқдорида грант маблағлари ажратилади.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
11 11 2026 / 16:03