Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

“Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини ривожлантиришнинг долзарб вазифалари ва истиқболлари (Фарғона водийси мисолида)” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси



Улашинг :


2021 йил 9 февраль куни Наманган шаҳрида “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини ривожлантиришнинг долзарб вазифалари ва истиқболлари (Фарғона водийси мисолида)” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференция ташкилотчилари: Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили, Тадбиркорлар ва ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги.

Конференция иштирокчилари: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва депутатлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, олимлар, тадқиқотчи-изланувчилар, фермерлар, агрокластерлар вакиллари, тадбиркорлар ва соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар вакиллари.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ва Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида аграр соҳадаги ислоҳатларни ривожлантиришга оид белгилаб берган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш иқтисодиётимиз ривожланиши ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун улкан аҳамият касб этади. Мамлакат ялпи ички даромадининг учдан бир қисмидан ортиқроғи аграр соҳа ҳиссасига тўғри келади. Соҳада 3,5 миллиондан ортиқ аҳоли иш билан банд, ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чет элга сотишдан тушган тушумлар Ўзбекистоннинг умумий экспорт даромадларининг 25 фоизигача миқдорини ташкил қилади.

Кейинги пайтда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида катта ўзгаришлар рўй беряпти. Бу янгиланишлар самаралари қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам сезилиб, аграр тармоқ тубдан модернизация ва диверсификация қилинмоқда. Натижада амалиётга илғор ёндашувлар, инновацион усуллар жорий этиляпти. Давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг “занжирли” технологиясига асосланган кластерлар услуби пайдо бўлгани бунга яққол мисолдир.

Аграр жабҳа ва у билан бевосита боғлиқ бўлган тармоқлар истиқболи кластер билан боғланаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки бу янги тузилма қишлоқ хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойилларига ўтиш жараёнини тезлаштириш, чекка ҳудудларга саноатни олиб кириш, энг асосийси, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашда катта имкониятга эгалиги билан ажралиб туради.

Анжуманда кўтарилган долзарб масалалар юзасидан билдириган фикр-мулоҳазалар ва хулосалардан келиб чиққан ҳолда, аграр соҳада ислоҳотларни жадаллаштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, чуқур қайта ишлаш ва экспортини ривожлантириш борасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси, шунингдек соҳага оид Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг фармонлари ва Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларида белгилаб берилган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Хусусан, конференция якуний натижаларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги фикр-мулоҳазалар билдирилди:

- ҳудудларда кластерлар ва кооперацияларни янада ривожлантириш, улар томонидан “даладан - истеъмолгача” тамойили асосида маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро даражада тажрибага эга компания ва экспертларни жалб этиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, агрологистика, сотиш инфратузилмасини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш борасидаги чора-тадбирларни янада ривожлантириш;

- Фермер хўжаликлари билан кластер ва кооперациялар ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, кластерлар ва кооперацияларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш шунингдек, уларни фаолиятини ташкил этиш, юритиш ва тугатиш бўйича норматив-ҳуқуқий меъёрларни белгиланишини таъминлаш учун “Қишлоқ хўжалик кооперацияси тўғрисида” қонунни ҳамда агросаноат кластерлари тўғрисида норматив ҳужжат қабул қилиш;

- фермерлар билан кластерлар ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ҳамда кластерлар ва кооперацияларнинг ҳуқуқий мақоми бўйича ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш;

- қишлоқ хўжалигида ер ислоҳотларини янада такомиллаштириш, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи деҳқон, фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалик кооперативлари ҳамда агрокластерга қишлоқ хўжалиги ерларини ажратишнинг бозор механизмларига асосланган шаффоф тизимини жорий этиб, ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва бозор активларига айлантириш чораларини кўриш;

- Фермер хўжаликлари ва кластерларнинг ҳамкорлиги ва ўзаро муносабатларини бозор тамойиллари асосида эркин танлаш принципи асосида ташкил этиш;

Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ҳамда экспорт ҳажмларини кескин ошириш, ушбу соҳага илм-фан ютуқлари ва замонавий инновацион технологияларни жорий этиш борасида ишларни тизимли ташкил йўлга қўйиш ва б.

Тадбир доирасида мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган агрокластерлар ва фермерлар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.





Сарлавха :
Марказ фаолиятига оид

10 02 2021 / 13:08