Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Бухоро НҚИЗни 1,8 млрд долларлик лойиҳа доирасида кенгайтириш режалаштирилмоқда



Улашинг :


Президентга 1,8 млрд долларлик лойиҳа доирасида Бухоро НҚИЗни кенгайтириш режаси тақдим этилди. Қурилиш 2028 йилда бошланиши кутилмоқда. Лойиҳада Хитой, Франция, АҚШ ва Озарбайжон компаниялари қатнашади. Нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,1 млн тоннадан 4,6 млн тоннагача оширилиши кутилмоқда.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қувватларини дастлабки қиймати 1,8 миллиард доллар бўлган лойиҳа доирасида кенгайтириш режалаштирилмоқда. Лойиҳа пайшанба куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

Қурилиш ишларини 2028 йилда бошлаш мўлжалланган. Хабарда айтилишича, завод лойиҳа бўйича Хитой, Франция, АҚШ ва Озарбайжоннинг етакчи технологик компаниялари билан ҳамкорлик қилади.

Нефтьни қайта ишлаш ва нефткимё соҳаларига замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, янги технологик қурилмаларни қуриш ҳисобига нефть маҳсулотларининг йиллик умумий ишлаб чиқариш ҳажмини 2,1 миллион тоннадан 4,6 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган.

Жумладан, автомобиль бензини ишлаб чиқаришни 2,7 миллион тоннага, дизель ёқилғисини 1,24 миллион тоннага, авиация керосинини эса 500 минг тоннага етказиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, бензол ва бошқа нефткимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар яратиш имкониятлари кенгаяди.

2029 йилнинг иккинчи чорагида АИ-92 ва АИ-95 русумли, Евро-5 экологик стандартига мос бензин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қиймати 328 миллион долларлик лойиҳани ишга тушириш ҳам режалаштирилган. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 1,1 миллион тоннани ташкил этади.

Импорт қилинадиган ёқилғи қўшимчалари харажатларини қисқартириш ҳисобига йилига 150 миллион долларгача маблағни тежаш кутилмоқда. Шунингдек, 200 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида завод билан танишган эди. Ўшанда 328 миллион долларлик лойиҳа қиймати корхонанинг 49 миллион долларлик ўз маблағлари ва 279 миллион долларлик хорижий кредитлардан шаклланиши хабар қилинганди.

Бухоро НҚИЗ 1997 йилда ишга туширилган. Завод йилига 2,5 миллион тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлашга мўлжалланган. Корхонада 3200 дан ортиқ киши меҳнат қилади.

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида заводда 1,5 миллион тоннадан зиёд хомашё қайта ишланиб, қарийб 1,5 миллион тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Соф фойда 2,2 триллион сўмни ташкил этди.

Йил охиригача хомашёни қайта ишлаш ҳажмини 2,17 миллион тоннага, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни эса 2,12 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

16 11 2026 / 10:51