Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонликларга маҳаллий брокерлар орқали хорижий акцияларни сотиб олишга рухсат берилади. Шартлар қандай?



Улашинг :


Ўзбекистонда маҳаллий биржалар ва брокерлар орқали хорижий акциялар, облигациялар ва ETF савдосини амалга ошириш тартиби тасдиқланди. Савдоларда фақат малакали инвесторлар иштирок эта олади. Бунинг учун муайян мезонларга жавоб бериш, зарурат туғилганда тест синовидан ўтиш талаб этилади. Тафсилотлар.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) капитал бозорида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида хорижий қимматли қоғозларнинг муомаласи тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Ҳужжат 12 ноябрдан кучга кирди.

Янги қоидалар Ўзбекистон фонд биржаларининг махсус майдончалари ҳамда инвестиция воситачиларининг электрон платформалари орқали хорижий қимматли қоғозлар билан савдо қилиш, шунингдек, маҳаллий брокерлар воситасида хорижий савдо майдончаларига чиқиш имкониятини назарда тутади.

Шу билан бирга, операцияларда иштирок этиш учун инвесторлар, молиявий воситалар, брокерлар ҳамда ҳисоб-китоблар тартибига нисбатан аниқ талаблар белгиланди.

Шунга қарамай, ҳужжатнинг кучга кириши Ўзбекистонда барча хорижий акциялар савдоси ўз-ўзидан бошланиб кетишини англатмайди. Муайян қимматли қоғозлар ИЛМА рухсатини олиши, инвестиция воситачилари эса махсус режим талабларини бажариши ҳамда зарур техник инфратузилмани таъминлаши лозим.

Қандай хорижий қимматли қоғозларни сотиб олиш мумкин бўлади?

Низомда хорижий қимматли қоғозларнинг қуйидаги турлари савдосини ташкил этиш кўзда тутилган:

· хорижий фонд индексларига киритилган акциялар;

· хорижий компанияларнинг облигациялари;

· хорижий давлатларнинг давлат облигациялари;

· биржа инвестиция фондлари (ETF) пайлари ва акциялари ҳамда индексли фондларнинг қимматли қоғозлари;

· хорижий компанияларнинг депозитар тилхатлари.

Савдолар икки хил усулда амалга оширилади.

Биринчиси — Ўзбекистон фонд биржаси ёки маҳаллий брокернинг электрон платформаси орқали. Бундай ҳолда Марказий депозитарий хорижий қимматли қоғозлар билан таъминланган молиявий воситаларни муомалага чиқаради.

Бунинг учун базавий хорижий активлар Марказий депозитарийнинг хориждаги ҳисобварағига жойлаштирилиши лозим. Уларнинг асосида депозитарийнинг ҳисоб тизимида алоҳида идентификация рақамларига эга тегишли воситалар яратилади.

Бунда маҳаллий молиявий воситанинг бир бирлиги хорижий базавий активнинг бир бирлигига мувофиқ келиши керак.

Масалан, агар базавий актив сифатида хорижий компания акциялари танланса, улар асосида чиқарилган воситалар сони депозитарийнинг хориждаги ҳисобварағида ҳисобга олинган тегишли акциялар сонидан кўп бўлиши мумкин эмас.

Қонунчиликда кўзда тутилган ҳоллардан ташқари, базавий активларни ҳисобварақдан чиқариб олиш, гаровга қўйиш ёки молиявий воситалар эгаларининг ҳуқуқларини чекловчи усулда тасарруф этиш тақиқланади.

Марказий депозитарий воситалар сонини уларни таъминлаб турган хорижий активлар миқдори билан мунтазам равишда солиштириб туриши шарт. Тафовут аниқланган тақдирда, қоидабузарлик бартараф этилгунига қадар янги битимлар тузиш чекланади.

Иккинчи усул — хорижий қимматли қоғозларни бевосита хорижий савдо майдончаларида маҳаллий инвестиция воситачисининг электрон платформаси орқали олди-сотди қилишдир.

Бундай ҳолатда ўзбекистонлик брокер битимлар ўтказилишини ва қимматли қоғозлар ҳисобини таъминлайдиган хорижий инвестиция воситачиси билан ҳамкорлик қилиши лозим.

Маҳаллий брокер платформаси мижоз операцияларини акс эттириши, унга тегишли қимматли қоғозлар ва пул маблағларининг ҳисобини юритиши ҳамда амалга оширилган битимлар бўйича ҳисоботлар тақдим этиши керак.

Шундай қилиб, мазкур низом ҳам Ўзбекистон ичида хорижий активлар билан таъминланган инструментлар савдосини, ҳам маҳаллий брокерлар орқали хорижий бозорларга чиқиш имкониятини назарда тутади.

Хорижий акцияларни кимлар сотиб олиши мумкин?

Янги қоидалар хорижий қимматли қоғозларни сотиб олиш истагида бўлган ҳар қандай шахсга эмас, фақат малакали инвесторларга — белгиланган талабларга мувофиқ деб топилган жисмоний ва юридик шахсларга татбиқ этилади.

Жисмоний шахслар учун қуйидаги шартлардан камида биттасининг бажарилиши етарли:

1. Қўлида камида 5000 доллар миқдоридаги пул маблағлари, қимматли қоғозлар ёки бошқа молиявий воситаларнинг мавжудлиги.

2. Сўнгги 12 ой давомида брокернинг ички қоидаларида белгиланган ҳажмда қимматли қоғозлар ва молиявий воситалар билан битимлар тузиш тажрибасига эгалик.

3. Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака сертификатига эга бўлиш.

4. CFA, CIIA, FRM каби халқаро профессионал сертификатлар ёки брокер томонидан тан олинадиган бошқа сертификатларнинг мавжудлиги.

5. Молия, иқтисодиёт, математика, бизнес-таҳлил, бухгалтерия ҳисоби, инвестициялар, молия ҳуқуқи ёки брокер томонидан тан олинадиган бошқа йўналишлар бўйича олий маълумот.

6. Қимматли қоғозлар билан операциялар, инвестиция қарорлари ёки тегишли рискларни бошқариш билан бевосита боғлиқ лавозимларда камида икки йиллик иш тажрибаси.

5000 долларнинг мавжудлиги инвестор ушбу суммани тўлиғича хорижий акцияларга киритиши шартлигини англатмайди. Гап малакали инвестор мақомини олиш учун асослардан бири бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган пул маблағлари ва молиявий активларнинг минимал миқдори ҳақида бормоқда.

Активларни тасдиқлаш учун банк, брокерлик, депозитар ва инвестиция ҳисобварақларидаги, жумладан, хорижий молия ташкилотларида очилган ҳисобварақлар бўйича маълумотлардан фойдаланилиши мумкин.

Мезонларга мувофиқликни текшириш инвестиция воситачиси томонидан амалга оширилади. Мақом берилишидан олдин жисмоний шахс қимматли қоғозлар бозорининг ишлаш тамойиллари, инвестиция рисклари, молиявий инструментлар ва қонунчиликни билиш бўйича тестдан ҳам ўтиши шарт.

Тест масофадан ўтказилиши мумкин. Унинг мазмуни, муваффақиятли ўтиш мезонлари ва қайта топшириш тартиби брокер томонидан белгиланади.

Шу билан бирга, иш тажрибаси, маълумоти ёки касбий малакаси билан боғлиқ мезонларга жавоб берадиган инвесторлар инвестиция воситачисининг қарорига кўра тестдан озод қилиниши мумкин.

Агар мижоз мажбурий тестдан ўта олмаса, унга малакали инвестор мақоми берилмайди.

Брокерлар, шунингдек, мижозларга қўшимча талаблар белгилаши ҳамда молиявий воситаларнинг мураккаблиги ва хавф даражасига қараб улардан айримларидан фойдаланишни чеклаши мумкин бўлади.

Юридик шахслар учун алоҳида мезонлар назарда тутилган. Молиявий ташкилотлар, жумладан, банклар, суғурта компаниялари, инвестиция фондлари ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари малакали инвесторлар деб тан олинади.

Бошқа корхоналар эса соф активлар ҳажми, ходимларнинг малакаси ва битимлар тузиш тажрибаси бўйича белгиланган талабларга жавоб берган тақдирдагина ушбу мақомга даъвогарлик қилиши мумкин.

Қандай чекловлар назарда тутилган?

Асосий чекловлардан бири — хорижий қимматли қоғозлар ва тегишли молиявий воситаларни қарз маблағлари ҳисобидан сотиб олишнинг тақиқланганидир.

Юридик шахслар бундай активларни товар ва хизматлар экспортидан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан тушган чет эл валютасидаги ўз маблағлари ҳисобидан сотиб олиши мумкин, конвертация йўли билан олинган маблағлар бундан мустасно.

Хорижий қимматли қоғозлар фақатгина ИЛМАнинг махсус реестрига киритилгандан кейин муомалага чиқарилади.

Бунинг учун бир қатор талаблар белгиланган. Хусусан, қимматли қоғоз ISIN халқаро идентификация рақамига ёки бошқа расмий идентификаторга эга бўлиши лозим.

Бундан ташқари, у сўнгги якунланган календарь йили якунларига кўра листингидаги қимматли қоғозларнинг жами капиталлашуви эквивалентда камида 1 трлн долларни ташкил этадиган хорижий савдо майдончаси листингига киритилган бўлиши керак.

Гап ҳар бир алоҳида компаниянинг мажбурий қиймати ҳақида эмас, балки хорижий савдо майдончасидаги қимматли қоғозлар капиталлашуви ҳақида бормоқда.

Хорижий қимматли қоғозни реестрга киритиш учун ташаббускор — инвестиция воситачиси, банк ёки хорижий номинал сақловчи — ИЛМАга ариза билан мурожаат қилади.

Агентлик ҳужжатларни кўриб чиқиши ва 10 иш куни ичида қарор қабул қилиши лозим.

Муомалага чиқарилишига рухсат бериладиган хорижий қимматли қоғозлар ҳажми Марказий банк билан келишилади. Келишув даврида аризани кўриб чиқиш муддати 10 кундан ошмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.

Рухсат этилган молиявий воситалар реестри электрон шаклда юритилади ва ИЛМАнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Ҳисоб-китоблар қандай амалга оширилади ва даромадлар қандай тўланади?

Янги тартиб доирасида хорижий қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялар чет эл валютасида амалга оширилади.

Маҳаллий майдончаларда воситалар билан савдо қилиш учун инвестиция воситачилари Марказий депозитарийнинг агент-банкида алоҳида валюта ҳисобварақларини очишлари лозим.

Жисмоний шахслар бундай ҳисобварақларни агент-банк филиаллари орқали нақд чет эл валютаси билан тўлдиришлари ёки ўз банк ҳисобварақларидан пул ўтказишлари мумкин бўлади.

Шу билан бирга, брокерлар ўз кассалари ёки нотариуслар орқали мижозлардан мустақил равишда нақд пул маблағларини қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Бевосита хорижий савдо майдончаларидаги операциялар учун эса маҳаллий брокер хорижий инвестиция воситачисида мижозлар маблағларини ҳисобга олиш учун алоҳида ҳисобварақлар ҳамда номинал сақловчи ҳисобварақларини очиши лозим.

Кўзда тутилган механизм доирасида маҳаллий брокер ва хорижий инвестиция воситачиси ўртасидаги пул ўтказмалари ташқи савдо операциялари сифатида таснифланмайди. Шу сабабли тегишли шартномаларни «Е-контракт» тизимида рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.

Хорижий қимматли қоғозларни сотишдан олинган даромадлар, дивидендлар ва бошқа тўловлар мижозларнинг ҳисобварақларида акс эттирилади.

Олинган маблағларни янги инвестициялар учун йўналтириш, инвестиция воситачисининг ҳисобварағида қолдириш ёки Ўзбекистондаги валюта ҳисобварағига ёхуд банк картасига чиқариб олиш мумкин бўлади.

Электрон платформа маблағларни кунига камида бир марта чиқариб олиш имкониятини таъминлаши лозим.

Брокер томонидан маблағларни чиқариб олиш бўйича топшириқни бажариш муддати уч банк иш кунидан ошмаслиги керак. Агар беш иш куни ичида хорижий воситачидан маҳаллий брокернинг банк ҳисобварағига маблағ келиб тушмаса, у мижозга тўловни ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириши, сўнгра хорижий ҳамкор билан ҳисоб-китобларни мустақил равишда ҳал қилиши шарт.

Бироқ бу талаб айрим ҳолатларда, жумладан, санкция чекловлари, мижознинг ўз ҳаракатлари ёки хорижий регуляторлар ва суд қарорлари туфайли ҳисобварақ музлатиб қўйилган тақдирда қўлланилмайди.

Хорижий қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялардан олинган даромадлар Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ солиққа тортилади. Янги низомда бундай даромадлар учун алоҳида солиқ имтиёзлари кўзда тутилмаган.

ИЛМА савдоларни тўхтатиб туриши мумкин

Агентлик қонунчилик бузилиши, бозорни манипуляция қилиш ҳолатлари, инструментлар сонининг уларнинг таъминотига номувофиқлиги, жиддий техник носозликлар ҳамда инвесторлар манфаатларига бошқа таҳдидлар аниқланганда хорижий қимматли қоғозлар ва молиявий инструментлар муомаласини тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга бўлади.

Хорижий савдо майдончасида тегишли қоғозлар савдосининг тўхтатилиши ҳам бунга асос бўлиши мумкин.

ИЛМА қарорида чеклов сабаблари, унинг муддатлари, рухсат этилган операциялар ва савдони қайта тиклаш шартлари кўрсатилиши лозим.

Савдо тўхтатилгач, брокерлар ўз мижозларини хабардор қилиши, агентлик эса тегишли ахборотни эълон қилиши шарт.

Янги қоидалар 2025 йил 18 декабрдаги президент фармони ижроси юзасидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда қимматли қоғозлар бозорида янги ишлаш механизмларини синовдан ўтказиш учун 2023 йилда жорий этилган «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган.

Декабрь ойидаги ушбу фармонда президент махсус режим доирасида фонд биржаси ва инвестиция воситачилари орқали хорижий акциялар, облигациялар, ETF ҳамда бошқа молиявий инструментлар савдосини ташкил этишга рухсат берган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда лицензияга эга брокерларга тегишли операцияларни ўтказиш учун хорижий молия ташкилотларида пул ва депозитар ҳисобварақлари очиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, фармон билан капитал бозорида «Тартибга солиш қумдони» режимининг амал қилиш муддати чекланмаган деб белгиланди.

Ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий мақсадлари қаторига 2030 йилга бориб фонд бозорига қўшимча 1 млрд доллар инвестиция жалб этиш, жумладан 5 трлн сўмлик корпоратив облигациялар чиқариш киради.

Шунингдек, инвесторлар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, янги молиявий воситаларни ривожлантириш ва фонд бозори иштирокчиларининг шаффофлигини ошириш кўзда тутилган.

2026 йилнинг апрель ойида ИЛМА тартибга солиш қумдони имкониятлари кенгайтирилгани ҳақида хабар берган эди. Хусусан, маҳаллий ва хорижий инвестиция воситачиларининг иштирок этиш шартларига аниқлик киритилди, Марказий депозитарий ҳамда «Тошкент» республика фонд биржаси эса махсус режим доирасида унинг иштирокчиси сифатида алоҳида рўйхатдан ўтмасдан операцияларни амалга ошириш имкониятига эга бўлди.

Мазкур низом хорижий қимматли қоғозларнинг муомалага киритилиши, малакали инвесторларни тан олиш, битимлар ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда операциялар устидан назорат олиб боришнинг амалий тартибини белгилайди.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

16 11 2026 / 11:18