Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда бизнес юритишда инсон ҳуқуқларига оид асосий хавфлар қаторида норасмий бандлик ва меҳнат муҳофазаси муаммолари қайд этилди



Улашинг :


Бизнес ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ўтказилган миллий баҳолаш Ўзбекистонда бу йўналишдаги 12 та асосий муаммони аниқлади. Улар орасида норасмий бандлик, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши ва меҳнат муҳофазаси масалалари ҳам бор.

9 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистонда бизнес ва инсон ҳуқуқлари масалаларига бағишланган биринчи Миллий мулоқот бўлиб ўтди. Уни БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқотда давлат идоралари, бизнес вакиллари, касаба уюшмалари, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида бизнес ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий базавий баҳолаш натижалари тақдим қилинди.

Муаллифлар учта масалани кўриб чиққан: давлат корхоналар фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлардан одамларни қандай ҳимоя қилиши, компанияларнинг инсон ҳуқуқларига қай даражада риоя этиши ва жабрланганлар ўз ҳуқуқларини тиклаш учун қандай имкониятларга эга экани.

Тадқиқотда мамлакатда қонунчилик ва институционал асосларни такомиллаштириш борасидаги ютуқлар қайд этилган. Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳануз мавжуд бўлган камчиликлар ва бизнес фаолияти билан боғлиқ инсон ҳуқуқларига оид 12 та асосий муаммо аниқланган. Улар қаторида меҳнат ҳуқуқларига риоя этиш, хавфсизлик ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, норасмий бандлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, гендер тенглиги ва ижтимоий инклюзия масалалари бор.

Миллий инсон ҳуқуқлари маркази директори Акмал Саидовнинг маълум қилишича, марказ Бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиққан. Учрашув давомида билдирилган тавсиялар режа юзасидан ўтказиладиган кейинги маслаҳатлашувларда инобатга олинади.

Иштирокчилар, шунингдек, ихтиёрий корпоратив ижтимоий масъулият ташаббусларидан бизнесда инсон ҳуқуқларига риоя этиш бўйича янада қатъий талаб ва стандартларга ўтиш масаласини муҳокама қилишди.

БМТ Тараққиёт дастури ушбу кун тартиби Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тезлаштирилган тартибда аъзо бўлишга интилаётгани, масъулиятли хорижий инвестицияларни жалб қилаётгани ва халқаро экспорт бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтираётгани шароитида айниқса долзарб эканини таъкидлади.

Миллий мулоқотдан кейин, 10 ноябрь куни давлат идоралари, инсон ҳуқуқлари институтлари, жамоат ташкилотлари, касаба уюшмалари ва илмий ҳамжамият вакиллари учун тренинг ўтказилди. Унда инсон ҳуқуқлари бўйича тегишли текширув — компаниялар фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар хавфини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш масалалари кўриб чиқилди. Дастурдан идоралараро ҳамкорлик ҳамда жабрланганларнинг ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш имкониятлари ҳақидаги мавзулар ҳам ўрин олди.

11−13 ноябрь кунлари ташкилотчилар хусусий компаниялар, давлат корхоналари, банклар ва бизнес уюшмалари вакиллари учун тренинглар ўтказди. Дастурда ходимлар, пудратчилар ва маҳаллий жамоалар учун юзага келиши мумкин бўлган хавфларни аниқлаш, шикоятларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартибини йўлга қўйиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Ҳар бир компания ушбу тартибларни жорий этиш режасини ишлаб чиқиши керак эди.

gazeta.uz