Ўзбекистон
2027 йилда 65 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилишни режалаштирмоқда.
Истиқболли ҳар бир соҳага 2−3 тадан йирик инвестор — халқаро компаниялар
ва машҳур брендларни жалб этиш кўзда тутилган. Янги иш йўналишларида
яримўтказгичлар, робототехника ва электромобил аккумуляторлари бор.
Ўзбекистон Президенти Шавкат
Мирзиёев 2027 йилда 65 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича
тармоқлар ва ҳудудлар кесимида режалар ишлаб чиқишни топширди. Бу ҳақда давлат
раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Топшириқ давлат бюджети лойиҳаси
ва 2027 йилга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозларга бағишланган
йиғилишда берилди.
Йиғилишда айтилишича, ҳозирда
Ўзбекистонда кимё ва нефть-кимё саноати, машинасозлик, электротехника,
тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларини жадал ривожлантириш стратегияси
ишлаб чиқилмоқда.
Янги саноат сиёсати доирасида
устувор тармоқларга йирик халқаро компаниялар ва машҳур брендларни
ифодаловчи инвесторларни жалб қилиш, замонавий саноат зоналарини ташкил этиш,
ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ҳамда корхоналарнинг
технологик салоҳиятини ошириш режалаштирилмоқда.
2027 йилда ҳар бир истиқболли
тармоққа камида икки-учта йирик инвесторни жалб қилиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон,
шунингдек, яримўтказгич технологиялари, робототехника, биотехнологиялар, юқори
технологик бутловчи қисмлар ва электромобиллар учун аккумуляторлар ишлаб
чиқариш каби янги йўналишларни ўзлаштиришни мақсад қилган.
Бу мақсадларга эришиш учун
халқаро брендларни жалб қилишни рағбатлантириш, илмий тадқиқотлар
ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, рақобатбардош маҳаллий ишлаб
чиқарувчиларни ривожлантиришнинг янги механизмлари назарда тутилмоқда.
2027 йилда таркибий ислоҳотларни
давом эттириш кутилмоқда. Устувор вазифалар қаторида давлат корхоналари
ва банкларини трансформация қилиш, хусусийлаштириш жараёнини тезлаштириш,
энергетика ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, инсон капиталини
ривожлантириш ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини якунлаш
белгиланган.
Йиғилишда таъкидланганидек, бунда
давлат инвестицияларини хусусий капитал учун қулай шароит яратишга йўналтириш
ва инвестицияларнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор
қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2025
йилда 43,1 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилган. 2026 йилнинг
январь-сентябрь ойларида мамлакат 44,3 млрд долларлик хорижий инвестиция
ва кредитларни ўзлаштирган. Умуман, 2026 йилда жалб қилинадиган
инвестициялар ҳажмини 53 млрд долларга етказиш режалаштирилган.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
16 11 2026 / 12:13