Ўзбекистонда 15
октябрдан 30 ноябргача иқтисодий бирликларни кенг қамровда ўрганишга қаратилган
йирик статистик тадбир — бизнесни рўйхатга олиш ўтказилмоқда. У нима учун
зарур, унда кимлар иштирок этади ва тадбиркорлар тақдим этадиган
маълумотларнинг махфийлиги қандай кафолатланади?
Ўзбекистон
иқтисодиётининг реал манзараси қандай? – бизнесни рўйхатга олиш ҳақида
нималарни билиш керак?
Сўнгги йилларда
мамлакат иқтисодиёти ва тадбиркорлик муҳитида сезиларли ўзгаришлар
кузатилмоқда. Анъанавий корхоналар билан бир қаторда электрон тижорат, интернет
орқали савдо, масофавий хизматлар ва ўзини ўзи банд қилиш каби йўналишлар
иқтисодий фаолиятнинг муҳим бўғинига айланди.
Бундай шароитда
иқтисодиётни фақат давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида шаклланган маъмурий
маълумотлар асосида баҳолаш етарли бўлмай қолади. Зеро, корхона юридик жиҳатдан
бир манзилда рўйхатдан ўтган бўлса-да, амалда бошқа ҳудудда фаолият юритиши,
асосий фаолият йўналишини ўзгартириши ёки янги савдо каналларига чиқиши мумкин.
Ҳудудий ривожланиш дастурлари ва бандлик сиёсати самарадорлигини ошириш учун
эса қоғоздаги манзил эмас, балки амалда қаерда ва қанча иш ўрни яратилаётгани
ҳақидаги аниқ маълумотлар зарур.
Тадбирнинг
ҳуқуқий асоси ва стратегик мақсадлари
Бизнесни рўйхатга олиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ-190-сон
фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 557-сон қарори
асосида ўтказилмоқда.
Жараён «Статистикани
ривожлантириш – 2030» миллий стратегияси билан узвий боғлиқ бўлиб, бир қатор
узоқ муддатли мақсадларни кўзлайди:
● Ҳисобот юкини
камайтириш: 2030 йилга қадар тадбиркорларнинг статистик ҳисобот юкини 20 фоизга
қисқартириш режалаштирилган;
● Муқобил манбаларни
кенгайтириш: расмий статистикани шакллантиришда фойдаланиладиган маъмурий ва
муқобил маълумот манбалари сонини 1,7 бараварга ошириш назарда тутилган;
● Танланма кузатувларни
тартибга солиш: Президент фармонига мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб
статистика органлари томонидан ҳар чоракда ўтказиладиган танланма кузатувларда
микрофирма ва кичик корхоналарни йилига фақат бир марта танлаб олиш тартиби
жорий этилади.
Кимлар
қамраб олинади ва маълумотлар қандай йиғилади?
Рўйхатга олиш фақат
йирик корхона ва заводлар билан чекланмайди. Унда иқтисодий бирликларнинг барча
тоифалари ўз хусусиятига мос шаклда иштирок этади:
● Юридик шахслар
(йирик, ўрта, кичик корхоналар, микрофирмалар, ННТлар ва хорижий компаниялар
ваколатхоналари): рўйхатга олувчилар корхонанинг амалдаги фаолият манзилига
бориб, умумий кўрсаткичларни планшетга киритади, батафсил иқтисодий ва
бухгалтерия маълумотлари эса корхона томонидан hisobot.stat.uz (eStat 4.0)
тизими орқали мустақил равишда онлайн тақдим этилади;
● Якка тартибдаги ва
оилавий тадбиркорлар, ҳунармандлар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган бирликлар:
маълумотлар юзма-юз суҳбат давомида рўйхатга олувчилар томонидан планшет орқали
электрон саволномага киритилади;
● Ўзини ўзи банд қилган
шахслар: census.stat.uz ахборот тизими орқали саволномани мустақил равишда
онлайн тўлдириш имкониятига эга;
● Фермер ва деҳқон
хўжаликлари: тегишли кўрсаткичлар иқтисодий кузатув саволномаси асосида қамраб
олинади;
● Давлат рўйхатидан
ўтмаган, бироқ амалда фаолият юритаётган шахслар: уй шароитида тикувчилик,
қандолатчилик, буюртма асосида устачилик, маиший техника таъмирлаш ёки интернет
орқали хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчилар ҳам ҳудуддаги ҳақиқий бандлик ва
хизматлар кўламини аниқлаш учун статистик ҳисобга олинади.
Саволномада субъектнинг
ҳуқуқий мақоми, амалдаги манзили, асосий ва қўшимча фаолият турлари, мижозлар
тоифаси, бандлик (доимий штат, ишловчи мулкдорлар, оила аъзолари, мавсумий
ишчилар), харажатлар ва айланма ҳажми, инвестициялар, асосий воситалар, омбор ва
транспорт инфратузилмаси ҳамда электрон тижорат улуши ўрганилади.
Муҳим
кафолат: бу солиқ текшируви ёки назорат тадбири эмас
Тадбиркорлар ва ўзини
ўзи банд қилган фуқароларни энг кўп ўйлантирадиган масала — тақдим этилган
маълумотларнинг кейинги тақдиридир.
«Расмий статистика
тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, рўйхатга олиш давомида йиғилган индивидуал
маълумотлар қатъий махфий ҳисобланади ва улардан фақат умумлаштирилган
статистик кўрсаткичларни шакллантириш мақсадида фойдаланилади. Бу
маълумотлардан тергов, солиқ ва бошқа назорат тадбирларида, суд муҳокамасида
ҳамда маъмурий жавобгарликка тортишда фойдаланиш қонун билан тақиқланган.
Маҳаллаларда рўйхатга
олиш ишларига асосан ҳоким ёрдамчилари, бозорлар ва савдо мажмуаларида эса
статистика органлари ходимлари жалб этилган. Рўйхатга олувчилар махсус кийим ва
бейжик билан таъминланган бўлиб, улар тасдиқланган саволномадан ташқари
саволлар бериш ёки жавобларни ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас. Рўйхатга олувчининг
ваколатини текшириш ёки қўшимча саволлар бўйича 1851 қисқа рақамли алоқа
марказига мурожаат қилиш мумкин.
Натижалар
қачон эълон қилинади?
30 ноябрда маълумотлар
йиғиш босқичи якунлангач, жавобларни текшириш, маъмурий маълумотлар базалари
билан солиштириш ва таснифлаш ишлари бошланади. Дастлабки натижалар 2027 йил 1
июнгача ҳудудлар кесимида шакллантирилади, якуний натижалар эса 2027 йил 1
сентябргача эълон қилинади.
кун.уз
Сарлавха :
Иқтисодиёт
17 11 2026 / 11:11