Ўзбекистон
ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 2027 йил учун янги
инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди. Улар орасида Наманган вилоятида
нимстанция қуриш, «Асакабанк»ни хусусийлаштириш, агросаноат секторини
ривожлантириш ва Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш лойиҳалари
бор.
Ўзбекистон президенти Шавкат
Мирзиёев ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти
Одиль Рено-Бассо 10 ноябрь куни Анталияда ўтказилган COP31 иқлим саммити
доирасида 2027 йил учун янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди. Музокаралар тафсилотлари
«Менимча» дастурида маълум қилинди.
Учрашувда қайд этилганидек,
Ўзбекистон олти йилдан буён ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик молиявий ҳамкори
бўлиб келмоқда. Лойиҳалар портфели 7 миллиард доллардан, 2025 йилда амалиётлар
ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан ошди.
Президент матбуот хизмати
маълумотларига кўра, ЕТТБнинг Ўзбекистонга киритган сармояларининг қарийб 60
фоизи «яшил» иқтисодиёт лойиҳалари ҳиссасига тўғри келади.
Одиль Рено-Бассо «Менимча» дастурида
намойиш этилган интервьюда сўнгги ўн йилда банкнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги
«мутлақо янги босқичга кўтарилганини» таъкидлади.
«Бизнинг
банк Ўзбекистонда муҳим ислоҳотлар бардавом бўлаётганини кўрмоқда. Нафақат
Европа тикланиш ва тараққиёт банки, балки дунё ҳамжамияти бунга гувоҳ
бўляпти. Биргина бизнинг банк бу йилнинг ўзида Ўзбекистонда 40
та лойиҳага 800 миллион евродан ортиқ сармоя киритдик ва унинг катта
қисми айнан „яшил“ секторга тўғри келмоқда. Ҳозир эса сармоя киритишдан мамнун
бўлган ҳолда келгусидаги янги лойиҳаларни кўриб чиқяпмиз», — деди у.
Наманган вилоятида янги нимстанция
Музокараларда Наманган вилоятида
энергетика лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Дастурда
айтилишича, томонлар тегишли келишувни 2026 йил охирига қадар имзолаш
имкониятини кўриб чиққан.
ЕТТБ ҳужжатларига кўра,
гап Наманган вилояти Косонсой туманида 500/220/110/10 кВ кучланишли янги
электр нимстанциясини қуриш ҳақида бормоқда.
Банк
Ўзбекистонга 57,69 млн долларгача миқдорда суверен кредит ажратишни кўриб
чиқмоқда. Лойиҳани «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ амалга
оширади.
Янги нимстанция ҳудудда электр
таъминоти ишончлилигини ошириши, электр энергиясини узатишдаги йўқотишларни
камайтириши ҳамда янги генерация қувватларини, жумладан, қайта тикланувчи
энергия манбаларини тармоққа улаш имконини бериши керак.
Ноябрь ойи ўрталари ҳолатига кўра,
лойиҳа ЕТТБнинг якуний тасдиғини кутмоқда. Уни кўриб чиқиш санаси 2026 йил 2
декабрь деб кўрсатилган. Шу боис ҳозирча гап имзоланган кредит келишуви
ҳақида бормайди.
«Асакабанк»ни хусусийлаштириш
Учрашувда давлат банкларини
хусусийлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. «Менимча» дастурида аниқ
лойиҳалардан бири сифатида «Асакабанк» тилга олинди. Аввалроқ президент 2026
йил 20 апрелдаги қарори билан «Асакабанк»ни хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича
қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлаган эди.
Ҳужжатда Иқтисодиёт ва молия
вазирлиги, ЕТТБ ва «Асакабанк»нинг банкнинг операцион самарадорлигини
ошириш, активлари сифатини яхшилаш ва акцияларнинг бир қисмини сотишга
тайёрлаш бўйича ҳамкорлиги назарда тутилган.
Хусусан,
қарорда томонларнинг «ЕТТБ томонидан Асакабанкнинг 15 фоиз акцияларини сотиб
олиш» бўйича келишуви қайд этилган.
Битимни тайёрлаш учун ҳукуматга банк
активларини баҳолаш ва ЕТТБнинг унинг капиталида иштирок этиши мумкин
бўлган шартларни келишиш вазифаси юклатилган.
2026 йил 1 сентябрга қадар
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Асакабанк» билан биргаликда давлатга
тегишли 15 фоиз акцияларни сотиш қиймати ва инвестиция келишувининг асосий
шартлари бўйича таклифларни тақдим этиши керак эди.
Бундан
ташқари, қарорда 2026 йилда банк устав капиталига давлат бюджети
маблағларидан 95 млн доллар эквивалентида қўшимча маблағ киритиш
ҳам назарда тутилган. Шунингдек, муаммоли активлар билан ишлаш ва нопрофил
мулкларни ўтказиш бўйича чоралар белгиланган.
Анталиядаги учрашув бўйича эълон
қилинган материалларда ЕТТБга «Асакабанк»нинг 15 фоиз акциялари сотуви
якунлангани ҳақида маълумот берилмаган.
ANORA аграр платформаси
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига инвестицияларни жалб қилиш учун мўлжалланган ANORA
(Agrifood Investment Opportunities for Resilient Agriculture) инвестиция
платформасини ривожлантириш бўлди. Дастурда унинг инвестиция салоҳияти 1,5 млрд
долларга баҳоланган.
Платформа 2026 йил июнь ойида
Тошкент халқаро инвестиция форумида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ЕТТБ
ва халқаро ҳамкорлар иштирокида ишга туширилган. Уни ишга туширишда 2030
йилга қадар 1,5 млрд долларгача инвестиция жалб қилиш мақсади белгиланган.
ЕТТБ материалларига кўра,
ANORA агросаноат мажмуасидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва молиялаштириш учун
давлат органлари, халқаро молия институтлари, иқлим жамғармалари
ва хусусий инвесторларни бирлаштириши керак.
Асосий
йўналишлар — сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригация тизимини
модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашни
ривожлантириш, аграр секторни рақамлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалигининг иқлим
ўзгаришига бардошлилигини ошириш.
Шу билан бирга, платформанинг
эълон қилинган инвестиция салоҳияти барча маблағлар аллақачон жалб қилингани
ёки муайян лойиҳалар учун ажратилганини англатмайди.
Тошкент молия маркази
ва давлат-хусусий шериклик лойиҳалари
Музокаралар давомида Тошкент халқаро молия марказини ташкил
этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Уни ишга тушириш Ўзбекистоннинг 2027 йилда
ЕТТБ билан ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.
Бундан ташқари, дастур
маълумотларига кўра, Шавкат Мирзиёев ЕТТБга Янги Тошкент инфратузилмаси
лойиҳалари ҳамда Фарғона вилоятидаги кўп тармоқли шифохонани давлат-хусусий
шериклик асосида молиялаштиришда иштирок этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф
қилган.
ЕТТБ
лойиҳалар базасидаги маълумотларга кўра,
банк Фарғона вилоятида 800 ўринли кўп тармоқли шифохонани қуриш, жиҳозлаш
ва кейинчалик унга хизмат кўрсатишни молиялаштириш учун 38 млн долларгача
оралиқ кредит ажратиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Лойиҳа Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш
вазирлиги билан 23 йиллик давлат-хусусий шериклик келишуви доирасида амалга
оширилмоқда.
Шифохона юқори технологик тиббий
ёрдам, жумладан, кардиохирургия, нейрохирургия ва органлар
трансплантацияси соҳаларида хизмат кўрсатиши керак. 16 ноябрь ҳолатига кўра,
ЕТТБнинг эҳтимолий молиялаштириши ҳали якуний тасдиқни кутмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон президенти
ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг 2027 йилда ўтказилиши
режалаштирилаётган навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масаласи ҳам муҳокама
қилинди.
Европа тикланиш ва тараққиёт
банки Ўзбекистонда 1992 йилдан буён фаолият юритади. 2017 йилда мамлакатдаги
фаолиятини қайта тиклаганидан сўнг банк энергетика, инфратузилма, молия сектори
ва хусусий тадбиркорликка инвестицияларини сезиларли даражада кенгайтирди.
ЕТТБнинг 2024−2029 йилларга
мўлжалланган Ўзбекистон бўйича амалдаги
стратегияси учта асосий йўналишни назарда тутади: паст
углеродли иқтисодиётни ривожлантириш ва ресурслардан фойдаланиш
самарадорлигини ошириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик
муҳитини яхшилаш, шунингдек, транспорт ва энергетика инфратузилмасини
ривожлантириш.
Давлат корхоналари
ва банкларини ислоҳ қилиш, хусусийлаштиришга кўмаклашиш ҳамда
давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланишни кенгайтиришга ҳам алоҳида
эътибор қаратилмоқда.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
17 11 2026 / 12:02