Ўзбекистон
ва Ўмон ўзаро савдо ҳажмини $1 млрдга етказиш ниятида, дея маълум қилди Шавкат
Мирзиёев Масқатдаги бизнес-форумда. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида
транспорт, шаҳарсозлик, туризм ва ресурслар қайд этилди. Президент ташрифи
доирасида $5 млрдлик лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат
Мирзиёев Ўзбекистон — Ўмон бизнес форумининг очилиш маросимида иштирок
этди, деб хабар
бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тадбирда Ўмон бош вазири ўринбосари
Зеязин бин Ҳайсам Ол Саид, икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, етакчи
компаниялар, молия институтлари ва ишбилармон доиралар вакиллари қатнашди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўмон
султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид билан ўтказилган олий даражадаги
музокаралар ва эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни сифат
жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.
Президент
2026 йилда ўзаро савдо ҳажми сезиларли ошганини қайд этиб, мавжуд иқтисодий
салоҳият ҳали тўлиқ ишга солинмаганини таъкидлади. Шу муносабат билан яқин
истиқболда товар айирбошлашни 1 млрд долларга етказиш мақсад қилиб белгиланди.
Ташриф доирасида умумий қиймати 5
млрд долларлик аниқ лойиҳалар портфели шакллантирилди. Ўзбекистон президенти
энг муҳими келишувлар сони эмас, балки уларнинг амалий натижаси эканини алоҳида
таъкидлади.
У саноат кооперацияси,
транспорт ва логистика, замонавий шаҳарсозлик ва туризм, минерал
ресурсларни ўзлаштириш, шунингдек, молия ва рақамли технологиялар
соҳаларини ҳамкорликнинг бешта устувор йўналиши сифатида таклиф этди.
Президент Ўмоннинг денгиз портларива
Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги стратегик имкониятларини бирлаштириш
муҳимлигини қайд этди. Соҳар шаҳрида логистика инфратузилмасини барпо этиш,
ягона савдо-логистика платформасини шакллантириш, шунингдек, авиақатновларни
кўпайтириш ва юк ташиш рейсларини йўлга қўйишни таклиф этди.
Шунингдек, президент Ўмон
инвесторларининг Янги Тошкент лойиҳасидаги иштирокини юқори баҳолади. Янги
шаҳарда барпо этиладиган «Масқат» мавзеси икки халқ дўстлигининг ёрқин рамзига
айланишига ишонч билдирди.
У кимё
саноати, геология-қидирув ишлари ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш
соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилганини таъкидлади. Шунингдек,
сунъий йўлдошларни учириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш устида иш олиб
борилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ўмонлик ишбилармонларни
Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф этди. У ҳар
бир инвестор учун қулай ва ишончли муҳит яратиш, қўшма ташаббусларни
амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Oman News Agency маълум
қилишича, форум доирасида Ўзбекистон ва Ўмон компаниялари ўртасида
20 та келишув ва меморандум имзоланди. Келишувлар саноат
ва энергетика, тоғ-кон саноати, транспорт ва логистика, қишлоқ
хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, молия ва инвестициялар,
қурилиш ва шаҳарсозлик, иқтисодий ва эркин зоналар доирасидаги
ҳамкорлик, космик технологиялар ва геоинформацион тизимлар, шунингдек,
автомобиль саноати ва сунъий интеллект технологиялари каби соҳаларни
қамраб олган.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
18 11 2026 / 10:56