Ўзбекистон
2027 йилдан технологиялар, экспорт ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга
асосланган иқтисодий ўсишнинг янги моделига ўтади. Бунинг учун хизматлар
экспортини $29 млрдга етказиш, 10 та тармоқ стратегиясини ишлаб чиқиш,
инвестиция лойиҳаларини ишга туширишни тезлаштириш режалаштирилган.
Ўзбекистон 2027 йилдан бошлаб
иқтисодий ўсишнинг янги моделига ўтишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент
Шавкат Мирзиёев 13 ноябрь куни 2027 йилги давлат бюджети лойиҳаси, асосий
макроиқтисодий прогнозлар ва иқтисодий ўсишни таъминлашга доир янги
ёндашувларга бағишланган йиғилишда маълум қилди.
«Келгуси
йилдан бошлаб иқтисодий ўсишнинг янги моделига ўтишни ҳаётнинг ўзи тақозо
этмоқда. Ҳар бир тармоқ ва соҳада янги технологик драйверларни аниқлаш
зарур. Бусиз ўзгариш бўлмайди», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканали
лавҳасида.
Унинг сўзларига кўра, иқтисодиётнинг
келгуси ўсиши қўшилган қийматни ошириш, технологияларни жорий этиш ва юқори
маош тўланадиган иш ўринларини яратиш ҳисобидан таъминланиши керак.
«Иқтисодиётда қўшилган қиймат
улушини кескин ошириш ҳисобига экспорт ҳажмини икки баробарга ошириш зарур.
Бунинг учун сизлар менга янги ғоялар, янги ташаббусларни таклиф қилишингиз
керак. Юқори даромадли иш ўринларини яратиш орқали ўрта синф қатламини
кенгайтириш энг муҳим вазифага айланади», — деди давлат раҳбари.
Хизматлар
экспортини 29 млрд долларга етказиш кўзда тутилмоқда
Хизматлар экспортини ривожлантириш
иқтисодий ўсишнинг янги модели йўналишларидан бирига айланади.
Президент маълум қилганидек,
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда учта соҳада
экспорт тушумларини ошириш имкониятларини ҳисоблаб чиққан.
«[Бош вазир
ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири] Қўчқоров Жаҳон банки билан
биргаликда учта йўналиш — туризм, транспорт логистикаси ва рақамли
тўлов хизматларида экспортни 11,5 млрд доллардан 29 млрд долларгача ошириш
имкониятларини ҳисоблаб чиқди», — деди давлат раҳбари.
Шу тариқа, қайд этилган
йўналишларда экспорт ҳажмини 2,5 баробардан зиёдга ёки 17,5 млрд долларга
ошириш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, президент 29
млрд долларлик кўрсаткичга қайси йилгача эришилиши режалаштирилаётганига
ойдинлик киритмади. Экспортни кўпайтириш учун айнан қайси трансчегаравий
молиявий операциялар ва рақамли тўлов хизматларини ривожлантириш назарда
тутилаётгани ҳам алоҳида очиқланмади.
Миллий
статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг
январь-сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг жами хизматлар экспорти 9,7 млрд
долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,1 фоизга ўсди.
Мамлакат умумий экспортининг 37,6 фоизи хизматлар ҳиссасига тўғри келди.
Асосий экспорт тушумини туризм
хизматлари таъминлади — қарийб 5,3 млрд доллар. Транспорт хизматлари
ҳиссасига 2,9 млрд доллар, телекоммуникация, компьютер ва ахборот
хизматларига эса қарийб 805 млн доллар тўғри келди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, 2027 йилда олтинни
ҳисобга олмаганда товар ва хизматлар экспортини қарийб 40 млрд долларга
етказиш режалаштирилмоқда.
McKinsey
ўнта саноат тармоғи стратегиясини ишлаб чиқади
Янги иқтисодий сиёсатнинг яна бир
йўналиши саноатни жадал ривожлантириш бўлади. Мирзиёевнинг сўзларига кўра,
McKinsey халқаро консалтинг компанияси билан ҳамкорликда ўнта саноат тармоғини
ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бошланган.
«Қўчқоров ва
[бош вазир ўринбосари Жамшид] Хўжаев ушбу ишлар доирасида ҳар бир туманда
камида иккитадан йирик саноат корхонасини ишга туширишни режалаштириши
керак», — деди президент.
Аввалроқ, 15 октябрь куни Стратегик
ислоҳотлар агентлиги McKinsey & Company билан Ўзбекистон саноатини 2035
йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасини тайёрлаш бўйича маслаҳатлашувлар
ўтказилгани ҳақида хабар қилганди.
Агентлик маълумотларига кўра,
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги саноатни ривожлантириш масалалари бўйича
маслаҳатлашиш учун халқаро компанияни жалб этишни режалаштирган.
Муҳокама қилинган йўналишлар
қаторига маҳаллий корхоналарнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини
ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши учун саноатни тайёрлаш
масалалари кирди.
Шу билан бирга, саноат
салоҳиятини нафақат республика ва вилоятлар даражасида, балки алоҳида
туман ва маҳаллалар миқёсида ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш
таклиф этилди.
Расмий
хабарга кўра, 2027 йилда ҳар бир устувор соҳага камида
икки-учта йирик инвесторни жалб қилиш режалаштирилган. Истиқболли йўналишлар
қаторида яримўтказгичлар ишлаб чиқариш, робототехника, биотехнологиялар,
электромобиллар учун юқори технологияли бутловчи қисмлар ва аккумуляторлар
қайд этилди.
Расмийлар, шунингдек, кимё
ва нефть-кимё саноати, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик
ва фармацевтика тармоқларини ривожлантириш ниятида.
Инвестиция
лойиҳаларини тайёрлаш муддатини бир йилга қисқартириш мўлжалланмоқда
Йиғилишда халқаро молия институтлари
иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш
механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Президент бундай
лойиҳалар бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш харажатларини давлат бюджети
ҳисобидан қоплаш таклифини қўллаб-қувватлади.
«Қўчқоров,
Хўжаев, халқаро молия институтлари лойиҳалар бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб
чиқиш харажатларини бюджетдан қоплашни сўраяпти. Мен буни қўллаб-қувватлайман.
Агар лойиҳалаштиришни тўғри ташкил этсак ва унга бюджет маблағларини
ажратсак, бу бизга 10 баробар кўп ижобий натижа келтирмайдими?
Бу орқали лойиҳалар бўйича амалий ишларни бошлаш муддати камида бир йилга
қисқаради», — деди Шавкат Мирзиёев.
Халқаро молия институтларининг
инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш харажатларини давлат бюджети ҳисобидан тўлаш
имконияти амалдаги қонунчиликда аллақачон кўзда тутилган.
Хусусан, 2025 йил 11
февралдаги президент қарори билан халқаро молия
институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги
лойиҳаларни тайёрлаш, баҳолаш ва амалга ошириш тартиби белгиланди.
Ҳужжатда концепцияси тасдиқланган
ҳамда давлат ташқи қарзи бюджет маблағлари ҳисобидан сўндирилиши кўзда тутилган
лойиҳалар бўйича баҳолаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш харажатларини бюджетдан
молиялаштириш назарда тутилган.
Бундан ташқари, лойиҳаларни тайёрлаш
учун халқаро молия ташкилотларининг грантлари, бўнак қарз маблағлари, ижрочи
ташкилотларнинг ўз ресурслари ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа
манбалардан фойдаланишга рухсат этилади.
Лойиҳа-смета ва харид
ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун ҳам худди шундай механизмлар назарда тутилган.
Ўзбекистон
лойиҳа институтларини ислоҳ қилиш режалаштирилмоқда
Президентнинг яна бир топшириғи
халқаро тендерларда иштирок этиш учун кўпроқ имкониятга эга бўлиши лозим бўлган
маҳаллий лойиҳа институтлари фаолиятига дахлдор бўлди.
«Хўжаев ва
Қўчқоров, халқаро тендерлардаги иштирокини кенгайтириш мақсадида маҳаллий
лойиҳа институтларини ислоҳ қилиш бўйича икки ой муддатда қарор лойиҳасини
киритинг. Биласизми, бу Ўзбекистоннинг янги имкониятларини намоён этади.
Маҳаллий лойиҳа институтлари халқаро тендерларда қатнаша бошласа, имижимиз
қанчалик ўзгаришини тасаввур қиляпсизми?» — деди Мирзиёев.
Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати халқаро
молия институтлари маблағларини ўзлаштиришни тезлаштириш ва инвестиция
лойиҳалари самарадорлигини ошириш вазифасини бир неча бор илгари сурган эди.
13 ноябрь кунги йиғилиш якунларига
кўра, мутасаддиларга 2027 йилда тармоқлар ва ҳудудлар кесимида 65 млрд доллар
миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш режаларини тайёрлаш ҳам
топширилди.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
18 11 2026 / 11:12