Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда яна тўртта банкка исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди



Улашинг :


Марказий банк бошқарувининг 18 ноябрдаги қарорларига мувофиқ, «Ипак йўли», Asia Alliance Bank, Orient Finans ва Hayot Bank тижорат банкларига исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар берилди.

Ўзбекистонда тўртта тижорат банкига исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди, дея хабар бермоқда Марказий банк матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 18 ноябрдаги тегишли қарорларига мувофиқ, «Ипак йўли», Asia Alliance Bank, Orient Finans ҳамда Hayot Bank'га исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар тақдим этилган.

Мазкур лицензиялар ушбу банкларга «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуни 5−1-моддасида назарда тутилган исломий молия операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Ушбу ҳужжатда ислом молиявий операцияларининг олтита асосий тури назарда тутилган:

· Музораба — иштирокчилар ўртасида фойдани тақсимлаш шарти билан молиялаштириш ёки инвестиция омонатларини жалб қилиш.

· Вакола — агентлик шартномаси асосида маблағларни тақдим этиш ёки жалб қилиш.

· Муробаҳа — товарларни келишилган устама ҳақ билан мижозга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш орқали уларнинг харидини молиялаштириш.

· Салам — товарларни кейинчалик етказиб бериш шарти билан улар учун олдиндан тўлов қилиш орқали молиялаштириш.

· Мушорака — лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш, шериклик ёки компанияларнинг устав капиталида иштирок этиш.

· Ижара — мол-мулкни исломий ижарага бериш, шу жумладан, кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан.

Регулятор, шунингдек, фуқароларга банк хизматларидан фойдаланишдан олдин танланган банкнинг тегишли лицензияси мавжудлигини Марказий банкнинг расмий сайти орқали текшириб кўришни тавсия этди.

Аввалроқ Марказий банк 23 октябрдаги қарорига асосан, Open bank акциядорлик жамиятига исломий молия хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи 1-I-сонли лицензия тақдим этганди.

Ўзбекистонда исломий банкинг

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил май ойида муҳокамага қўйилган президент қарори лойиҳаси билан Ўзбекистонда ислом банки ва молияси инфратузилмасини яратиш режалаштирилган эди.

Ҳужжат билан фоиз (рибо) кўринишидаги мукофотни тақиқлаш, фойда ва зарарларни лойиҳада иштирок этиш улушига мутаносиб равишда тадбиркор билан бўлишиш, исломий молиялаштириш тамойиллари асосида суғурта фаолияти (такафул), лизинг фаолияти (ижара), қимматли қоғозлар билан операциялар бўйича фаолият (сукук) ва бошқа операцияларни амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш белгиланди.

Тегишли қонун 2025 йил 11 ноябрда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди, Сенат томонидан 5 февраль куни маъқулланган эди.

2026 йил 25 март куни президентга тақдим этилган тақдимотда Ўзбекистонда 2026 йилда камида битта тижорат банкида «ислом дарчаси»ни ишга тушириш, 2030 йилгача эса иккита тўлақонли ислом банкини ташкил этиш режалаштирилгани айтилганди.

Таҳлилчилар Карен Срапионов ва Шодлик Назаров Gazeta’даги мақоласида сукук исломий қимматли қоғозлари қандай қилиб Ўзбекистон иқтисодиётига молиявий оқимлар манбаи бўлиши мумкинлигини тушунтиришганди.

gazeta.uz