
Хусусан, Халқаро молия корпорацияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк бор Банкда “Green banking” лойиҳаси амалиётга татбиқ этилди.
Банкнинг барча ҳудудий филиалларида яшил лойиҳалар шакллантирилиб, уларни молиялаштириш учун қўшимча маблағлар жалб қилингани ҳақида “Ўзсаноатқурилишбанк яшил лойиҳаларни молиялаштириш самарадорлиги ва истиқболлари”га бағишланган матбуот анжуманида алоҳида қайд этилди.
Унда банк раҳбарияти жаҳонда жадаллашаётган саноатлаштириш ва аҳоли сонининг ортиши иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада ошираётгани, атроф-муҳитга салбий антропоген таъсирни кучайтириб, иссиқхона газлари ажратмаларининг ортишига сабаб бўлаётгани ҳақида ҳам маълумот тақдим этди.
Шу боис давлатимиз раҳбари бошчилигида “яшил тараққиёт” борасидаги халқаро саъй-ҳаракатлар қўллаб-қувватланмоқда, чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йилда имзоланган Париж битимига кўра, ҳукуматимиз 2030 йилга бориб ҳавога зарарли газлар чиқаришни 10 фоизга камайтириш мажбуриятини олган.
Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрда қабул қилинган “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига янги стратегия ишлаб чиқишда қўл келмоқда.
Ушбу вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан тузилган битимга кўра, (умумий ҳажми 25 млн. долларга тенг) ўзлаштириладиган маблағлар миллий ва хорижий валютада жалб қилиниши, улар томонлар келишувига кўра, кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги яшил лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган.
“Green banking” йўналишида Халқаро молия корпорацияси билан белгиланган вазифалар ҳам босқичма-босқич бажарилиб келинмоқда. Хусусан, “Экологик ва ижтимоий хавфларни бошқариш” сиёсати қабул қилиниб, Банк Кредит сиёсатига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда, банк кредит ажратиш жараёнида экологик ва ижтимоий хавфлар инобатга олинади.
Корпоратив бизнес (Corporate Green Loan), кичик ва ўрта бизнес (SME Green Loan) ҳамда чакана бизнес (ипотека кредити) тармоғидаги мижозлар учун яшил маҳсулотлар ишлаб чиқилди.
– Бунда электр, сув, газ ва бошқа табиий ресурсларнинг тежалиши ва чиқиндиларнинг камайиши ҳисобига корхоналарнинг ишлаб чиқариш харажатлари арзонлашади, бир-бирлик маҳсулотга бўлган харажатнинг пасайиши, маҳсулотлар рақобатбардошлигининг ошиши ҳисобига тадбиркор даромади ортади, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ “Green banking” бошқармаси бошлиғи Бобур Султонмуродов. – Ишлаб чиқариш тизимини модернизациялаш натижасида ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, маҳсулот етиштириш ва/ёки етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, маҳсулот сифатини яхшилаб, экспорт салоҳиятини ривожлантиришга эришилади. Экологик жиҳатдан эса, зарарли газ чиқиндиларининг камайишига, табиий ресурсларнинг тежашлишига ҳамда биосферанинг сақланишига муносиб ҳисса қўшилади.
Банк биноларида энергоаудит ўтказиш масаласи юзасидан техник топшириқнома ишлаб чиқилиб, бу борада Халқаро молия корпорацияси экспертлари ёрдамида зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда Наврўз байрами арафасида ўтказилган умумхалқ ҳашари доирасида Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги Мурувват маҳалласида кўча-кўйларни ободонлаштириш, кўмакка муҳтож оилалар хонадонларини кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, Чирчиқ, Бўка ва Ангрен шаҳарларида Банк ходимлари иштирокида 11 та маҳалла гузари ҳамда 2 та масжид ҳудудларида жами 450 туп мевали ва манзарали кўчатлар экилди.
Анжуманда яшил лойиҳаларни молиялаштиришнинг самарадорлиги ва истиқболлари хусусида тўхталиниб, бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг барчаси жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётини яхшилашга, иқтисодиётда энергия самарадорликни ошириб, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга олиб келиниши таъкидланди.
Тадбирда Банк томонидан яшил лойиҳаларни молиялаштириш доирасида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга электробус сотиб олиш, “ZAMON TEKS” масъулияти чекланган жамиятининг фаолиятини кенгайтириш, “Neo Story Invest” ҳамда “Asia carpet textile” корхоналарининг ишлаб чиқариш линияларини модернизация қилиш сингари лойиҳалар юзасидан ахборот берилди.
Сайёра Шоева, Темур Мадаминов, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
17 08 2021 / 15:57