
Серқуёш заминимизда етиштирилаётган мева-сабзавотларга бугун ташқи бозорда талаб катта. Олтиариқ, Қува ва бошқа туманларда соҳага ихтисослашган кластерларнинг ташкил этилгани манфаатдорликни янада ошириб, 30-40 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятини бермоқда.
Асосийси, деҳқон меҳнатига яраша даромад топа бошлади. Кластер корхонаси эса бунга яқиндан кўмаклашмоқда. Умуман олганда, қишлоқ хўжалигида кластер тизимининг жорий этилганлиги қисқа вақт ичида ўз самарасини бера бошлади.
Барчамизга маълумки, вилоятда мева-сабзавот етиштиришда катта тажриба бор. Маҳсулотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш эса долзарб вазифа саналади. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт қилиш ҳажми 206,4 миллион долларга етказилди. Экспорт ҳажми қарийб 3 баробарга оширилишига эришилди.
Эътиборли жиҳати, 260 та экспортёр корхоналар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Жорий йилда 453 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилиб, қарийб 160 минг тоннаси экспортга йўналтирилди. Олтиариқ туманидаги «Локо агроэксим» масъулияти чекланган жамияти томонидан 23,6 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Қувасой шаҳридаги «Узсеганг» қўшма корхонаси 1,5 минг гектар ерни ўзлаштириб, гилос боғлари плантацияларини, саралаш, қадоқлаш ва сақлаш ҳамда логистика марказини ташкил этди. Ҳозирга қадар 4 миллион доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилди.
Шу билан биргаликда соҳани ривожлантириш орқали иш ўринлари яратиш, даромад топишда ҳам фойдаланилмаётган имкониятлар жуда кўп. Президентимиз раислигида ўтказилган мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида бу борадаги вазифалар белгилаб берилди. Мева-сабзавотчилик кластерлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқачиликни ривожлантириш, уларни молиялаштириш, агрохизматлар кўламини кенгайтириш бўйича янги тизим жорий этилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори эса бу борада катта имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.
Унга асосан вилоятда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 12 минг 560 гектар экин майдонлари 2022-2025 йилларда босқичма-босқич захирага қайтарилиб, аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилиши белгиланди. Бу майдонлар очиқ электрон танлов ўтказиш орқали, 10 сотихдан 1 гектаргача ўлчамда, 10 йил муддатга ижарага берилади.
–Мева-сабзавотчилик тармоғини худди пахта-ғаллачилик каби молиялаштириш тизимини йўлга қўйилиши маблағ етишмовчилиги кузатилган фермер, деҳқон хўжаликлари, кластерлар учун мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алибек Турсунов.
– Асосий эътиборни камбағалликни камайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратган ҳолда, ерларни ижарага бериш, мева-сабзавотчиликни ва томорқа хўжаликларини ривожлантириш орқали 2022 йилда 130 мингга яқин янги иш ўринлари яратиш имкониятимиз бор. Мева-сабзавотчиликни ривожлантириш илмсиз бўлмайди, албатта.
Яъни соҳага илмий ёндашиш ҳозирги замоннинг асосий талабларидан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир туманда кластер корхоналари негизида замонавий тупроқ ва маҳсулотларни таҳлил қилиш агрокимё лабораториялари, илмий марказлар ташкил этилади.
Мухтасар айтганда, бу каби ишлар аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолига аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш ва қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
М. Сулаймонов, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
26 11 2021 / 16:01