Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Мамлакатимизнинг 8 та туманида қурилиш материаллари кластерлари фаолияти йўлга қўйилади



Улашинг :



Миллий матбуот марказида ўтказилган навбатдаги анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги “Уй-жойлар қурилишини ва қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланди.

"Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси ва Қурилиш вазирлиги мутасаддилари ушбу қарорда белгиланган устувор вазифалар ва мамлакатимизда қурилиш соҳасини ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш комплексини янада ривожлантириш, ҳудудларда аҳоли учун арзон уй-жойлар қурилишини таъминлаш масалалари юзасидан фикр юритди.

– Мазкур қарорга мувофиқ, республиканинг 8 та туманида хомашёни қазиб олишдан уни қайта ишлаш, лаборатория текширувидан ўтказиш, тайёр қурилиш ва пардозбоп материаллар ишлаб чиқаришгача қўшилган қиймат занжирини яратувчи қурилиш материаллари кластерларини ташкил этиш вазифаси қўйилган, – деди “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси таркибидаги “ЎзқурилишматериалЛИТИ” МЧЖ илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази директори Саидаҳмад Раззоқов. – Шунингдек, 16 та туман ва шаҳарларида бошқа ҳудудлар билан саноат кооперациясини яратиш орқали қурилиш материаллари ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш белгиланди. Ҳар бир ҳудудда камида биттадан қурилиш материалларини ишлаб чиқаришдан тортиб кўп қаватли уй-жойлар қуришгача қўшилган қиймат занжирини яратувчи уй-жой қурилиши кластерлари фаолияти йўлга қўйилади.

Анжуманда таъкидланганидек, қарор билан ушбу ташкил этиладиган кластерларни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича 2022-2023 йилларда давлат бюджетидан 200 миллиард сўм, шундан жорий йилда 101 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Жорий йил 1 мартдан бошлаб барча юридик шахсларга республикада ишлаб чиқариладиган цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойнасини чекловларсиз тўғридан-тўғри экспортга сотишга рухсат берилди. Натижада жорий йилда қурилиш материалларининг экспорти ўтган йилга нисбатан 1,4 баробарга ошиб, 600 миллион долларга етказилади. Ушбу кўрсаткич 2026 йилга бориб 1 миллиард доллардан оширилади.

– Охирги беш йилда мамлакатимиз инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва қурилиш соҳасини ривожлантиришга катта эътибор берилди, – деди Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Элёр Комилов. – Олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида қурилиш материаллари саноти жадал ривожланмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 21 февралдаги қарори республикада қурилиш соҳасини ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш комплексини янада ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унда ҳудудларда аҳоли учун арзон уй-жойлар қурилишини таъминлаш, уй-жой қурилиши бозорида талаб ва таклиф номутаносиблигини қисқартиришга хизмат қилади. Бунда Андижон вилоятининг Улуғнор, Бухоро вилоятининг Қоровулбозор, Жиззах вилоятининг Фориш, Самарқанд вилоятининг Пахтачи, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Тошкент вилоятиниг Оҳангарон каби туманларида табиий тошни ишлаб чиқариш, пардозлаш, ғишт ва цемент ишлаб чиқаришга ҳудуднинг имкониятига қараб мослаштирилди. Шунингдек, саноат корпорациясини ташкил этиш орқали қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилаётган 14 та туман ва битта шаҳар рўйхати тасдиқланди.

Тадбирда мутасаддилар қарорда белгиланган вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилар экан, унда материалларини экспорт қилувчи корхоналарга барча давлатларга, шу жумладан, чегарадош давлатларга экспорт қилганда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача миқдорини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилишига ҳам тўхталиб ўтди.

Уларнинг қайд этишича, 2022 йил якунига қадар “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан курилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиялаштириш учун 300 миллион доллар миқдорда халқаро корпоратив облигациялари жойлаштирилади. Уй-жой қурилиши кластерларини қўллаб-қувватлаш учун 150 миллион доллар миқдорида ҳукумат кафолатисиз хорижий кредит линияларининг маблағлари жалб қилинади. 2022-2023 йилларда Давлат бюджетидан Давлат геология қўмитасига геология-қидирув ишлари учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилса, 400 та фойдали қазилма кон участкалари аукцион савдоларига чиқарилади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири


Сарлавха :
Иқтисодиёт

18 03 2022 / 16:34