Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилишда суд ва солиқ органларининг вазифаси белгилаб олинмоқда



Улашинг :


Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилишда суд ва солиқ органларининг вазифаси белгилаб олинмоқда

Тадбиркорлик субъектлари ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар, шароитлар яратиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб турибди.

Хусусан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ва солиқ хизмати органларининг масъулияти ва вазифалари аниқ механизмлар билан белгилаб олинмоқда.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди ҳамда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан «Судларда солиққа оид низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш масалалари» мавзуида ўтказилган очиқ мулоқот айни шу масалаларга бағишланди.

Тадбирда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Хожақулов,Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари М.Саидов, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг раиси Нуриддин Муродов, Тошкент шаҳар ДСБ бошлиғи Юнусжон Насимжоновлар сўзга чиқиб, тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда суд ва солиқ хизмати органларининг роли ҳақида гапириб, бу борада масъулиятни ошириш давр талаб эканлиги, солиққа оид низоларни кўриб чиқиш механизмини такомиллаштириш, солиқ органлари томонидан бериладиган бундай даъволарни судга тақдим этгунга қадар судгача ҳал этишнинг барча имкониятларидан фойдаланиш зарурлигини таъкидлашди.

Шунингдек, иштирокчилар жорий йилнинг 31 март куни видеоселектор йиғилишида давлат раҳбарининг йил якунига қадар Россия, Украина ва Беларусь билан ишлаётган корхоналарга дебитор қарздорлиги учун жарима қўлланилмаслиги тўғрисида берган вазифаси ижросига тўхталиб ўтди.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси Б.Султонов иқтисодий судларга 2021 йил ва 2022 йилнинг 1-чораги давомида давлат солиқ хизмати органлари томонидан тақдим этилган даъво ариза ва аризаларнинг кўриб чиқилиши ва натижалари тўғрисидаги таҳлилий-статистик маълумотлар ҳақида тўхталиб, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларнинг ечими юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Муродов сўзга чиқиб, давлат солиқ хизмати органларининг тадбиркорлик субъектлари томонидан иқтисодиёт соҳасидаги қонун-бузилиш ҳолатлари, жумладан, қарздорликни жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки ҳисобидан ундириш, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб-варақалари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, шунингдек, мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги муносабати билан қарздорнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги даъво ариза (аризалар) билан иқтисодий судларга мурожаат этишида солиқ органлари иш услубини замон талабларига мослаш, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигига урғу берди.

МУАММОЛАРНИНГ ЕЧИМИ БОРАСИДА...

Иши судда кўриладиган тадбиркорларга йўқ жойдан зарар етказиб қўймаслик тадбирнинг мақсадларидан бири эканлиги сезилиб турди.

Солиқ мутасаддиларидан бири банкротликка доир солиқ даъволари судьялар томонидан кўп ҳолатларда қайтарилаётганини айтиб, эътироз билдирди. Тошкент туманлараро иқтисодий суд раиси Нуриддин Муродов тадбиркорга оид ҳар бир ариза суд томонидан атрофлича ўрганилиши, агар солиқ органи аризасида хато ва камчиликлар бўлса, уни қайтаришга судья албатта ҳақли эканини маълум қилди.

Шунингдек, “Yuristkadr” телеграм канали маъмури С.Мухторалиев «Давлат раҳбари йил якунига қадар Россия, Украина ва Беларусь билан ишлаётган корхоналарга дебитор қарздорлиги учун жарима қўлланилмаслиги ҳақида кўрсатма берган эди. Энди Россия, Украина ва Беларус билан ишлаётган корхоналарга жарима қўллаш бўйича бўлаётган жорий суд ишлари нима бўлади? Топшириқ ижроси юзасидан Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси ва туманлараро иқтисодий суд қандай йўл тутади?» деган саволни ўртага ташлади.

Берилган жавобларга кўра, солиқ органлари Россия, Украина ва Беларусь билан ишлаётган корхоналар бўйича жарима қўллаш ҳаракатларини, шунингдек, судга ариза киритиш ишларини тўхтатади. Иши судда кўрилаётган тадбиркорлар бўйича ҳам Президент қўйган топшириқлардан келиб чиқиб иш тутилади. Бу борада бирор-бир муаммо бўлмайди.

Якунда иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси ИПК, Ўзбекистон Республикаси СК, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларига қатъий риоя қилиш, давлат солиқ хизмати органларининг юридик шахслардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундиришда, давлат солиқ сиёсатини амалга ошириш ҳамда солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиш, солиқларнинг ихтиёрий равишда тўланишини таъминлаш қаратилган, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ишларни такомиллаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА


Сарлавха :
Иқтисодиёт

06 04 2022 / 13:59