Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистон ташаббусларининг халқаро эътирофи



Улашинг :


Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қатор сессияларида сўзлаган нутқларида бир қатор ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Мазкур ташаббусларни бир овоздан қабул қилинаётгани эса, Президентимизни нафақат мамлакатимиз ёки Марказий Осиё, балки бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган долзарб масалаларни илгари сураётганидан далолат беради.

Жорий йил 11 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Мазкур резолюциянинг қабул қилиниши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуснинг амалий натижаси бўлди.

Энг муҳими, мазкур Резолюция миллий, хорижий ва халқаро экспертлар томонидан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгича ташқи сиёсатнинг ютуғи ва мантиқий давоми сифатида эътироф этилмоқда.

2021 йил 21 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида Президентимиз Тошкент шаҳрида 2021 йил июль ойида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурган ҳақида маълум қилган эди.

Таъкидлаш жоизки, бу БМТ томонидан қабул қилинган Президентимизнинг биринчи ташаббуси эмас. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 5 та резолюцияси қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон етакчиси 2017 йил 19 сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси бир овоздан қабул қилинган эди.

Ўзбекистон таклиф этган резолюциянинг асосий мақсади – барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдан иборат. Ҳужжатда “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик”ка ҳам чақирилган.

Яна бир муҳим жиҳат. БМТ Бош Ассамблеясининг Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияларидан тўрттаси – Марказий Осиё минтақасига бевосита тааллуқли бўлса, биттаси Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси асосида қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг ушбу янги резолюцияси нафақат Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари, балки бутун Евроосиё маконида доимий ва барқарор ривожланишга хизмат қилади. Шунингдек, бу ҳужжат икки минтақа ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида янги даврни бошлаб бериши билан аҳамиятлидир.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, мазкур ҳужжат келажакда Жанубий Осиё мамлакатлари билан таълим, фан, спорт йўналишидаги алоқаларни янада кенгроқ ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда, албатта юртимиз олий таълим муассасалари ҳамда Жанубий Осиё мамлакатлари олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигида, айниқса, спортни ривожлантиришда катта ижобий ҳисса қўшади.

Эътиборлиси, резолюция нафақат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди, балки дунёнинг турли қитъаларида жойлашган 40 га яқин мамлакат ҳаммуаллифлигида қабул қилинди. Бу давлатимиз раҳбари ташаббусининг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилганининг ифодаси бўлди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош маслаҳат органи томонидан қабул қилинган резолюцияда ушбу олий даражадаги конференция ўтказилиши ва унинг якунида икки минтақа ташқи ишлар вазирлари томонидан маъқулланган қўшма баёнот юксак баҳоланган.

Бундан ташқари, қарорда минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашда ҳудудий ташкилотларнинг муҳим ўрни эътироф этилган. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Президентининг 2022 йилни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида “Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилиш бўйича ташаббусига юқори баҳо берилган.

Резолюцияда Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни ўрнатишдаги роли, шунингдек, мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ушбу мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши ва минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашувининг муҳимлиги ҳам урғуланган.

Ҳужжатда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида қашшоқликни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш, транспорт инфратузилмасини кенгайтириш, денгиз портларига қулай, барқарор ва хавфсиз йўналишларни очадиган янги халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича асосий қоидалар ўз ифодасини топганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Резолюция, шунингдек, БМТга аъзо барча давлатларни Марказий ва Жанубий Осиёда барқарорлик ҳамда хавфсизликка умумий таҳдидлар ва хавф-хатарларга қарши курашда кучларни бирлаштиришга чақиради.

Мазкур резолюциянинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан қабул қилингани Ўзбекистон раҳбариятининг икки минтақа ўртасида тинчлик ва дўстлик, ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган давлат сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганининг яққол ифодаси бўлди.

Маҳмуд БОЛТАБОЕВ,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва

спорт университети ректори.

ЎзА


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

20 07 2022 / 12:25