Шу сабабли, соҳа мутахассислари бу борада тизимли ишларни олиб бормоқда.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқи юртимизда озиқ-овқат ҳимояси ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини қўллаб-қувватлаши ҳам бу масалада яхши натижаларга эришишда қўл келади.
Европа Иттифоқи агро-озиқ-овқат соҳасида энг йирик грант берувчи халқаро ташкилотдир. Масалан, ушбу ташкилот “Боғдорчиликни ривожлантириш лойиҳаси” доирасида мамлакатимизда илмий-тадқиқот институтлари объектлари ва лабораторияларини ривожлантириш учун 5,8 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратди. Турли ҳудудлардаги 10 та институт замонавий жиҳозлар ва янги технологиялардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Бу эса қишлоқ хўжалиги ва инновациялар тизими салоҳиятини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегациясининг Агро-озиқ-овқат сектори учун масъул дастур менежери Данута Эль Гуффнинг қайд этишича, Тошкент вилоятида Европа Иттифоқи томонидан иккита агро-озиқ-овқат объекти молиялаштирилган.
– Европа Иттифоқи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳукуматга ўз харажатларини босқичма-босқич янги стратегик муҳим соҳаларга, жумладан, фермерлар ва тадбиркорлик субъектлари, илмий-тадқиқот ва қўллаб-қувватлаш хизматларини ривожлантиришга йўналтиришда ёрдам бериш учун грант маблағлари орқали қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорлик қилади. Бу жуда жиддий сармоя бўлиб, тадқиқот институтлари агробизнеснинг ўсиши ва қишлоқлар аҳолисининг барқарор турмушини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – деди Данута Эль Гуфф.
Айтиш жоизки, ЕИнинг “Боғдорчиликни ривожлантириш лойиҳаси”дан кўзланган мақсад фермерлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари, илмий-тадқиқот институтлари ва ҳукумат ўртасида кўпроқ ҳамкорлик қилишга кўмаклашишдир. Шунингдек, у фермерларга энергия ва сувдан тежамкорлик билан озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳамда харажатларни камайтириш имконини берувчи яшил технологияларни жорий этишни ҳам ўз ичига олади.
Яқинда бир гуруҳ журналистлар учун Европа Иттифоқи Ўзбекистон бўйлаб 5,8 миллион долларлик грант маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватланган агро-озиқ-овқат тадқиқот ва синов объектларига уюштирилган медиа-турда бу ҳақда сўз борди.
Тошкент вилоятидаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Фахриддин Расуловнинг маълумот беришича, Европа Иттифоқи ушбу илмий-тадқиқот институтини модернизация қилиш учун 2,5 миллион долларга яқин молиявий ёрдам ажратган. Ушбу кўмак “Боғдорчиликни ривожлантириш лойиҳаси” доирасида Жаҳон банки ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилган.
– Лойиҳанинг мақсади мева-сабзавотчилик тармоқларининг маҳсулдорлиги ва рентабеллигини ошириш, жумладан, ўсимчилик, уруғчилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича илмий-тадқиқот қувватларини модернизация қилиш ва қўллаб-қувватлаш хизматларини кўрсатишдир. Институтимизда Европа Иттифоқининг молиявий ёрдами билан жиҳозланган замонавий лабораторияда тупроқ, сабзавот ва меваларнинг биокимёвий таҳлили олиб борилади. Шунингдек, у сабзавот ва полиз экинлари дурагайларини яратиш ҳамда юқори сифатли уруғлик материалларини олишнинг замонавий усуллари ва шартлари бўйича ҳудудий лабораторияларнинг 32 нафар иштирокчисига қўшимча тренинглар ўтказиш учун зарур бўлган маблағни ҳам ўз ичига олади. Бундан ташқари, институт ходимларига 6 ой давомида инглиз тили ўргатилди. Ҳозирги кунда институтимизда янги технология асосида ва халқаро экспертлар тавсияларини қўллаган ҳолда сабзавотларни етиштиришнинг янги усуллари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг маҳаллий иқлимга мос янги навларини етиштириляпти. Бу эса импортга қарамликни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосидир, – деди Ф.Расулов.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳам “Боғдорчиликни ривожлантириш лойиҳаси” доирасида молиявий ёрдам олди. Бугунги кунга қадар Европа Иттифоқи ушбу лаборатория сармояларини қўллаб-қувватлаш учун агентликка 1,4 миллион доллар маблағ ажратди.
Ўсимликларни карантини ва ҳимояси агентлиги лаборатория мудири Севара Хўжаева агентлик ва ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
– Aгентликка ҳар куни импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда Ўзбекистоннинг ўз маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида синовдан ўтказиш учун 500 га яқин намуналар қабул қилинади. Шу билан бирга, агентлик импорт қилинадиган маҳсулотларни Ўзбекистон аҳолиси томонидан истеъмол қилинишидан олдин тегишли сифат синовидан ўтишини таъминлайди. Ташкилотимиз маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга озиқ-овқат маҳсулотларини хорижда сотиш имконини берувчи махсус сертификат беради. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Европа Иттифоқи маблағлари лабораторияни етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг энг сўнгги ускуналари билан жиҳозлаш, маҳсулотни синовдан ўтказиш тезлиги ва ишончлилигини оширишга ёрдам берди. Яъни, микроскоплар, инкубаторлар, стерилизация машиналари каби жиҳозлар маҳсулотни синовдан ўтказиш сифати ва тезлигини оширишга хизмат қилмоқда, – деди у.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
21 07 2022 / 11:25