Ушбу соҳа энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларимизни таъминлаб беради. Шу боис ҳам ушбу соҳа ривожига доимий эътибор қаратилиб, замонавий технологияларни қўллашга, халқаро даражадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилади.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Германиянинг “Mangold Consulting” компанияси раҳбари профессор Др.Клаус Манголд билан учрашув бўлиб ўтди. Унда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев иштирок этди.
Тадбирда аграр ва озиқ-овқат хавфсизлигининг ҳозирги кундаги долзарблиги ва бу соҳаларда мамлакатларимиз ўртасида ўзаро алоқаларни ривожлантириш лозимлигига тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, тадбир давомида бутун дунёда сифатли мева ва сабзавотларга талаб юқорилиги таъкидланди. Хусусан, “Ландгард АГ” компанияси томонидан импорт қилинадиган қовун, тарвуз, помидор, ўрик, манго ва авокадолар талабгор маҳсулотлар ҳисобланади.
Учрашувда Ўзбекистон вакиллари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқлар ҳамда келгусидаги режалар бўйича маълумот берилди. Меҳмонларга кейинги йил январь ойида бўлиб ўтадиган “Яшил ҳафталик—2023” кўргазмасида қатнашиш таклифи билдирилди.
Мулоқот якунида келгусидаги режаларга тўхталиб, икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишиб олинди. Таъкидлаш жоизки, бу каби ҳамкорлик алоқалари аграр соҳа ривожида алоҳида аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
22 07 2022 / 10:12