Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Прокурорлар тадбиркорларни “Тез ёрдам” тамойили асосида ҳимоя қилмоқда



Улашинг :


Тадбиркор ҳуқуқи бузилса, қаердан ёки кимдан ёрдам сўрайди? Муаммога ўрин йўқ. Чунки уларнинг ҳам энди “тез ёрдам”и бор.

Чунки прокуратура органлари тадбиркорларга “Тез ёрдам” тамойили асосида кўмаклашмоқда. Тадбиркор ўз фаолиятида тўсқинликларга дуч келса, муаммо бўлганда, уни ўзи ҳал қила олмаса, прокуратура ходимлари уларга ёрдамга келади.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида тадбиркорлар, шу жумладан хорижий инвесторларнинг 14 минг 605 нафарига тез ёрдам кўрсатилган.

Шундан 3 минг 615 нафарига 578,1 миллиард сўм кредит, 183 нафарига 837 гa ер майдони, 299 нафарига бино ажратилиши, 419 нафарига рухсатнома берилиши, 4 минг 281 нафари муҳандислик тизимларига уланиши таъминланди. 5 минг 781 нафарига бошқа масалаларда амалий ёрдам кўрсатилди.

Натижада 5 минг 843 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, фаолият кўрсатмаётган 3 минг 616 тадбиркорлик субъектлари фаолияти тикланган. Муҳими, 11 минг 639 янги иш ўрни яратилган.

Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларининг oлдини олиш юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида тадбиркорлик субъектларига нисбатан турли ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсиқлар яратиш каби салбий ҳолатлар содир этилгани аниқланган.

Ўрганишлар натижасига кўра, масъул идораларни қонунга зид ҳужжатларини бекор қилиш юзасидан 387 та протест келтирилди. Таъсир чоралари натижасида 529 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди. Тадбиркорлар манфаати учун судларга 98,2 миллиард сўмлик 207 даъво аризаси киритилди.

Шунингдек, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 80 жиноят иши қўзғатилиб, уч мингдан зиёд тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди.

Прокуратура органлари тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида қатъий ва тизимли назорат ўрнатилган ҳолда тегишли чора - тадбирларни давом эттирмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА


Сарлавха :
Иқтисодиёт

29 07 2022 / 15:55