Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Божхона имтиёзлари тадбиркорлик учун яна бир имконият



Улашинг :


Божхона органлари томонидан мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона тўловларини ундириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан 2022 йилнинг 1 ярмида 612,6 миллиард сўмлик божхона тўловлари ундирилиб, давлат бюджетига ўтказилишига эришилди. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида эса божхона тўловларидан салкам 490 миллиард сўм имтиёзлар берилди.

– Имтиёз қўлланилган асосий товарлар таркибини технологик асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва унинг қисмлари, металл ва металл буюмлар, кимё саноати маҳсулотлари ташкил этди, – дейди бошқарманинг Даромадлар ва божхона статистикаси бўлими ходими Шавкат Хайруллаев. – Шунингдек, бошқарма томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 131 миллиард сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди. Бу эса тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилишни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилиб келмоқда. Биргина жорий йилнинг 1-ярмида 264 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, маҳсулотлар 20 га яқин хорижий давлатларга экспорт қилинган бўлиб, асосан, Канада, Франция, Россия, Туркия ва Қозоғистон давлатлари ҳисобига тўғри келмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 майдаги “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонига асосан ички истеъмол бозоридаги ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 22 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари 2023 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилган, – дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Акбар Ризоқулов. – Фармон билан жорий йил сўнгига қадар савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божининг икки баравар ставкаси қўллаш амалиёти тўхтатилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 сентябрдаги “Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғи ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилди. Натижада вилоят бўйича 2022 йилнинг сўнгги уч ойи давомида тадбиркорлик субъектларига 78,8 миллиард сўмдан ортиқ божхона тўловларини фоизсиз ва таъминот суммаларисиз 120 кунга кечиктириб тўлаш имкони берилди.

Божхона постларида жами 7116 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, 2066 та божхона кўриги жараёнлари амалга оширилди. Уларнинг 3118 таси ёки 44 фоизи “яшил йўлак”, 2706 таси ёки 38 фоизи “сариқ йўлак”, 1292 таси ёки 18 фоизи “қизил йўлак” тартибида расмийлаштирилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар божхона органларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш билан биргаликда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада ривожлантиришга сабаб бўлмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА


Сарлавха :
Иқтисодиёт

04 08 2022 / 13:28