Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан очиқ мулоқот ўтказилди



Улашинг :


Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишлаб “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан очиқ мулоқот шаклида сайёр учрашув ташкил этилди.

Учрашувда Давлат божхона қўмитасининг Божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Р.Кобилов, Фарғона вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари У.Қодиров ҳамда мутасадди бўлим бошлиқлари томонидан тадбиркорларга фармон мазмун-моҳияти, божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари турлари, божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашнинг соддалаштирилган тартиби ҳамда ушбу божхона режими доирасида фаолият юритаётган корхоналарга берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.

Маълумки, ривожланган мамлакатларнинг ташқи савдосида “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг ўрни юқори ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини ривожлантириш учун қатор енгиллик ва имкониятлар яратилмоқда.

Авваллари товарларни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган маҳсулотларни реэкспорт қилганда тадбиркорларга енгилликлар бўлмаган. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, буғдойни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган ун маҳсулотини реэкспорт қилишда ташиш харажатига 1 тонна унга 50 АҚШ доллар сарфланган бўлса, эндиликда 25 АҚШ доллари компенсация қилиб берилади.

Божхона соҳасига оид юқоридаги фармон тадбиркорлар учун валюта тушуми таъминловисиз экспорт қилиш, ташиш ва суғурта харажатларини 50 % гача компенсация қилиш, молиявий ресурслар (субсидия ва имтиёзли кредитлар)ни тақдим этиш, божхона расмийлаштируви учун йиғимлар ундирилмаслиги каби қулайликларни яратди.

Очиқ мулоқотда мазкур фармон бўйича тадбиркорларни қизиқтирган саволларига божхона ходимлари томонидан батафсил жавоб берилди.

Учрашув сўнггида иштирокчилар “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида велосипед ишлаб чиқараётган “KOKAND BICYCLES” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА.


Сарлавха :
Иқтисодиёт

09 08 2022 / 14:15