Президентимизнинг жорий йилдаги «Тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти»ни ўтказиш учун кўрилаётган тайёргарликлар қандай бўляпти? Бу ҳақда Бизнес-омбудсман девони етакчиси Д.Алимуҳамедов қуйидагиларни гапириб берди.
– Жорий йилда ҳам Президентимизнинг «Тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти»ни ўтказиш учун ҳам қизғин жараёнлар амалга оширилмоқда. – Хусусан, ташкил этилган республика штабида 70 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотлар масъул ходимлари 7 та ишчи гуруҳларга бўлиниб, 15 та йўналишда келиб тушаётган таклиф ва тизимли муаммолар соҳаларга ажратилиб сараланмоқда ҳамда ечимини топиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорлар мурожаатлари республика штабига 1094 қисқа рақами ёки taklif2022.uz сайти орқали қабул қилинмоқда.
Жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, Республика штабига 7 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатлар соҳалар кесимида кўриб чиқилса, қуйидагиларни ташкил этади.
Жумладан, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси бўйича 273 та, қурилиш соҳаси бўйича 47 та, бизнесни молиялаштириш, кредитлаш ва субсидиялар бўйича 711 та, бизнесни бошлаш юзасидан 87 та, ер ажратиш масаласида 704 та, бино ажратиш ва хусусийлаштириш бўйича 98 та, хусусий мулкни ҳимоя қилиш бўйича 73 та, солиқ тизими бўйича 751 та, савдо, шу жумладан, божхона-тариф ва нотариф тўсиқлар бўйича 85 та, имтиёз ва преференциялар бўйича 66 та, рухсатнома ва лицензиялар бериш, сертификатлаштириш ва бошқалар бўйича 50 та, давлат бошқарув органлари фаолияти ва уларнинг иқтисодиётга аралашуви бўйича 90 та, биржа фаолияти 26 та, давлат харидлари бўйича 11 та, бошқа масалалар 2467 тани ташкил этади.
Қувонарлиси, бу йил тадбиркорлар томонидан ўз йўналишлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таклифлар бериш сони кўпайган.
Келиб тушган 7 мингдан ортиқ мурожаатларда 1400 дан (20 фоиз) ортиқ турли таклифлар билдирилган.
Ҳудудлар кесимида Қашқадарё, Наманган, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри тадбиркорларидан мурожаатлар ва таклифлар кўп келиб тушган.
Республика штабига жалб қилинган Бизнес-омбудсман девонига ҳам турли масалалар юзасидан мурожаатлар ва таклифлар келиб тушган бўлиб, Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан чуқур ўрганиб чиқилиб, тадбиркорларга амалий ҳамда ҳуқуқий ёрдам берилмоқда.
Масалан, «ОВ» фермер хўжалиги (номи ўзгартирилган) тегишли давлат муассаса ходимлари томонидан унинг ер участкасига белгиланган меъёрда сув берилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Бизнес-омбудсманнинг аралашувидан сўнг тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбиркорга белгиланган меъёрда сув берилиши таъминланган.
Шунингдек, тадбиркор Б.Р. ўз мурожаатида унга тегишли фермер хўжалигининг ер майдони ўлчаб берилмаётганлиги ва ер майдонлари геопорталида координата нуқталари белгиланмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорнинг ер майдонида ўлчаш ишлари амалга оширилишида ҳамда геопорталда координата нуқталари белгиланишида амалий ёрдам берилди.
Дарҳақиқат, унутмаслигимиз лозимки, мамлакат иқтисодиётининг муҳим бўғини тадбиркорлар ҳисобланади.
Гулноза Бобоева,ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
10 08 2022 / 10:39