Дунёнинг 50 дан зиёд давлати иштирок этаётган бу йилги тадбирда Ўзбекистон ҳам “асосий ҳамкор” ва “фахрий меҳмон давлат” мақомида қатнашяпти. Мамлакатимизга 630 квадрат/метр кенг майдон ажратилган.
Ўзбекистон номидан Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев видеомаъруза орқали республикамизнинг бугунги тараққиёти, инвестиция ва экспорт салоҳияти, Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий алоқаларига атрофлича тўхталди.
Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев икки давлат ҳамкорлигининг бугунги ривожланиш жараёнига тўхталаркан, савдо-иқтисодий алоқа, Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ўртасидаги ҳамкорлик сингари масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига мамлакатимизнинг туризм ва экспорт салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Хитойнинг юқори мартабали расмийлари Ўзбекистон павильонида намойишга қўйилган тўқимачилик, ипак, чарм-саноат, ширинлик-қандолат, ҳунармандлик ва кабель маҳсулотлари, шунингдек, маъданли сув, табиий асал, доривор ўсимликлар, қуритилган мева ва бошқа товарлар намунаси билан танишди.
- Ўзбекистон анжуманда илк бор асосий ҳамкор сифатида иштирок этаётгани қувонарли, - дейди Шэньси халқаро савдони ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбораси Чжэн Дунпин. - Кўргазма орқали иштирокчилар мамлакатингизнинг экспорт салоҳияти хусусида атрофлича, шунингдек ҳар бир маҳсулот ҳақида алоҳида тасаввурга эга бўлди. Бу ҳолат Ўзбекистонга нисбатан қизиқишни янада орттиради. Ишонаманки, келажакда савдо-иқтисодиёт, маданият, туризм каби йўналишлардаги муносабатимиз изчил ривожланиб боради.
Шу ўринда ШҲТ намунавий зонаси маъмурияти директори ўринбосари Сиан Чжецян фикрини ҳам келтириш жоиз:
- “Ипак йўли” Олтинчи халқаро кўргазмасининг энг катта павильони Ўзбекистонга тегишли. Айтиш жоиз, мамлакатингизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифати ва замонавийлиги билан ажралиб турибди. Жуда харидоргир ҳисобланган бундай товарларга йилдан йилга талаб ортмоқда. Демак, келгусида ҳам мамлакатингиздан кўплаб турли маҳсулотлар Хитойга экспорт қилинади.
Умуман, ишлаб чиқарувчиларимизнинг хорижий ярмаркаларда қатнашиши Ўзбекистон бозорини янада кенгайтиришга хизмат қилиши тайин.
“Суйфеньхэ Динхон” савдо компанияси директори Мин Син таъкидлашича, унинг жамоаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қандолат маҳсулотларининг Хитойга импортини йўлга қўйган. Компания мазкур кўргазмада айнан Ўзбекистондан олиб кетилган маҳсулотлари билан қатнашяпти. Ширинликларимиз юқори сифати билан Хитой бозорида ҳам истеъмолчилар ишончини қозонди. Яқин келажакда юртимиз қандолатпазларига буюртма миқдори уч баробар ошиши кутиляпти.
ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
18 08 2022 / 16:54