Куннинг иккинчи ярмида “Давлат бошқарув органлари фаолияти ва уларнинг иқтисодиётга аралашуви, коррупция ҳамда бюрократик тўсиқлар” мавзусида давра суҳбати қизғин тус олди.
Анжуманда тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва иқтисодий қонунчиликни янада кучайтириш, уларнинг ижросини таъминлаш муҳим вазифа экани таъкидланди.
Иштирокчилар томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган ташкилотлар, банкларда коррупцияга қарши курашиш масалаларига оид тақдимотлар намойиш қилинди.
Турли вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 300 дан зиёд норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ўрганиб чиқилди, уларнинг 35 фоизида тадбиркорликка тўсиқ бўлувчи ва коррупцияга шароит яратувчи қоидалар аниқланган.
– Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан бирга бюрократик омиллар ва эскирган талаблардан воз кечиб, замон талабига мос, энг муҳими адолатли ва шаффоф механизмлар жорий этилди, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев нутқи давомида. – Тараққиётимизнинг янги босқичида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида қисқа муддатда прокуратура органлари тадбиркорлар ҳуқуқи ва қонуний манфаатини том маънода ҳимоя қилувчи тизимга айланди.
Учрашувда, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда бюрократик тўсиқларни олдини олиш бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисида маъруза ҳам бўлиб ўтди.
Кейинги секцияда рухсатнома ва лицензия бериш, сертификатлаштириш билан боғлиқ кенг қамровли ислоҳотлар, турли йўналишда фаолият юритаётган ишбилармонлар муаммосини бартараф этиш юзасидан айрим масалалар илгари сурилди.
Тадбирда ер қаърини геологик ўрганиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, минерал хомашёни қайта ишлаш, шунингдек, кончилик ишларини геологик-маркшейдерлик таъминлашда юридик ва жисмоний шахслар томонидан ер қаъридан фойдаланишда лицензия бериш тартиби муҳокама қилинди.
Ўсимликлар карантини ҳимояси ва агрокимё соҳаларини янада такомиллаштириш, фармацевтика йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорларга рухсатнома ва лицензия бериш каби чоралар юзасидан фикр алмашилди.
Шундай қилиб “Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталиги” якунланди.
Б.Худойбердиев, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
19 08 2022 / 14:19