Мисол учун битта тадбиркор, камида 5 та иш ўрни яратади. Агарда юзлаб одамларнинг тадбиркор бўлишига амалий ёрдам берилса, бунёдкорлик янада кенг қулоч ёзади. Бунинг натижасида минглаб оилаларга ризқ-рўз киради. Тадбиркорликни кенгайтириш учун ишбилармон кишига эмин-эркин ишлаши учун шароит яратиб берилса, қўллаб-қувватланса унинг фаолияти кенгайиб бораверади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларга ана шундай шароит билан бирга, кенг имкониятлар, соҳа ривожи учун катта шароитлар яратилмоқда.
Илгари тадбиркорлик субъектларида кредит билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд эди. Эндиликда тадбиркорлик субъектларини кредитлаш жараёни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, 2021 йил 1 майдан бошлаб, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан кичик тадбиркорлик субъектларига миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун бериладиган компенсацияни, унинг белгиланган миқдорларини сақлаб қолинган ҳолда тақдим этиш йўлга қўйилди.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 75 фоизигача, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик бериш, тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари бўйича компенсация ва кафилликларни кредит шартномалари сонидан қатъи назар бериш жорий этилди.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни молиявий манба билан таъминлаш мақсадларига 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ ажратиши белгиланди.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Дарҳақиқат, бу борада бошланган ислоҳотлар қисқа вақтда янада фаоллашди.
Айни кунларда юртимизда байрам шукуҳи кезиб юрибди. Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилмоқда.
Куни кеча Мустақиллигимизнинг 31 йиллик шодиёнаси арафасида ишбилармон доира вакиллари учун йилнинг энг кутилган воқелиги бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашуви бўлди. Бу учрашув ишбилармон доира вакилларига ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан учрашувда 5 та муҳим йўналиш бўйича янги имтиёз ва имкониятлар берилишини қайд этди. Бизнес юриб кетиши учун етарли шарт-шароит, инфратузилма ва кафолатли бозор керак. Шу сабабли, туман ва шаҳарларнинг шароитидан келиб чиқиб, бизнес учун алоҳида ёндашувларни жорий этилиши таъкидланди. Шунингдек, хусусийлаштириш учун белгиланган ер солиғининг 20 карраси миқдоридаги тўлов Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 10 каррага (яъни, 1 сотих учун ўртача 6 миллион сўмга), бошқа ҳудудларда 5 каррага (1 миллион сўм) пасайтирилади.
Биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди. Бунинг ўрнига камчиликларни бартараф этишга солиқ идоралари кўмакчи бўладиган тизим жорий этилади. Жарималар миқдори ҳам тадбиркорларнинг тўлаётган солиғидан ошиб кетмаслиги керак. Шу билан бирга, кўплаб тадбиркорларимизни қийнаб келган яна бир масала – амалдаги тартиб бўйича юридик шахс тугатилганида, унинг ерга бўлган ҳуқуқи ҳам бекор қилинмоқда. (Бу тартиб 1998 йилда ўрнатилган ва ўша вақтда ернинг бозор қиймати бўлмаган.
Бундан буён аукционда ер сотиб олган тадбиркор бирор-бир сабабга кўра фаолиятини якунласа, унинг ерга бўлган ҳуқуқи албатта сақланиб қолинади. Соҳа вакилларига бўлган бундай эътибор ва ишонч тадбиркорларимизга катта куч ва мотивация берди.
– Тўқимачилик соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман, – дейди тадбиркор Илҳом Шукуров. – Корхонамизда ўтган йили 7,5 миллиардлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бунда солиқ тўловлари 1 миллиард сўмга яқинлашган эди. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлган учрашувларида биз кутган бир қатор енгилликлар тақдим этилди. Буни барча тадбиркорлар мамнуният билан кутиб олди. Мисол учун, биргина қўшилган қиймат солиғини 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши шахсан бизнинг корхонамиз ҳисобида келажакда бир йилда 300 миллион сўм иқтисод қилиш имконини беради. Яна божхона, кредит бўйича имтиёзлар берилиши айтиб ўтилди. Шуни ҳам айтиш ўринли, солиқ соҳасида йўлга қўйилган камчиликлар учун жазолашни бекор қилиш бўйича енгилликлар яратилиши яна бир қувонарли янгилик. Ҳозиргача билиб билмай, кутмаган ҳолда солиқ ёки бошқа органлардан камчиликка йўл қўйган тадбиркорлар жарима тўлар эди. Эндиликда ўша қўлланилган жазо маблағлари ўзида қолиши имконияти яратилади. Энди тадбиркорларимиз ўша маблағни тадбиркорликни ривожлантиришга, ишлаб чиқаришини кенгайтиришга ишлатади. Бунинг натижасида янги иш ўринлари яратилади. Бу учрашувдан мен ўзимга катта куч олдим.
Шуни ҳам айтиш жоиз, мазкур мулоқотда давлатимиз раҳбари 29 нафар бизнес вакилларининг фидокорона меҳнатини эътироф этиб, давлатимизнинг юксак орден ва медалларини топширди. Тошкентлик тадбиркор Фарҳод Ботиров шулардан бири. У “Шуҳрат” медали соҳиби бўлди.
– Президентимиз тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида тадбиркорларни қийнаб келаётган қатор муаммоларга эътибор қаратди, –дейди Фарҳод Ботиров. – Бир қатор имкониятлар яратилди. Айниқса, экспорт, импорт йўналишида кредит масалаларида гаров таъминотларида муаммоларга дуч келар эдик. Бу борада ҳам имкониятлар яратилди. Илгари тадбиркорларда ер хусусий мулк бўлмас эди. Мана ҳозирда тадбиркорларга хусусий мулк қилиб берилди. Ўтган йилги пандемияда олинган валютадаги кредитлар сўмга айлантирилди. Бунинг натижасида минглаб тадбиркорлар зиён қилмасдан валютани сўмда тўлашди. Давлатимиз раҳбари кечаги иккинчи мулоқотда ўтган йилдагидан ҳам кўпроқ ташаббуслар билан чиқди. Бу соҳамизда ғов бўлаётган муаммоларга ечим бўлади. Бу бизга катта куч ва ғайрат бағишлади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда бизнес вакилларига эмин-эркин ишлаши учун қулай шарт-шароит яратилмоқда. Бунинг самарасида, тадбиркор бўламан, деган инсонлар сони ортиб бормоқда. Эътиборлиси, улар орасида хотин-қизлар, ёшлар сафи ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Энг муҳими, бугун нафақат вазирлик ва идоралар, балки давлатимиз раҳбари ишбилармонларнинг дардини тинглаб, фаолиятидаги муаммоларига ечим топиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА мухбири
Сарлавха :
Иқтисодиёт
24 08 2022 / 13:25