Москва шаҳрида
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо
вазири Сардор Умурзоқовнинг Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис
Мантуров билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида
инвестициялар ва саноат кооперацияси соҳасида Ўзбекистон – Россия ҳамкорлиги,
қатор истиқболли инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқилиши ҳамда қўшма тадбирларга
тайёргарликнинг жорий ҳолати билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида
томонлар фармацевтика, металлургия, машинасозлик, авиасозлик ва иқтисодиётнинг
бошқа соҳаларида истиқболли лойиҳаларни шакллантиришга катта эътибор
қаратдилар. Шу билан бирга икки мамлакатнинг тегишли вазирлик, идоралари ва
хусусий сектор компаниялари даражасида ҳамкорликни ривожлантиришга оид
навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.
Ўзбекистон ва Россия
корхоналари ўртасида, жумладан, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика
ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш имконияти кўриб чиқилди.
Мамлакатимиз
вазирлик, идоралари ва ҳудудий маъмуриятлари делегацияларининг РФ ҳудудларига
режалаштирилган ташрифлари чоғида икки томонлама янги инвестиция ва савдо
битимларини биргаликда ишлаб чиқишни фаоллаштиришга келишилди.
Ўзбекистон
Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси
Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ташкил этилган Лойиҳа офиси доирасида янги
қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масаласи атрофлича муҳокама этилди.
5,8 миллиард
долларлик 104 та лойиҳани ўз ичига олган Саноат кооперацияси соҳасидаги
ҳамкорлик дастурини ҳаётга татбиқ этишда биргаликда амалга оширилган ишлар
сарҳисоб қилинди, навбатдаги тадбирлар белгиланди.
Томонлар, шунингдек,
илгари маъқулланган Амалиёт ва ўқув дастури асосида РФ Саноат ва савдо
вазирлигида тармоқлар саноатини ривожлантириш соҳаси бўйича Ўзбекистон давлат
хизматчилари малака оширишларини таъминлаш бўйича ишларни жадаллаштиришга
келишиб олдилар.
Бундан ташқари
Минтақалараро ҳамкорлик II Форуми, “Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси” (“ХХЮК”)
Бутунроссия кўргазма маркази ҳудудидаги 66-павильонда Ўзбекистон Республикаси
кўргазма-маданий марказининг очилиши, Москва шаҳрида “Ўзбекистонда ишлаб
чиқарилган” маҳсулотлар Миллий кўргазмаси намойиши, шунингдек, Медиа форуми,
Таълим форуми каби қўшма тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ
масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида
томонлар белгиланган муддатларда аниқ натижаларга эришиш мақсадида ўзаро
манфаатлар кесишаётган барча соҳаларда фаол ва тизимли иш олиб боришга содиқлик
билдирдилар.
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
16 03 2021 / 16:04