Президентимиз томонидан беш йўналиш бўйича берилган таклифларнинг барчаси ушбу соҳада меҳнат қилаётган ишбилармонлар учун жуда катта имтиёздир. Жумладан, корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашув белгиланди ва тез ўсиб бораётган салоҳияти юқори бўлган ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.
Бунинг учун келгуси йилдан кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди. Шунингдек, мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади. Тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини жорий этиш мақсадида кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтирилиши ҳам катта имконият.
Эндиликда янгидан фаолият бошлаган тадбиркорларнинг кичик лойиҳалари учун 300 миллион сўмгача кредит 5 йил муддатга, 2 йилгача имтиёзли давр билан берилади. 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилиши, тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечилиши, ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилиши, тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилиниши ҳам бу йилги мулоқотнинг ўзига хос жиҳатлари бўлди.
Туман ва шаҳарларда тадбиркорлар хиёбонлари ташкил этиш ташаббуси билдирилиши, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ваколатларининг кенгайтирилишини ҳам барчамиз қўллаб-қувватладик. 2017 йилда ташкил этилган бизнинг заводимиз йилига ўн турдан ортиқ 1200 та энерго тежамкор трансформатор ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирда 80 нафарга яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Корхонамизда янги лойиҳаларни ишга тушириш натижасида яна бир неча турдаги электр ускуналари тайёрлаяпмиз. Лекин шу пайтгача импорт ва логистика масаласида айрим муаммоларимиз бор эди.
Президентимиз маърузасида билдирилган ташаббуслар туфайли бу муаммоларимиз ҳал этиладиган бўлди. Бугунги кунда биз кўп тармоқли корхона сифатида интенсив боғ, тикувчилик цехи ташкил этганмиз, шунингдек, мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйганмиз. Лекин бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Бугун ишлаш учун имконият берилаётган экан, бундан фойдаланишимиз керак. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириб, 500 та янги иш ўрни яратишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Давлатимиз раҳбарининг очиқ мулоқоти бизнинг бу интилиш ва ҳаракатларимизга куч бағишлайди.
Анвар Норбоев,
“Каттақўрғон электротехника заводи” МЧЖ раҳбари
ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
25 08 2022 / 10:30