2021 йил 20 август куни давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида тадбиркорлардан тушган минглаб мурожаатларда кўтарилган муаммолар бўйича дастур, 70 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бизнесни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун 130 триллион сўм кредит, 3,5 триллион сўмлик субсидия ва компенсациялар ажратилди. Ўтган йили хорижий валютада кредит олган ва валюта курсининг мунтазам ўсиши сабабли қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларга 123 миллион долларга тенг кредитлари миллий валютага ўтказиб берилди. Шунинг ҳисобига мамлакатимизда экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етди, умумий экспорт ҳажми 30 фоиз кўпайди.
Шу йил 22 август куни Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти бу борадаги ишларни янада изчил давом эттиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси томонидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан келиб чиқувчи партия тузилмалари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбирни ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Ёқубов кириш сўзи билан очиб, юртимизда тадбиркорларга яратилган шароитлар, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъмишлашда партия ташкилотлари ва депутатлар зиммасидаги масъулият борасида тўхталди.
Шундан сўнг парламент қуйи палатасидаги партия фракцияси аъзоси Дурбек Аҳмедов Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалар моҳияти хусусида маъруза қилди.
— Мулоқотда бешта асосий йўналиш кўрсатиб ўтилди, уларнинг ҳар бири бўйича кўплаб ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида ёндошув тизимини яратиш, солиқ юкини камайтириш, кўчмас мулкка эгалик қилиш, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, бунда фақат судларнинг қарорлари асосида иш юритилиши каби қатор имтиёз ва енгилликлар берилиши мамлакатимизда бизнес муҳитини янада яхшилаш йўлида муҳим қадам бўлди. Бу каби енгилликлар нафақат тадбиркорлар манфаатига, балки халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашга, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари арзонлашувига, Ватанимиз довруғини дунёга ёядиган фидойи ва жонкуяр тадбиркорларимиз сафи янада кенгайишига хизмат қилади. Ҳар бир вилоятда “Тадбиркорлар хиёбони”ни барпо қилиш, унда “Фаровонлик бунёдкорлари” деб номланувчи кўргазмаларнинг намойиш қилиниши, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” унвонининг таъсис этилиши тадбиркорларимизга қанот бағишлади, — деди Дурбек Аҳмедов.
Йиғилишда партия электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар манфаатини ҳимоя қилиш, қонунчилик ташаббусларини илгари суриш, партия Call-марказига келиб тушаётган мурожаатларни тегишли вазирлик ва ташкилотлар орқали мунтазам ўрганиб, ижобий ҳал этиб бориш вазифалари белгилаб олинди. Шунингдек, партия ва унинг барча бўғинидаги тузилмалари, депутатлари давлатимиз раҳбари томонидан берилган имтиёзлар ҳақида тадбиркорларга батафсил тушунтириб бориши зарурлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда иштирок этган тадбиркорларнинг фикрлари билан қизиқдик.
— Давлатимиз раҳбари бошчилигида биз тадбиркорларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар натижасида фаолиятимиз кенгайиб бормоқда, — дейди Андижон вилоятидаги “Nil-granit” МЧЖ раҳбари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби Бахтиёржон Тўлқинов. — Айниқса, ўтган йили давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан сўнг тадбиркорлик соҳасидаги айрим тўсиқ ва муаммолар олиб ташланди, қатор енгиллик ва имтиёзлар берилди. Тўқимачилик корхонамиз 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 10 мингдан ортиқ ишчи ходимлар фаолият олиб бормоқда. Ўтган 2021 йилда 45 та давлатга 35 миллион долларлик мато ва трикотаж маҳсулотларини экспорт қилган бўлсак, жорий ярим йилнинг ўзида 30 миллион доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилишга эришдик. Йил якунига қадар экспорт салоҳиятимизни 65-70 миллион долларга етказиш ниятидамиз. Бунда, албатта, юртимизда тадбиркорлик субъектлари учун берилаётган имтиёз ва енгилликлар муҳим ўрин тутади. Маълумки, шу йил Президентимиз фармойиши билан мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини оширишда алоҳида ибрат кўрсатаётган, шунингдек, бизнесдаги муваффақиятлари ҳамда ижтимоий фаоллиги билан намуна бўлаётган бир гуруҳ тадбиркорлар “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида мен ҳам ушбу кўкрак нишонига муносиб кўрилганимдан мамнун бўлдим. Бу, албатта, ёш тадбиркор сифатида зиммамга янада масъулият юклайди. Келгусида яратилган шароитлардан астойдил фойдаланиб, соҳа ривожига янада катта ҳисса қўшамиз.
Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъмишлаш ва тарғиботи юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
26 08 2022 / 11:43