Делегация таркибида Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Паррандасаноат» уюшмаси, Ўзбекистон Агро ахборот-инновация маркази ҳамда “Annexure Financial Solutions Limited” консалтинг компанияси вакиллари ҳам бўлди.
Улар Чехия Республикаси Аграр палаталари, Аграр уюшмаси, Давлат ветеринария хизмати, «Dominant» уй шароитидаги паррандачиликни ривожлантириш компанияси, уруғчилик ва қишлоқ хўжалиги учун махсус ускуналар ишлаб чиқарувчи “JK Machinery” компанияси раҳбарлари билан ҳамкорлик ўрнатиши кутилмоқда.
Шу мақсадда делегация Чехия аграр сиёсатини, қишлоқ хўжалиги соҳасини молиялаштириш ва субсидиялаш тизими билан танишиш, инкубатор ва ветеринария ускуналарини харид қилиш борасида музокаралар олиб борди. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва Чехия Республикаси техник ва грант маблағларини жалб қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистондан борган вакиллар «Země živitelka 2022» (Земля кормилитса 2022) Халқаро кўргазмасининг расмий очилишида иштирок этди.
Чехия Республикаси парламенти депутатлар палатасининг Қишлоқ хўжалиги қўмитаси раиси Кучера Михаил Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда биргаликда лойиҳалар юритиш борасида фикр билдирди.
Кун тартибида бўлган мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавотларни Чехия давлатига экспорт қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатимизнинг аграр йўналишдаги ташкилотлари ишчиларини ўқитиш учун Чехиядан малакали мутахассисларни жалб қилиш, Чехияда етиштириладиган резавор маҳсулотлар ва манзарали дарахтларни етиштириш агротехнологияларини ҳамда агротуризм инфратузилмаси борасида ҳам янгиликлар муҳокама қилинди.
ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
29 08 2022 / 15:44