Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистон – Туркманистон: савдо айланмаси йил давомида 9 фоиз ўсди



Улашинг :


Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Ботир Атдаев бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Тадбирда Туркманистон Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, икки давлат Савдо-саноат палаталари ҳамда дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Мулоқотда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболи, саноат кооперацияси ҳамда икки давлат транспорт-логистика салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Туркманистон Ўзбекистоннинг яқин стратегик ҳамкори экани, мамлакатларимиз ўртасида ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги алоқани янги босқичга кўтариш, янги йўналишларни белгилаган ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

Масалан, 2021 йил давлатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 67 фоиз ошиб, 902 миллион долларга етди. Жорий йил бошидан бу кўрсаткич 9 фоиз ўсиб, 486 миллион долларни ташкил этди. Томонлар яқин келажакда ўзаро савдо ва хизмат қийматини 2 миллиард долларга етказиш, жумладан, учинчи давлатлардан, деярли, 1 миллиард долларлик импортни алмаштириш бўйича зарур чораларни кўришга тайёрлиги билдирилди.

Шу билан бирга умумий қиймати 418,4 миллион долларлик 9 та савдо шартномасини амалга ошириш, 6 ва 10 майдонли Лебап - Бухоро ва Тошҳовуз - Хоразм чегара савдо зоналари қурилишини фаоллаштириш зарурлиги маъқулланди.

Тадбир давомида сармоявий ҳамкорлик истиқболи ҳам кўриб чиқилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Туркманистон капитали иштирокидаги 173 корхона фаолият юритмоқда. Икки давлат ҳудудида тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар сонини сезиларли даражада ошириш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, денгиз портлари имкониятидан фойдаланган ҳолда халқаро транспорт йўлаклари бўйлаб тажриба ташувини ташкил этишни фаоллаштириш орқали транспорт-логистика алоқасини кенгайтириш имконияти муҳокама қилинди.

Делегацияларнинг кенгайтирилган таркибдаги учрашувида масъул раҳбарларнинг транспорт, божхона, энергетика ва кимё саноати бўйича ҳамкорликка оид фикрлари тингланди.

Учрашув якунида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида муҳокама қилинган барча йўналишлар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА


Сарлавха :
Иқтисодиёт

08 09 2022 / 10:34